АДОЛАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИ

Ҳаётда инсон ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизлик ва ноҳақликка тоқат қилолмайди. Орадан қанча йиллар ўтса-да, сабр­бардош билан курашиб, ҳақиқат қарор топишига эришиш асосий мақсадига айланади.

2009 йил апрель ойида Қўштепа тумани ички ишлар бўлими катта терговчиси лавозимида ишлаган Шарифжон Зокировга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Аниқроғи, Ш. Зокиров Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми “а” банди билан гумонланган М. Турсуновга енгиллик бериш эвазига унинг тоғаси Ш. Иброҳимовдан пора олганлик, қолаверса, Жиноят кодексининг 268-моддаси (транспортнинг хавфсиз ишлашини таъминлашга доир қоидаларни бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган Л. Мирзаевнинг фуқаролик паспорти билан унинг имзосини сохталаштирган ҳолда уяли алоқа компаниясидан рақам олиб, фойдаланиб келганликда айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2009 йил 31 июлдаги ҳукмига биноан Ш. Зокиров Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “б” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми ва 3-қисми билан айбдор деб топилиб, муайян муддатга ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқи ҳамда 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Албатта, Ш. Зокиров ўзини айбсиз деб билгани боис суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти ёзган. Лекин у жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2009 йил 9 сентябрдаги ажримига асосан қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Шу боис Ш. Зокиров 2009 йил 3 апрелдан 2013 йил 25 январга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазосини, 2015 йил 3 январга қадар эса, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ш. Зокировда ҳам ўзининг айбсизлигини исботлашга, ҳақиқатни қарор топтиришга яна умид пайдо бўлди. Бинобарин, у 2022 йилда Олий судга кассация тартибидаги шикоят билан мурожаат қилди. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 15 июндаги ажримига асосан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг ҳукми ва апелляция ажрими бекор қилиниб, Ш. Зокиров айбсиз деб топилди. Жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-бандига мувофиқ тугатилиб, у оқланади.

Олий суд ажримида Ш. Зокировга ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зарарларни қоплаш юзасидан Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шу боис у фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тегишли миқдорда маънавий зарар ундириб беришни ҳамда ўтаган жазо муддатини иш стажига қўшиб берилишини сўради.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 991-моддасига биноан, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўллаш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўлиқ ҳажмда қопланади.

Юқорида қайд этилган асосларга таянган суд Ш. Зокировга Фарғона вилояти ҳокимлигининг бюджет манбалари ҳисобидан 150 миллион сўм маънавий зарар ундириш, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси зиммасига даъвогарнинг 5 йилу 9 ой жазо муддатини иш стажига қўшиш мажбуриятини юклаш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида эътироф этиш лозимки, Ш. Зокиров сингари муқаддам ноҳақ судланган шахсларнинг оқланиши чинакам адолат тантанасидир.

Аслида давлатимиз раҳбари томонидан судлар олдига қўйилаётган энг муҳим вазифа ҳар бир иш юзасидан адолатли қарор чиқариш, қонун устуворлигини таъминлашдан иборат. Зеро, бу юртдошларимизнинг суд ҳокимияти, шу орқали амалдаги қонунларимизга бўлган ишончини янада оширади.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: