ҚОНУНГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ТУФАЙЛИ СУДЛАНУВЧИ ОҚЛАНИБ, ҚАМОҚДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари хусусида тўхталиб, «Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди» дея алоҳида таъкидлади.

Оқланган шахслар орасида Қўқон шаҳрида яшовчи Азизжон Ибрагимов ҳам бор.

Хўш, А. Ибрагимов ким, у қандай қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилган эди?

Бу саволларга жавобан шу­ни айтиш керакки, 2020 йил 12 август куни Қўқон шаҳар ички иш­лар органлари фаолия­тини мувофиқлаштириш бош­қар­маси жиноят қидирув бўлими хо­димлари тезкор тадбир ўт­ка­зади. Мазкур тадбир жараёнида, Азизжон Ибрагимов 5 та конвалютадаги 70 до­на — кўп миқдордаги «Лирика 300 мг» кучли таъсир қилувчи моддасини махсус харидорга қонунга хилоф равишда 2 200 000 сўм­га сотган вақтда ушланади.

Шундан сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қис­ми билан жиноят иши қўзғати­лади. Ке­йинчалик эса, ушбу иш жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар су­ди томонидан кўриб чиқилади. Натижада суднинг 2020 йил 16 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Азизжон Ибрагимов айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўл­ланган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Ўз навбатида, А. Ибрагимов би­ринчи босқич суди ҳукмидан норози бўлиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти су­дига апелляция ши­коя­ти ёзади ва ўз ҳаракатларида жи­ноят таркиби йўқлиги боис оқ­­­­лов ҳук­ми чиқаришни сўрайди.

Апелляция суди мажлисида аён бўлдики, биринчи инстанция суди А. Ибрагимовни Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, хатоликка йўл қўйган. Чунки 2020 йил 21 июлда қабул қилиниб, 2020 йил 22 октябрдан кучга кирган «Ўзбекистон Рес­публикасининг ай­рим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қў­шимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонунга асосан Жи­ноят­ кодексининг 251-1-моддасида до­ри препаратлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўт­казиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қай­та ишлаш, олиш, сақ­лаш, ташиш ёҳуд жўнатиш, шу­нингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун кодекснинг 186-3-моддасида си­фатсиз ёки қалбакилаштирил­ган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўт­казиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўт­казиш, шу­нинг­дек, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан таш­қарида реализация қи­лиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жа­зо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик, Маъмурий жавобгарлик тўғ­ри­си­даги кодекснинг 165-1-моддаси 1-қисмида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган до­ри воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўт­ка­зиш, шунингдек, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Соғлиқни Сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ҳамда стандартлаштириш давлат Маркази»нинг расмий веб сайтида эълон қилинган дори воситаларининг давлат реестрига «Лирика 300 мг» дори воси­таси ки­­ритилган. Бироқ А. Ибрагимов муқаддам сифатсиз ёки қалбакилаштирилган до­ри воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тай­ёр­лаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шу­нингдек, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Бундай ҳолатда шахсни Жиноят­ кодексининг 251-1-моддаси 3-қисмида кўр­са­тил­ган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, жавобгарликка тортиб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бў­йича Фарғона ви­лоят­и суди ўзи­­нинг 2020 йил 24 декабрдаги ажрими би­лан жи­ноят ишлари бў­йи­ча Қўқон шаҳар судининг 2020 йил 16 ноябрдаги ҳукмини бекор қи­либ, Азизжон Ибрагимовни айбсиз деб топди ҳамда оқ­лади. Шу муносабат билан у дарҳол суд залидан озод қилинди. Лекин А. Ибрагимовнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ко­декс­нинг 165-1-моддасида назарда ту­тилган ҳуқуқ­бузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли, жа­вобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари ва ашёвий далиллар Қўқон шаҳар прокуратурасига юборилди.

Бундан ташқари суд ажримида А. Ибрагимовга реабилитация қилиниши муносабати би­лан ўзига етказилган мул­­кий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бар­тараф қи­­лиш ҳу­қуқи ҳам ту­шун­­­ти­рил­ди.

Кези келганда шуни эътироф этиш лозимки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кў­ламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик ҳу­қуқий давлат барпо этишга хизмат қилмоқда. А. Ибрагимов синга­ри ҳу­қуқи бузилган юртдошла­римизнинг оқланаётгани бунинг яққол далилидир.

Фарҳоджон ҒАНИЕВ,

Фарғона вилояти суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: