ИШ ОЛИЙ СУДДА ЎРГАНИЛМОҚДА
2019 йил 19 сентябрдаги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайтида эълон қилинган “Судлар шундай деб турса, яна қаерга борайин?!” мақолага оид маълумот
Қуйичирчиқ туман маъмурий судининг 2019 йил 4 июндаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари Акмалхўжа Турсунхонов жавобгар Қуйичирчиқ туман ҳокимлиги, учинчи шахс “Toshkent Cotton Textile cluster” МЧЖ га нисбатан Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 2019 йил 12 апрелдаги 1305-сонли қарорининг “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалигига тегишли қисмини ҳақиқий эмас”, деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.
Аризачи А. Турсунхонов томонидан 2019 йил 19 июль куни Қуйичирчиқ туман маъмурий судининг 2019 йил 4 июндаги ҳал қилув қарорига нисбатан келтирган апелляция шикояти Тошкент вилоят маъмурий судида 2019 йил 6 август куни кўриб чиқилиб, Қуйичирчиқ туман маъмурий судининг (2019 йил 4 июнь) ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, апелляция шикояти рад этилган.
Бугунги кунда “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари томонидан мазкур суд қарорларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят келтирилган ва шикоят важлари иш ҳужжатлари билан биргаликда Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ўрганилаётганлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш