СУД ҚАРОРИ ФУҚАРОНИНГ САЙЛОВ ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ

Бугунги кунда судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари амалда кафолатли ҳимоя қилинмоқда. Масалан, Абдулазиз Нишонов 1952 йил 27 сентябрда Бувайда туманининг Оққўрғон қишлоғида туғилган. Улғайиб, мактабни тамомлагач, олий ўқув юртига ўқишга кирган. Аммо 21 ёшида — 1973 йилда фу­қаролик паспортини йўқотиб қўйган.

Ҳайратланарли томони шун­­даки, Абдулазиз ота шундан буён ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаб келган. Оз эмас, нақд 48 йил!

Тўғри, ўтган салкам ярим аср мобайнида, аниқроғи, мус­тақиллик йилларида бир неча марта Бувайда туман ички иш­лар бўлимининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига ариза билан мурожаат қилган.

Бироқ у бў­лимга доимий яшаганлиги тўғ­рисида ҳужжат тақдим қи­лол­магани бо­ис­ ҳар гал аризаси рад этилиб, судга мурожаат қи­лиш ҳуқуқи тушунтирилган. Шу та­риқа кунлар кунларни қувлаб ўтаверган. Жорий йилга келиб эса, А. Нишонов астойдил ҳаракатга тушди. Яъни фарзанд­ла­ри кўмагида фуқаролик иш­лари бўйича Қўқон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилиб, ўзи туғилган қишлоқда доимий яшаганлик фактини белгилашни сўради.

Албатта, суд ушбу аризани кўриш мобайнида Абдулазиз Ни­шоновнинг доимий яшаганлигини тасдиқловчи бир қа­тор далилларни тўплашга муваффақ бўлди. Қолаверса, гувоҳларнинг кўрсатмаларига ҳам таянди.

Дастлабки далил шундан иборатки, унинг туғилганлик ҳақи­да­ги гувоҳномаси мавжуд. Гувоҳ Н. Ғофуров эса, ўз кўрсатмасида А. Нишоновнинг синфдоши экани, у билан 8 йил бир синфда ўқиб, бир ма­ҳаллада яшаб, улғайишганини таъкидлади. Шунингдек, гувоҳлар Ё. Сатторов, Ж. Ҳайдаров ва Ш. Эрматов ҳам юқоридагидек кўр­сатма беришди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 1969 йил 10 июн­да Абдулазиз Нишоновга собиқ Фарғона области Ленинград райони ички ишлар бў­лими томонидан фуқаролик паспорти берилган. Паспорти йўқолишидан бир йил аввал — 1972 йил 25 августда у фуқаро Б. Абдураҳмонова билан қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қурган. Бу ҳо­латни тасдиқловчи никоҳ гувоҳномаси мавжуд. Биргаликдаги турмушларидан 6 нафар фарзанди бўлиб, уларнинг барчаси қишлоқда туғилиб ўсган. Қолаверса, 2021 йил 11 август куни Бувайда туман Юқори манғит маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бу хусусда тегишли далолатнома тузилган. Энг эътиборлиси, А. Нишонов 1973-1986 йилларда Бувайда туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабида математика ўқитувчиси сифатида фаолият юритган. Буни мак­таб маъмурияти томонидан 2021 йил 17 сентябрь куни берилган 76-сонли маълумотнома ҳам тасдиқлайди.

Бундан ташқари Бувайда туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходими А. Дадабоев А. Нишоновнинг илгари паспорт олганлиги, лекин ИИБ архивидан бу ҳақда маълумот топишнинг имкони бўлмаганлигини билдириб, мазкур ишни ҳал қи­лишни суд ҳукмига ҳавола этди.

Айтиш керакки, 2020 йил 13 мартда қабул қилинган «Ўз­бекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қо­нуннинг 5-моддасига биноан, 1992 йил 28 июль ҳо­­­латига кўра, Ўзбе­кис­тон Рес­­публи­ка­сида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўл­маган ва Ўз­бе­кистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини бил­дирган шахс, Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқ­арига чиқиб кетган ҳам­да узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳам­да Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бў­йича рўйхатга олинган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса, ушбу қо­нун кучга кирган кунда Ўз­бе­кистон Республикасининг фуқаро­лигига эга бўлган шахс ҳам­да Ўз­­бе­кис­тон Республикасининг фуқаролигини олган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисоблана­ди.­

Юқорида қайд этилган қо­нуний асосларга таянган суд 2021 йил 22 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Нишонов Абдулазиз Мелиқўзиевичнинг аризасини қа­ноатлантирди. Яъни унинг 1952 йил 27 сентябрда Бувайда тумани Оқ­қўрғон қиш­лоғида туғилиб, шу кунга қа­дар доимий яшаганлик фактини белгилади. Энг муҳими, суднинг айни қа­рори фуқаронинг сай­­лов ҳам­да бош­қа ҳуқуқ ва эркинликларини тиклади.

Шундан сўнг Бувайда туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан А. Нишоновга янги фуқаролик паспорти берилди. Натижада у шунча йиллик «танаффус»дан сўнг 2021 йил 24 октябрь куни бў­либ ўтган Президентлик сайловида иштирок этиб, ўзи танлаган муносиб номзодга овоз берди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳаётда биргина эъ­тиборсизлик ёки лоқайдлик жиддий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Айниқса, инсоннинг ўз шахсий ҳужжатларига нисбатан бепарволиги нафақат уни сарсон-саргардон қилади, балки кўпгина ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам чеклайди. Бинобарин, ҳамюртларимизни юқоридагидек ҳолатлардан огоҳ этиб, доимий ҳушёрликка ва масъу­лиятли бўлишга чорлаб қоламиз.

Ўткиржон ИСМОИЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: