ХАТАРЛИ ЙЎЛ

Ахборот технологиялари кенг имкониятларга эга. Уларни санаб адоғига етиш мушкул. Афсуски, бу ғаразли кимсаларнинг чиркин ниятини амалга ошириш воситасига айланаётгани ҳам айни ҳақиқат. Инсон қалбини эгаллаш, унинг онгини заҳарлаш орқали қабиҳ мақсадларни кўзлаётганлар дин омилидан устамонлик билан фойдаланмоқда. Буни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилган бир жиноят иши ҳам яққол тасдиқлайди. Суднинг қора курсисида ўтирган Акмал (исм-шарифлар ўзгартирилган) эндигина 22 ёшга тўлган.

Ислом динини ўрганишга интилган Акмал дастлаб интернет тармоғидаги турли диний маърузаларни тинг­лаш­ни одат қилади. Бу ишга шун­­чалик муккасидан кетадики, хатти-ҳаракатларининг оқибати ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Кейинчалик «Одноклассники» ижтимоий тармоғида «Abdulloh» номли профиль очиб, унга тақиқаланган диний ташкилот вакилларининг маърузаларини жойлаштиради.

Шу тариқа тўғри йўлдан адашган Акмал динни ниқоб қилган террорчиларнинг ноғорасига ўйнай бошлайди. Аниқроқ айтганда, у мамлакатимизда таъқиқланган диний мазмундаги маърузаларни тарқатиш билан шуғулланади.

Суд мажлисларида Акмал қилган ишидан пушаймонлигини билдириш баробарида бошқаларни тўғри йўл­дан уриш нияти бўлмаганини маълум қилди.

Аммо Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Акмал тарқатган маълумотлар мамлакатимизда фаолияти тақиқланган «Тав­ҳид ва жиҳод катибаси», «Ўзбекистон ислом ҳаракати» террорчилик ташкилотларига тегишли бўлган, ақидапа­раст­лик ғоялари билан йўғрилган, жа­моат тартиби ва хавфсизлигига таҳ­­­дид солувчи, мутаассиблик руҳида шарҳланган маърузалар экани ҳақида хулоса берган. Шу боис суд Акмалнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайин­лади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда диний эътиқод борасида ҳеч қандай чекловлар йўқ. Айни пайт­да 11 та диний таълим муассаса­си фао­лият юритмоқда. Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактабларда ҳам Ислом динини ўрганиш учун шарт-шароитлар етарли.

Акмал бузғунчи ғоялар таъсирига тушмасдан, қонуний равишда диний сабоқ олганда умрининг гуллаган дав­ри­ни «темир панжара» ортида ўтказмаган бўлар эди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, инсон ҳар бир қадамини ўйлаб босса, ҳеч қачон адашмайди. Шу маънода Акмалнинг қисмати кўпчилик учун сабоқ вазифасини ўташи шубҳасиз.

Муҳтарама ТУРҒУНОВА,

Тошкент шаҳар суди судьяси,

Абдусалим МАҲМУДОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: