МЕҲР КЎЗДА

Халқимизнинг меҳр кўзда, деган ҳикмати замирида катта маъно мужассам. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётда ҳатто яқин қа­риндошлар ҳам бир-бирларини йўқлаб, учрашиб туришмаса, узоқлашиб кетиши ҳеч гап эмас. Айниқса, қуда-андачилик ришталарини боғлаган оилаларда бунинг йўриғи бўлакча.

Йил бошида Навоий шаҳридаги «Ҳаёт» маҳалласида яшовчи Маҳфират Шокирова фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига мурожаат қилиб, икки нафар фарзанди билан ота уйида истиқомат қилаётгани, ҳовлида улардан ташқари ота-онаси ва акаси оиласи билан яшашини инобатга олиб, уни болалари билан бирга со­­биқ турмуш ўртоғининг (2021 йилнинг август ойида уларнинг никоҳи бекор қилинган) ўзлари доимий рўй­хатдан ўтган уйига мажбурий тартибда киритиб қўйишни сў­раганди.

Суд ушбу масалани батафсил ўрганиб чиқиб, М. Шокированинг даъво аризасини қаноатлантирди. Шундан сўнг Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳамда маҳалла-кўй саъй-ҳа­ракати билан даъвогарга со­биқ турмуш ўртоғининг отаси номидаги ҳовлидан икки хона ажратиб берилди.

Яшириб ни­ма қилдик, аввалига биз ўр­тадаги ни­зо са­бабли бу хонадон маҳаллада нотинчлик ўчоғига айланса керак, деб ўйлаган эдик.

Буни қарангки, орадан тўрт ойдан зиёдроқ вақт ўтиб, ажрашганлар қайта ярашди. Ҳат­то М. Шокированинг қайнотаси судга келиб, ўзининг миннатдорчилигини билдирди. Набираларини яхши кў­ри­ши­ни, уларга ўрганиб қолганини қай­та-қайта таъкидлади.

Албатта, оилавий низо ва никоҳи бекор қилинган эр-хотин ўртасидаги мулкий муносабатларнинг барчаси ҳам шундай ижобий ечим топавермайди.

Аксарият ҳолларда аёл­нинг ўз ота уйида доимий рўйхатда қолиши ёки белгиланган муддатни ўтказиб судга мурожаат этиши низонинг қонуний ечимини чигаллаштириб юборади. Натижада иж­тимоий ҳи­моя­га муҳтож оила пайдо бўлади.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, навоийлик Латофат Холиқова 2001 йилда Қизилтепа туманига ке­лин бўлиб тушган. Уч нафар фарзанди бор. У судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, кенжа ўғ­ли­ни даволатиш учун касалхонада ётганида турмуш ўртоғи бошқа аёлга уйланиб олгани, доимий рўйхатда турган уйга уни фарзандлари билан бирга киритишмаётганини баён қилди.

Бу даъво аризаси суд томонидан батафсил ўрганилганида, ҳовли даъвогар эри билан бирга яшаган даврда қурилгани ва кадастр идораси томонидан расмийлаштирилгани маълум бўлди. Шу боис Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан Л. Холиқованинг даъво аризаси қаноатлантирилди.

Хулоса ўрнида айтганда, оила инсоннинг шоҳ асари дея бежизга таърифламаган. Чунки мукаммал оилада фарзандлар ота-она меҳридан баҳраманд бўлиб вояга етади, миллий қадриятлар, инсоний фазилатлар гуркираб ривож топади. Оиланинг мустаҳкамлиги эса, ота-онанинг аҳил-иноқ, фарзандлари тақдирига юксак масъулият билан ёндошиши асосида таъминланади.

Шерали ОЧИЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Кармана туманлараро

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: