МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ АРАФАСИДА 28 ФУҚАРО МУДДАТИДАН ОЛДИН ШАРТЛИ ОЗОД ЭТИЛДИ

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Алпомиш” маҳалла фуқаролар йиғинида суд томонидан турли жазоларга ҳукм қилинган маҳкумлар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.


Ушбу тадбир жиноят ишлари бўйича пойтахтимизда Мирзо Улуғбек туман суди ва туман ИИО ФМБ Пробация гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Сайёр суд мажлисида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш жазоларига суд томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси талаблари асосида жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги 30 дан ортиқ тақдимнома кўриб чиқилди.
Натижада, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган 28 маҳкум Жиноят кодексининг инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Бу адашган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари учун Мустақиллик байрами туҳфаси бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддаси
3-қисмининг “а” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 2017 йил 28 декабрдаги ажримга асосан 2 йил 7 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилган маҳкум А.Мирзаев муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек,Ф.Қосимов жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2018 йил 1 июндаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖК 276-моддаси 1-қисми билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган бўлиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани учун 1 йил ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддатидан илгари шартли озод қилинди.

– Ушбу турдаги ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқишдан кўзланган асосий мақсад, суд ишида иштирок этаётган бошқа маҳкумлар ҳам қайта жиноят содир этмаслик, қатъий тузалиш йўлига ўтиб, жазони ўташ учун ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя этган ҳолда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлишган тақдирда уларни ҳам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қонун билан кафолатланишини тушунтиришдан иборат, – дейди Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси Ф.Тўрахўжаев.

Сайёр суд мажлиси якунида маҳкумларга қонун санкциясида қўлланилган моддалар бирма-бир тушунтириб ўтилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: