ЮРТИМИЗДА ИЛК БОР ТЎРТТА СУД БИТТА БИНОДА ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида янгидан бунёд этилган судлар биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. Комилов, Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқиб, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида судларни чинакам адолат қўрғонига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

7 миллиард сўм маблағ сарфланиб бунёд этилган бинода республикамизда илк бор тўрт суд – Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди, фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди, Тойлоқ туман маъмурий суди ҳамда жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди фаолият юритади. Ҳар бир суд учун белгиланган тартиб бўйича маъмурий хоналар, суд заллари, фуқароларни қабул қилиш учун махсус хоналар ажратилган.

– Шу пайтгача туман марказидаги собиқ қишлоқ хўжалиги бўлими маъмурий биносида фаолият юритганмиз, – дейди жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди раиси Марат Эргашев. – Мослаштирилган бинода қатор муаммоларга дуч келардик. Айниқса, фуқаролар шарт-шароитлардан норози бўлар, баъзи ҳолларда бошқа судлар билан боғлиқ масалалар юзага келса, сарсонгарчиликдан аҳоли ҳам, биз ҳам қийналардик. Тўртта суднинг битта бинода жойлашганлиги ана шундай оворагарчиликларнинг олдини олади. Шунингдек, интерактив хизматларнинг йўлга қўйилганлиги фуқароларнинг ортиқча вақт ва харажатни бартараф этади.

Тадбир иштирокчилари бинода яратилган имкониятлар, суд жараёнларига татбиқ этилаётган замонавий технологиялар ва улардан фойдаланиш имкониятлари билан яқиндан танишди. Бу ерда ўрнатилган инфокиоска орқали фуқаролар ўзлари даъво аризалари киритишлари, суд ҳукмларидан нусха олишлари ва шу каби бошқа имкониятлардан мустақил фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, белгиланган суд мажлисларининг ўтказилиш вақтлари билан танишиш имконияти мавжуд. 

– Ушбу замонавий бинода яратилган шароитларни кўриб соҳада меҳнат қилаётган ёшларга ҳавасим келди, – дейди суд соҳаси фахрийси Талъат Бобомуродов. – Биз фаолият юритган бинолар мослаштирилган бўлиб, у ерда ходимлар ишлаши, фуқаролар учун етарли шароит яратилмаган эди. Эндиликда бундай масканларда фаолият юритаётган судлар одиллик билан адолатни асосий мезон қилиб ишлашлари керак. Чунки, давлатимиз раҳбарининг соҳага оид ислоҳотлари натижасида фуқароларнинг судларга ишончи ортмоқда. Судлар энди ана шундай юксак ишончга муносиб бўлиши шарт ва зарур.

Шу куни Иштихон туманида ҳам судлар учун янги бино фойдаланишга топширилди.

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: