СУД ФАОЛИЯТИ ҚОНУНИЙ ТАДБИРКОР ТОМОНДА ёки СУДДА КИМДИР ЮТҚАЗИШИ АНИҚ
лекин бу партия вакили аюҳаннос солгандек, судлар тадбиркорларни тўла қўллаб-қувватламаяпти дегани эмаску?!
Куни кеча Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида тадбиркорлик йўналишидаги муаммолар ва унинг истиқболларига бағишланган Халқаро пресс-клуб сессиясида “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилларидан бири судга нисбатан жиддий эътирозлар билдириб, “тадбиркорларнинг аксарияти суд тизими фаолиятидан норози эканлиги, унга ишонмаслиги, судларимиз фаолиятида ҳали очиқлик, шаффофлик ёки тадбиркорни қўллаб-қувватлаш деган тушунчалар тўла ишлаётганлиги йўқлиги, қачонгача тадбиркорларнинг ёнини олиб, унинг тарафида туриб судларда қатнашишлари лозимлиги, суд тизимининг ўзи ишлаши керак” деган фикрларни билдирди.
Албатта, партия вакилининг ушбу эътирозларни эшитиб, шахсан мен, суд ҳокимиятининг вакили сифатида қаттиқ таажжубга тушдим. Чунки партия вакилларининг фикри ҳақиқатдан мутлақо йироқ, асоссиз ва шунчаки “сиёсий популизм” учун айтилган гаплардир.
Мен иқтисодий суднинг судьяси сифатида шуни ишонч билан айтаманки, бугунги кунда тадбиркорлар судларга ишонч ва ҳурмат билан қарайди.
Иқтисодий судлар зиммасига тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган бўлиб, бир неча марта суд муҳокамалари ўтказилиб, муросага келишлар учун муддат берилаётган, тадбиркорнинг назорат қилувчи органлар, банклар билан муносабатларида қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин қилиниб, улар фойдасига ҳал қилинаётган, суд органларида ҳафтанинг бир куни тадбикорлар куни деб эълон қилинган, тизимли равишда шахсий ва сайёр қабуллар, сайёр суд мажлислари ташкил қилиниб, уларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериб келинаётганидан партия вакилининг хабари борми? Менинг назаримда, уларнинг бундан мутлақо хабари йўқ. Йўқса, катта минбардан туриб тадбиркорлар иқтисодий судлардан норози, ошкоралик ва шаффофлик таъминланмаган деган асоссиз фикрлар айтишига виждони йўл қўймасди.
Ўрни келганда, қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман: жорий йилнинг 9 ойида иқтисодий судлар томонидан 140 050 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Шундан даъвогарлар фойдасига 8,9 трлн. сўм ундириб берилди. Тарафларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида низо тартибида кўрилган ишларнинг салмоқли қисми, яъни 89 807 таси бевосита жойларда сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 22 мингдан зиёд иқтисодий иш кўриб чиқилиб, улар, такрор айтаман, тадбиркорлар фойдасига 970,7 млрд. сўм миқдорида маблағ ундириб берилди.
Хўш, партия вакили бунга нима дейди?
Партия вакилига яна шуни айтишни истардимки, суд қонуний фаолият юритаётган инсофли тадбиркорни ҳимоя қилади, уни қўллаб-қувватлайди. Қонун талаби шундай: судда фақат адолат тантана қилиши керак. Шу маънода, суддан кимдир, яъни ютқазган тадбиркор норози бўлиши аниқ. Шу ўринда тадбиркорларимиздан узр сўрайман-у, лекин давлатдан миллион-миллион сўм кредит олиб, уни вақтида қайтармаётган, мақсадсиз ўзининг шахсий манфаати йўлида ишлатиб юборган, шартнома лафзига турмайдиган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳам бор гап.
Хўш, иқтисодий судлар бундан ортиқ тадбиркорга яна қандай кўмак бериши мумкин?! Агар партия вакили судда вакил сифатида қатнашган бўлса, авваломбор, у ўзининг электорати манфаатини судда ҳимоялаш позициясидан келиб чиққан. Чунки судда ҳар бир тараф вакиллари ўз даъво талабини ёки унга қарши эътирозларини исботлаб бериши керак-да. Шу маънода партия вакилининг қачонгача тадбиркорларни биз ҳимоя қилишимиз керак, деган фикри суд ҳимоя қилмади деган маънони англатмайди. Судда партия вакили қатнашиб, ўз даъвосини асослаб бергани учун ҳам суд қонуний қарор қабул қилган. Қарорни партия эмас, суд қабул қилади.
Шуни яна бир бор таъкидламоқчиманки, суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бугун суд тизимида дунёқараши кенг, чуқур билим ва тажрибага эга, юксак маънавиятли, судьялик қасамёдига содиқ турадиган судьялар корпуси шаклланмоқда.
Шундай экан, иқтисодий судлар судьялари тадбиркорлар билан мулоқотда ўз ишини яхши билади, партия вакиллари тадбиркор манфаатини кўзлаб судда қатнашмаса ҳам қонун устуворлиги асосида ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ деб топади. Тадбиркорнинг қонуний манфаати ҳеч бир шубҳасиз ҳимоя қилинади.
Сўзимнинг якунида шуни айтмоқчиманки, ассосиз ва қуруқ гап, баландпарвоз сўзлар билан ҳеч ким ҳеч қачон обрў-эътибор топмаган. Халқ шундай адолатли ҳакамки, уни қуруқ гаплар билан чалғитиб алдаб бўлмайди. Буни ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак.
Ҳусан ТУРСУНОВ,
Қарши туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Фикр қолдириш