БЕХОСИЯТ «ОВ» ЁХУД ТАЛОНЧИНИНГ ОҒИР ҚИСМАТИ

Сирдарёлик Диана Соколова (исм-шарифлар ўзгартирилган) сокин тунда осойишта кўчаларда сайр қилишни ёқтирарди. У кўчадатранспорт воситалари ва одамларнинг ҳаракати камайган чоғда сайрга чиқишни кундалик одатга айлантирганди. Ўша куни ҳам у ёлғиз ўзи кўчада сайр қилиб юрганди.

Аммо уйига қайтаётганда орқадан қандайдир қадам овози эшитилгандай бўлди. Ке­йин эса кутилмаганда қаршисида пайдо бўлган қандайдир кимса унинг оғзини бир қўли би­­лан ёпиб, иккинчи қўли билан сочидан тутамлаб, шу атрофдаги очиқ ҳовлига судраб кирди.

Қиз талончининг қўлидан қутулиш учун тинимсиз ҳаракат қилса-да, аммо бунинг уддасидан чиқолмайди. Бундан фойдаланган талончи унинг чўнтагидан бир миллион 56 минг сўмлик телефонини олиб, қочиб қолади.

Ушбу жиноий ҳодиса ўтган йилнинг 3 август куни Сирдарё шаҳри, «Адолат» маҳалласининг «Мурувват» кўчасида рўй берганди. Орадан икки кун ўтиб, шу маҳалланинг «Буюк Турон» кўчасидаги хонадонларнинг бирида яна талончилик жинояти содир этилди.

Сурайё Умматова ўша куни набираси билан ухлашга ёт­ганди. Ётишдан олдин «Самсунг J — 1», «Самсунг А — 3» ва тугмали «Нокиа» русумли — жами нархи бир миллион 500 минг сўм бўлган телефон аппаратларини электр қуввати олиши учун қўйганди. Уйга кириш эшиги ёпиқ эди.

Ширин уйқуга кетган С. Умматова кимнингдир қадам товушидан уйғониб кетди. Ташқаридан дераза орқали тушиб турган чироқ шуъласи хонани ғира-шира ёритаётганди. У бегона кимсанинг телефон аппаратларини йиғиштириб олаётганига кўзи тушди-ю, бирдан бақириб юборди ва шоша-пиша ўрнидан турди. Ўғри аёл бақир-чақирга тушган заҳотиёқ ўзини эшикка урди ва кўздан ғойиб бўлди…

Диана Соколова ва Сурайё Умматованинг уяли телефон аппаратлари талон-тарож қилингани тўғрисидаги мурожаатлари юзасидан қидирув ва суриштирув ишлари бошланганда, Сирдарё шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласи, «Боғбон» кўчасидаги хонадонларнинг бирида ҳам талончилик жинояти содир этилгани ҳақида хабар тарқалди.

Хонадон эгаси Хадича Имомназарова 9 августдан 10 августга ўтар кечаси уйда фарзандлари билан ухлаб ётганди. Тунги соат иккида бехосдан уйғониб кетган аёл хонада бегона одам юрганини кўриб, қўни-қўшниларни ёрдамга чақира бошлади. Шунда бояги кимса нархи бир миллион 740 минг сўм бўлган «Самсунг — Galaxy 4 — 11» русумли телефон аппаратини олиб қочиб кетади.

Далил ва тафсилотларни синчиклаб таҳлил қилган изқуварлар август ойининг дастлабки ўн кунида битта шаҳарда бир-бирига ўхшаш кетма-кет рўй берган учта талончилик жиноятини бир киши содир этган, деган хулосага келишди. Ҳақиқатан ҳам, суриштирув ва қидирув давомида ушбу тахминнинг тўғри экани исботланди.

Шунингдек, бу хавфли қилмишни Адҳам Қулбоев содир этгани маълум бўлди. 1989 йилда Сирдарё туманида туғилган, айни пайтда Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи А. Қулбоев муқаддам ўғирлик, талончилик ва бос­қинчилик жиноятларини содир этиб, тўрт маротаба судланган. Жиноят кодексининг 34-моддаси тартибида суд томонидан хавфли рецидивист деб топилган. Аммо А. Қулбоев аввалги қилмишлари ва суд томонидан тайинланган жазолардан тегишли сабоқ чиқармаган, жиноят кўчасидан қайтмаган. У кўнгли қаерни истаса, ўша ер­да жиноий йўл билан даромад топиш илинжида санғиб юрган.

Суриштирув ва тергов чоғида маълум бўлишича, А. Қулбоев жиноий йўл билан қўлга киритилган телефон аппаратларини сотиб, пулини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

А. Қулбоев тергов даврида етказилган зарар ўрнининг асосий қисмини қоплаган бўлса-да, жабрланувчилар судда судланувчига нисбатан қонуний чора кўришни сўрашди.

Шу ўринда қонунчиликда талончилик иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар туркумига кирилиб, хавфли қилмиш сифатида малакаланганини айтиб ўтиш керак. Қолаверса, Жиноят кодексининг 166-моддасида талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилганлик учун тайинланадиган жа­зо тури ҳам аниқ белгилаб қуйилган.

Олий суд Пленумининг «Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида «Ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш билан бошланган, лекин жабрланувчи ёки бош­қа шахслар томонидан сезиб қолганига қарамасдан айбдор томонидан мулкка эгалик қилиш мақсадида уларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб қилинган ҳаракатлар талончилик деб» тавсифланиши қайд этилган.

Ана шундай қонуний асосларга таян­ган суд судланувчи А. Қулбоевни Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериб, унга нисбатан ўн йил тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари у жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ўғирлик ва талончиликдан ҳеч ким барака топмаган ва топмайди ҳам. Тафсилоти баён қилинган воқеалар ҳам бунинг ёрқин исботидир. Зеро, ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш хавфли жиноят ҳисобланади ва унга ҳамиша жазо муқаррар.

Бобошер ҚУРБОНОВ,

Сирдарё вилояти

суди раиси ўринбосари,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: