РАҲИМ ИБОДОВНИНГ ОЛИЙ СУД РАИСИГА МУРОЖААТИ ХУСУСИДА
2019 йил 2 декабрда YouTube тармоғида эълон қилинган фуқаро Р. Ибодовнинг мурожаати (https://www.youtube.com/watch?v=NqlYv94A62c&feature=youtu.be) юзасидан маълумот
2016 йил 15 февралдаги жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг ҳукмига кўра Раҳим Ибодов (1968 йилда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам судланмаган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 24 мартдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февралдаги Р. Ибодовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз ва апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Бухоро вилоят прокурори томонидан назорат тартибида билдирилган протест асосида Р. Ибодовга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди Раёсатининг 2017 йил 16 мартдаги ажрими билан Р. Ибодовга оид жиноят иши бўйича чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февралдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 24 мартдаги ажрими ўзгартирилган. Р. Ибодовнинг айбидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “б” банди чиқарилган. Р. Ибодов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Р. Ибодовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси ва 243-моддаси билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилиб, Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Р. Ибодовга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмаган қисми, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарори 6-банди “а” кичик бандига асосан, учдан бир қисмига қисқартирилган. Жиноят иши бўйича олинган 948 028 600 сўмлик автомобиль эҳтиёт қисмлари ва хатланган 550 927 300 сўмлик мол-мулкларни сотилишидан тушган маблағларнинг 124 689 800 сўми солиқ ва бошқа мажбурий тўловларини қоплашга қаратилиб, қолган қисми эса давлат эгалигига ўтказилиши кўрсатилган. Суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилиб, протест қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 24 апрелдаги ажримига асосан Р. Ибодовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 24 мартдаги ажрими ва ушбу суд Раёсатининг 2017 йил 16 мартдаги қарори бекор қилиниб, ушбу жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 31 июлдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февралдаги Р. Ибодовга оид ҳукми ўзгартирилган. Р. Ибодовнинг харакатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларида, 184-моддаси 3-қисмида ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар таркиби бўлмаганлиги сабабли, ушбу моддалар билан Р. Ибодов оқланиб, жиноят ишининг шу қисми тугатилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 189-моддаси билан Р. Ибодовни жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан Жиноят кодексининг 64-моддаси 1-қисми “а” бандига асосан у жавобгарликдан озод қилиниб, жиноят ишининг унга оид қисми тугатилган ва ҳукмнинг унга жазо тайинлаш қисми ҳам бекор қилинган. Р. Ибодов фойдасига давлат ҳисобидан 292 835 763 сўм ундириш белгиланган. Суд ҳукмининг Р. Ибодовдан Бухоро шаҳар ДСИ фойдасига 124 689 842,12 сўм ундириш қисми бекор қилинган. Шу билан Р. Ибодов қисман реабилитация қилинган ва унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 303-313-моддаларида назарда тутилган тартибда, жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилган. Апелляция шикояти қисман қаноатлантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Ш. Ражабовнинг 2019 йил 8 ноябрдаги ажримига кўра Р. Ибодовга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2016 йил 15 февралдаги ҳукми ва жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 31 июлдаги ажримини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли судланган Р. Ибодовнинг ҳимоячиси З. Тоировнинг назорат тартибида келтирган шикояти қаноатлантирилмасдан рад этилган. Бу ҳақда Олий суднинг судьяси Ш. Ражабовнинг 2019 йил 8 ноябрь кунидаги 13-232-19-сонли жавоб хати билан маълум қилинган.
Ушбу ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят берилиши мумкинлиги маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш