НОҚОНУНИЙ ИШ КЕЛТИРГАН ТАШВИШ МАҲАЛЛАДА САЙЁР СУД МАЖЛИСИДА МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Яқинда пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги «Асалобод» маҳалла фуқаролар йиғини биносида фирибгарлик жиноятини содир этган Абдуолим Маҳмудов, Саидазим Матназаров, Акмал Эшонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва уларнинг яна икки нафар шеригининг хатти-ҳаракатига сайёр суд мажлисида ҳуқуқий баҳо берилди.
Судланувчилар ўтган йилнинг июнь ойида олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида режа тузишади. Унга мувофиқ Абдуолим Маҳмудов «Telegram» ижтимоий тармоғи орқали Нодира исмли қиз билан танишиб, тармоққа шериги Саидазимнинг фотосуратини жойлаштиради ва ўзини «Жасур» деб таништиради. Ўзаро ёзишмаларда ўзини гўёки Зангиота туманидаги «COVID-19» билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган 1-сонли шифохонада ишлаши ва кадрлар бўлимидаги ҳамкасби «Ўткир» исмли шахс орқали уни ишга киритиши мумкинлигини маълум қилади. Бу ҳамширалик дипломига эга бўлган Нодирага айни муддао эди. Улар шифохона олдида кўришишганда «Жасур» Нодирага агар «харажати»дан қочмаса, бошқаларни ҳам шифохонага ишга киритишини айтади.
Шундан сўнг Нодира тўрт нафар танишини ҳам ишга киритишни илтимос қилади. «Жасур» ва «Ўткир» беш нафар қиздан бир ярим минг АҚШ доллари миқдорида «чўтал» пули олишади ва уни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.
Фирибгарлар шундай «усул»да яна етти кишидан пул ундиришган.
Сайёр суд мажлисида судланувчилар айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, енгил жазо беришни сўрашди. Суд судланувчилар олган пулларини жабрланувчиларга қайтариб бергани, уларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олди ва уларга қонуний жазо тайинлади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур жиноят ишининг маҳаллада сайёр суд шаклида ўтказилишидан кўзланган мақсад одамларни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этишдан иборат эди. Чунки ўз ҳуқуқларини билмаслик, муаммони ноқонуний йўл билан ҳал этишга уриниш ва ишонувчанлик фирибгарлик тегирмонига сув қуйган. Агар жабрланувчилар қонуний йўл тутишганда содир этилган жиноятнинг олди олинган бўларди. Зеро, ҳар қандай қонунбузарликнинг оқибати қонуний жазо билан якунланади.
Анвар ИКРОМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Яшнобод тумани суди судьяси
Фикр қолдириш