AZON.UZ САЙТИДА 2019 ЙИЛ 23 НОЯБРЬ КУНИ ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН “ФУҚАРОЛИК СУДИ: КЎЗ КЎРИБ, ҚУЛОҚ ЭШИТМАГАН ИШЛАР…” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛАГА МУНОСАБАТ
Акбар Алишайховнинг муаллифлигидаги ушбу мақолада (https://azon.uz/content/views/fuqarolik-sudi-kuz-kurib-quloq-eshitmaga) фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди 2018 йил 7 майда кўрилган А. Гайбназаровнинг Д. Смирнов ва И. Хаитовларга нисбатан қарзни ундириш ҳақидаги ва бошқа талаблар бўйича фуқаролик ишлари юзасида фикр ва мулоҳаза юритилган.
Хусусан, мақолада А. Гайбназаровнинг А. Смирнов ва И. Хайитовларга нисбатан қарзни ундириш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича даъво аризаси даъво муддати ўтган бўлсада, суднинг иш юритувига қабул қилинганлиги ва даъвогардан даъво аризасини қабул қилишда давлат божи белгиланган миқдорда ундирилмаганлиги юзасидан фикрлар билдирилган.
Аввало таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 149-моддасига кўра даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.
Шу кодекснинг 153-моддаси 1-қисмига кўра эса бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.
Шундан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш мумкинки, суд юқоридаги даъво аризани қабул қилиши моддий ҳуқуқ нормаларига зид эмас ва суд ўз ташаббуси билан аризани даъво муддати ўтганлиги сабабли қабул қилишдан рад этишга ҳақли бўлмаган.
Қолаверса, даъво муддатини тиклаш масаласи ишни мазмунан натижаси бўйича маслаҳат хонасида қабул қилинадиган ҳал қилув қарори билан ҳал этилишини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шу сабабли ҳам журналистнинг суд даъво аризани “айланма йўллар” билан қабул қилганлиги ҳақидаги важлари ҳам иш ҳолатларига юқоридагиларга кўра тўғри келмаслигини таъкидлаш лозим.
Мазкур иш бўйича А. Гайбназаров судга даъво тақдим этишда давлат божини қисман тўлаб, қолган қисмини тўлашни кечиктиришни сўраган бўлиб, суднинг 2017 йил 27 октябрдаги ажрими билан давлат божини тўлаш иш мазмунан кўрилгунга қадар кечиктирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 23 январдаги ажрими билан суднинг ушбу ажрими ўзгаришсиз қолдирилган, бунга А. Гайбназаровнинг бирор жойда ишламаслиги, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳамда махалла фуқаролар йиғининг маълумотномаси асос бўлган.
Биринчи инстанция судинг даъвони таъминлаш чораларини қўллаш борасидаги процессуал ҳаракатлари юзасидан фикр ва мулоҳазалар ҳам иш ҳолатларига тўла мувофиқ келмаслигини таъкидлаш лозим.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2019 йил 20 ноябрдаги ажрими билан иш бўйича даъвони таъминлаш чоралари қўлланилиб, унга кўра жавобгарлар Д. Смирнов ва И. Хаитовларга тегишли уйларга ва у ерда жойлашган мол-мулкларга таъқиқ солинган.
Шунингдек, Д. Смирнов ва И. Хаитовларнинг иш мазмунан кўрилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Бундан ташқари, “Уз Пром Тех” МЧЖнинг ҳисоб рақамига (иш ҳақи ва бошқа мажбурий тўловлардан ташқари), шунингдек, мол-мулкларига банд солинган (кейинчалик суднинг 2018 йил 9 февралдаги ажрими билан суд ажримига тузатиш киритилиб, “Уз Пром Тех” МЧЖ ўрнига “Ўзпромтех Бухоро” ШК деб ўқилиши белгиланган.
Суднинг мазкур ажрими фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 23 январдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.
Кейинчалик фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2018 йил 19 февралдаги ажрими билан И. Хаитовнинг даъвони таъминлаш чорасини бекор қилиш ҳақидаги аризаси рад этилган.
Шунингдек, суднинг 2019 йил 1 мартдаги ажрими билан А. Гайбназаровга тегишли бўлган “Каптива” русумли автомашинага таъқиқ қўйилган, айни вақтда унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш ҳақидаги ариза рад этилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 13 мартдаги ажрими билан ушбу ажримлар ўзгаришсиз қолдирилган.
Кейинчалик фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судзининг 2018 йил 7 майдаги ҳал қилув қарори билан А. Гайбназаровнинг даъвоси қисман қаноатлантирилган.
А. Хаитов ва Д. Смирновларнинг А. Гайбназаровга нисбатан маънавий зарар ундириш ҳақидаги қарши даъволари рад этилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 3 июлдаги ажрими билан ҳал қилув қарори қисман (А. Гайбназаровнинг қарз фоизларини ундириш ҳақидаги даъвосини қаноатлантириш қисмида) бекор қилиниб, шу қисмида даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Кейинчалик фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 21 декабрдаги ажрими билан И. Хаитовнинг кассация инстанцияси ажримини янги очилган ҳолатларга кўра бекор қилиш ҳақидаги аризаси рад этилган ва бу ажрим апелляция инстанциясининг 2019 йил 16 январдаги 2019 йилдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 30 июлдаги ажрими билан шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 21 декабрдаги ва апелляция инстанциясининг 2019 йил 16 январдаги ажримлари бекор қилинган ҳамда кассация инстанциясининг 2018 йил 3 июлдаги ажрими янги очилган ҳолатларга кўра бекор қилинган.
Шу билан биргаликда, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2018 йил 9 февралдаги ва Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 13 апрелдаги ажримлари бекор қилинган.
Ҳозирда мазкур фуқаролик иши фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясида мазмунан кўрилмоқда ва шу сабабли ҳам журналистнинг иш ҳолатлари юзасидан фикр ва мулоҳазалари бўйича фикр билдириш ноўрин деб ҳисоблаймиз.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, муқаддам айнан шу ҳолатлар ёритилган ҳолда веб-сайтларнинг бирида “Қози калон, сизлар нимаики қилманг- ҳаммаси шариатга тўғри келаверади-я” мақоласи чоп этилган ва унга ҳам муносабат билдирилган бўлиб, ҳурматли журналистлардан суднинг иш юритувида бўлган ва мазмунан кўрилаётган ҳамда суднинг процессуал ҳаракатлари (даъвони таъминлаш чорасини қўллаш, давлат божи масаласи бўйича қарорлари ва ҳ. к.) Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкинлигини инобатга олишлари, суднинг муайян фуқаролик ишини кўришда судга таъсир кўрсатишни олдини олган бўлар эди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучдалиги ва унинг қонунийлиги фақатгина юқори турувчи инстанция суди томонидан текширилиши мумкинлиги сабабли журналист иш ҳолатларига фақатгина А. Смирнов, И. Хайитовларнинг позициясидан ёндошмасдан, иш материалларини ўрганган ҳолда мақолада фикр ва мулоҳазалар юритса мақсадга мувофиқ бўлган бўлар эди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди
Фикр қолдириш