ШАРТНОМАДАН ТАШҚАРИ КЕЛИШУВ НИЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Бу ҳаётда инсон ростгўй, ҳалол ва оқибатли каби фазилатлари билан обрў-эътибор қозонади. Ана шу инсоний фазилатлар ортидан кишининг умри файзли, баракали кечади. Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо тўғриликдан чекиниш, ростгўйлик ва ҳалолликдан тойиш оқибати ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди.

Навоий шаҳрида яшовчи С. Маҳмадуллаева (исм-шарифлар ўзгартирилган) шаҳардаги “Гулистон” деҳқон бозори ҳудудида жойлашган савдо дўконини фуқаро Ғ. Асадовга ижарага беради. 2020 йилнинг 18 ноябрь куни тарафлар ўртасида умумий фойдаланиш майдони 44,74, ижара майдони 21,29 квадрат метрдан иборат савдо дўкони учун ижара шартномаси тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати беш йил қилиб белгиланади.

Шартнома шартларига кў­ра, ижарачи савдо дўконидан фойдалангани учун мулк эгасига ҳар ойда 320 минг сўм тўлаши ва ўтган ой учун тўлов ҳар ойнинг биринчи кунига қадар бажарилиши белгиланган. Аммо тарафлар шартномадан ташқари ҳар ойда 2 миллион 680 минг сўм қўшимча ижара ҳақини бериш-олиш ҳақида оғзаки келишувга ҳам эришган.

Орадан бироз вақт ўтиб, кутилмаганда, С. Маҳмадуллаева шартномадан ташқари ижара ҳақи миқдорини 5 миллион сўм этиб белгилайди. Бу эса, табиийки, Ғ. Асадовга маъқул келмайди. Шу боис икки ўртада низо келиб чиқиб, уни ўзаро ҳал этишолмагани сабабли Ғ. Асадов ёзма шартномада кўрсатилган ижара ҳақини тўлиқ тўлаб берганини важ қилиб, 2022 йил июль ойидан бошлаб ижара тўловини тўхтатиб қўяди. Шундан сўнг С. Маҳмадуллаева Ғ. Асадовга нисбатан ижара шартномасини бекор қилиш ва уни савдо дўконидан чиқариш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Иш материаллари ва судда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, шартномада ижара ҳақи ҳар ойга 320 минг сўм этиб белгиланган. Шунга кўра, Ғ. Асадов С. Маҳмадуллаевага 2020 йил 18 ноябрдан 2022 йил июль ойига қадар шартнома асосида 6 миллион 720 минг сўм тўлаши лозим бўлган. Оғзаки келишувга асосан Ғ. Асадов даъвогарга 63 миллион сўм тўлаган.

Биринчи босқич суди жавобгарнинг ижара ҳақидан қарзи мавжуд эмаслигига асосланган ҳолда С. Маҳмадуллаеванинг даъвоси аризасини қаноатлантиришни рад этган. Чунки даъвогарнинг даъво талабидаги ижара шартномаси бўйича жавобгар ижара тўловини тўлашдан бош тортаётгани ва тўламаётгани ҳақидаги важлар судда исботланмаган.

Шу ўринда ижара шартномаси билан боғлиқ қонунчилик талабларига эътибор қаратсак, амалдаги Фуқаролик кодексининг 551-моддаси биринчи қисмида агар ижарага олувчи ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамасдан мол-мулкдан шартнома шартларини ёки мол-мулкнинг вазифаларини жиддий равишда бузган ёхуд бир неча марта бузган ҳолда фойдаланса, шартномада белгиланган тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузиб, мол-мулкдан фойдаланганлик учун тўламаса, мулк ижара шартномаси ижарага берувчининг талаби билан суд томонидан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу қонун талаби тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномасининг 6-бандида ҳам ўз ифодасини топган. Яъни ижарага олувчи берилган нотурар жойдан фойдаланиш учун ижара ҳақи ва тўлов муддатини кетма-кет икки мартадан ортиқ бузса, ижарага берувчи шартномани бекор қилишга ва ижарага берилган нотурар жойни бўшатишни талаб қилишга ҳақли экани кўрсатилган. Бундан ташқари даъвогар жавобгарга ижара ҳақи тўланмагани ҳақида ёзма огоҳлантириш хати бермаган. Жавобгарга юборилган билдириш хатида савдо дўкони сотилаётгани сабабли уни бўшатиб бериш сўралган, холос. Ҳолбуки, ижара шартномасининг 11-бандида ҳам шартномани бекор қилиш ҳақида тарафлардан бири бошқа тарафни бир ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши лозимлиги белгилаб қўйилган. Суд ана шу асосларга таянган ҳолда масалага қонуний ечим топган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай шартнома, хусусан, мулк ижара шартномасини расмийлаштиришда ҳалолликни унутмаслик керак. Агар тарафлар шартнома қонунчилиги талабларини яхши билган ва шартномадан ташқари шубҳали оғзаки келишув тузмаганида ўртада низо пайдо бўлиб, иш судгача етиб бормасди. Афсуски, улар бунга риоя этмагани оқибатида ортиқча овора бўлиб, чиқимдор бўлишди. Бу бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Нодир РАСУЛОВ,

Навоий вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: