КОРРУПЦИЯ — ХАВФЛИ ИЛЛАТ ЁКИ НОГИРОНГА ҚИЛИНГАН ТАМАГИРЛИК ХУСУСИДА

Ҳаётда ўзгалар ҳақига кўз тикиш, нопок луқмадан ҳазар қилмаслик иллатлари ҳеч қачон яхшилик билан якун топмайди. Бундан ҳам ёмони шундаки, мансабдор шахснинг мансаб мавқеидан фойдаланиб, фуқарони пора беришга мажбур этадиган шароитга солиб қўйишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Афсуски, ҳаётда шундай мисоллар ҳам учраб туради. Яқинда суд томонидан ногирон шахсдан пора талаб қилган тамагирга нисбатан ҳукм ўқилди…

Аниқроқ айтганда, Турдигул Яхшибоевага (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2018 йил февраль ойида тиббий комиссия томонидан бир йил муддатга иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган эди. Бу­ни қарангки, кўз очиб юмгунча бу фурсат ўтиб кетди. Шу боис Т. Яхшибоева ногиронлик муддатини узайтириш мақсадида касаллиги билан боғлиқ ҳужжатларни тўплади-да, вилоят тиббий меҳнат экспертизаси маъмурий биноси томон йўл олди.

Т. Яхшибоева давлат ташкилоти ҳи­собланган 44-сонли Навоий туманлараро тиббий меҳнат эксперт комис­сия­си раиси, врач эксперт-хирург Нурали Олимқуловнинг ҳузурига кирди. Ва, табиийки, бу ерда нима мақсадда келганини айтди ва ногиронлик муддатини яна бир йилга эмас, бира тўла икки йилга чўзиб беришни илтимос қилди.

Аёлнинг илтимосини эшитган Н. Олимқулов уни хизмат хонасидаги яна бир ички хонага бошлади. Бу хо­на анча хилват бўлиб, энди у ерда иккаласидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. «Холис» суҳбат чоғида комиссия раиси очиқчасига тамага ўтади. Нима эмиш, 1 миллион 400 минг сўм берса, иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақаси муддатини бир йилга эмас, бира тўла икки йилга узайтириб берармиш. Шундай «меҳрибонлик» билдириб, у уялмай-нетмай ногирон аёлдан «Ҳо­зир ёнингизда 1 миллион 400 минг сўм борми?» — деб сў­ради. Аёл боши билан «йўқ» ишорасини қилгач, Н. Олимқулов уни яна саволга тутди: «Бир-икки соат ичида айтилган пулни топиб, кела оласизми?».

Касаллиги туфайли даволаниб туришга ва дори-дармонга кор қилади, деб ногиронлик нафақаси тайинлани­ши­га умид қилиб келган Т. Яхшибоева бу очиқ-ошкор тамагирликни кўриб, ўзини буткул йўқотиб қўйди. Боз устига бунча пулни қаердан топишни ўйлаб, баттар ғамга ботади. Кейин эса, ўзи­­­­га ҳа­мон саволомуз тикилиб турган Н. Олимқуловга қараб, уч-тўрт соатда қайтиб кели­шини айтиб, ташқарига чиқди.

Шу ўринда жиноят тафсилотига янада ойдинлик киритиш мақсадида, Т. Яхшибо­еванинг орадан кўп ўтмай яна Н. Олимқу­ловнинг хизмат хонасига киргани-ю, ўртада бўлиб ўтган суҳбатга тўхталсак.

«Т. Яхшибоева: — Нурали ака, бундай бўлди-да, пластик картамда пул бор эди. Беш юз минг нақд қилдим-у, олиб келдим.

Н. Олимқулов: — Хўп.

Т. Яхшибоева: — Кейин қолганини, бугун кечгача ёки эртага тушликка қадар.

Н. Олимқулов: — Қанча қолади кейин…».

Диктофонга ёзиб олинган ана шу суҳбат чоғида Т. Яхшибоева тамагир комиссия раи­сига 500 минг сўм бериб, ортига қайтганди.

Эртаси куни у яна Н. Олимқуловнинг ишхонасига пулнинг қолганини беришга боради, аммо уни учратолмайди.

Аслида Турдигул Яхшибо­ева биринчи суҳбатдан сўнг уч-тўрт соатда қайтиб келишини айтиб, Н. Олимқуловнинг ҳузуридан чиққач, ҳуқуқ­ни муҳофаза қилувчи идорага йўл олганди. Шундан сўнг у махсус ишлов берилган 500 минг сўмни олиб, яна Н. Олимқуловнинг олдига боради.

Воқеанинг давомидан ўқувчини хабардор этадиган бўл­сак, Турдигул опанинг тамагир мансабдорга учрашиши анча чўзилиб кетади.

Аниқроғи, бир неча марта излаб борганига қарамай, уни иш жойидан то­пол­май­ди. Фақат Н. Олимқуловга по­ра берганининг олтинчи ку­ни вилоят тиббий меҳнат экс­пертизаси биносига борса, у ердагилар унга бир йил муддатга иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақаси белгилангани ҳа­­қидаги маълумотномани беришади. Шун­дан сўнг Т. Яхшибоева хизмат хонасида ўтирган Н. Олим­қуловнинг ҳузурига киради-да, ногиронликни икки йилга эмас, бир йилга белгилагани учун пора тариқасида берган пулни қайтаришни талаб қилади. Н. Олимқулов ёнидан 500 минг сўмни чиқариб, Т. Яхшибоевага қайтараётган маҳал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди.

Суд судланувчи Н. Олимқуловни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноят­ни содир қилганликда айбдор деб топди. Ушбу моддага биноан, судланувчига Жиноят кодек­сининг 45-моддаси қўлланилиб, у икки йил муддатга тиббиёт соҳасида ҳам­да бошқа моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Н. Олимқулов суд залидан қамоққа олиниб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди. Ашёвий далил деб эътироф этилган, банк муассасасида сақланаётган 500 минг сўм пул Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Навоий вилоят бошқармасига қайтарилди.

Суд тамагир кимсага қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади. Албатта, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши муҳим чо­ра-тадбирлар қатъият билан амалга оширилмоқда.

Бу борада мус­таҳкам қонунчилик базаси яратилган. Коррупция ва порахўрликнинг олдини олиш юзасидан корхона, ташкилот, муассасаларда ҳамда жамоатчилик ўртасида кенг миқёсли тушунтириш ишлари олиб борилиб, зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Судланувчи Н. Олимқулов ҳам коррупция ва порахўрликка қар­ши курашиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлардан тўлиқ хабардор бўла туриб, калтабинликка йўл қўйди: ақлининг эмас, нафсининг айтганини қилди.

Начора, эндигина қирчиллама қирқ ёшни қаршилаётган, ои­лали, икки нафар фарзанднинг отаси Н. Олимқуловнинг озодликдан маҳрум этилиб, жиноий жазога тортилишига бошқалар эмас, унинг ўзи сабабчидир. Негаки, у кўриб-билиб туриб, жиноятга қўл урди. Жиноят қо­нун­чили­гида эса, мансабдор шахснинг пора берувчи бирор шахснинг манфаатлари учун бажариши лозим бўлган ёки ўз хизмат вазифасидан фойдаланган ҳолда содир этиши мумкин бўлган муайян ҳаракатни бажариш ёки бажармаслик эвазига ҳар қандай моддий бойлик ёки мулкий фойдани турли йўллар билан олиши пора олиш ҳи­собла­ниши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги «Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғ­рисида»ги қа­ро­ри 11-бандида, тамагирлик — мансабдор шахс томонидан фуқаронинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган хизматига доир ҳаракатларни содир этиш таҳдиди остида пора талаб қилиш ёки фуқарони унинг қонуний манфаатларига зарар келтирадиган оқибатларнинг олдини олиш учун по­ра беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш эканлиги қайд этиб ўтилган.

Судланувчи Н. Олимқулов озодликда эмин-эркин меҳнат қилиб, оиласи даврасида тинч, хотиржам яшаши мумкин эди. Лекин нафс балоси туфайли ўзгалар ҳа­қига кўз тикиш унинг ҳаётини тўғ­­ри ўзандан четга бу­риб юборди. Натижада жамоа, таниш-билишлар, маҳалла-кўй олдида бадном бўлди. Агар Н. Олимқулов тиббий-меҳнат эксперт комиссияси раиси, врач экс­перт-хирург сифатида зиммасидаги вазифаларни ҳа­лоллик билан бажарганида, мансаб ваколатига хиёнат қилмаганида, ногирон аёлдан пора сўрамаганида пешонасига судланганлик тамғаси босилмасди.

Ҳақи­қатан ҳам, касбга, вазифага, мансаб ваколатига қи­линган хиёнат асло кечирилмайди. Ахир, машойихлар «ким қилмагай, ким топмагай», деб бежизга айтишмайди.

Шерзод МАМИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Навоий шаҳар судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: