ЭРКИН ФУҚАРОЛИК МАҚОМИ 40 ЙИЛДАН СЎНГ СУД ОРҚАЛИ БЕЛГИЛАНДИ
1983 йилнинг 10 январда Хоразм вилоятининг Питнак шаҳрида (ҳозирги Тупроққалъа тумани) туғилган Умида Машарипова, унинг синглиси — 1986 йилнинг 7 апрелда дунёга келган Наташа Машарипова ва 1991 йил 11 майда туғилган кенжа сингил Нодира Машарипованинг туғилганлиги факти орадан ўн йиллар ўтгач, аниқроғи, 2022 йилнинг май ойида фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди томонидан тасдиқланган эди.
Чиндан ҳам, юқорида исм-шарифи қайд этилган опа-сингилларнинг ҳаёти узоқ йиллар мобайнида аросатда кечди, улар фуқаролиги бўлмаган шахслар рўпара келиши эҳтимоли бўлган қарама-қаршиликларни бошидан ўтказишди.
Уларга ҳатто мактабда муайян муддат таълим олишгани ҳақидаги шаҳодатнома ҳам насиб этмади. Фарзандларнинг бу янглиғ қисматига ота – Ўрозбой Машарипов ва она – Светлана Тиматева 1976 йил қонуний никоҳдан ўтмай турмуш қуришгани ва кейинчалик ҳам бунга лоқайдлик билан қарашгани сабаб бўлди.
Хайриятки, опа-сингиллар ҳаёти кеч бўлса-да, ўз изига тушди. Уларнинг ҳаётидаги муаммо қонун йўли билан бартараф қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ўтган йил 29 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан опа-сингилларнинг туғилгани факти эътироф этилди. Тупроққалъа тумани фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими суднинг шу юзасидан чиқарган ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлади. Бири 40, яна бири 37 ва яна бири 31 ёшдаги Умида, Наташа ва Нодира Машариповалар номига янги туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар берилди. Бунинг шарофати билан янги фуқаролик паспорти олишга йўл очилди. Ниҳоят, бу орзу ҳам ушалди. Опа-сингиллар янги фуқаролик паспортига эга бўлишди.
Албатта, узоқ йиллик аросатда кечган ҳаётдан сўнг эшик қоқиб келган бахтиёр дамлар опа-сингилларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Бироқ бу оиланинг армони ҳали буткул аригани йўқ. Аниқроғи, оналарни қийнаб келган муаммолар эндиликда уларнинг фарзандлари ҳаётига ҳам соя солаётганди. Опа-сингилларнинг тўнғичи Умида Машарипованинг 2004 йил 12 майда туғилган қизи Мафтуна, Наташа Машарипованинг 2011 йил 22 январда дунёга келган ўғли Беҳруз ва Нодира Машарипованинг 2016 йилнинг 15 июнида туғилган қизи Феруза ҳамда 2018 йилнинг 21 июнида дунёга келган Мавлуда ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олишмаганди.
Фалсафа илмидан хабардор киши сабабсиз оқибат бўлмаслигини яхши тушунади. Шу маънода опа-сингилларнинг фарзандлари туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ололмай қолиши бобо ва буви бўлмиш Ў. Машарипов ҳамда С. Тиматеванинг қонуний никоҳдан ўтмай турмуш қурганига бориб тақалади.
Ўрни келганда шуни айтиш керакки, суд ҳужжатларида қайд этилишича, туман фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими аввалига опа-сингилларнинг фарзандлари номига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш ҳақидаги талабини рад этган.
Шундан сўнг иш яна судга келиб тақалди. Бир неча ой муқаддам опа-сингилларга насиб этган мамлакатимиз фуқаролик мақоми фарзандлар номига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш гаровига айлангани ушбу жараёнда алоҳида қайд қилинди. Айни пайтда фарзандлар оналари қарамоғида яшаётгани хусусида маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган маълумотнома ҳам муаммонинг ижобий ечим топишига хизмат қилди. Фуқаролик кодексининг 295-моддасида қайд этилишича, туғилганлик факти суд тарафидан белгиланади.
Олий суд Пленумининг 1991 йил 20 декабрдаги “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 5-сонли қарорида фарзандликка олиш, никоҳ, никоҳдан ажратиш ва вафот этганликнинг ФҲДЁ органларида қайд этилганлиги фактини аниқлаш лозимлиги, қайд этилган фактлар агар ФҲДЁ органида тегишли ёзувлар архив ҳужжатлари йўқолганлиги сабабли сақланмаган ва бундай ёзувларни тиклаш ФҲДЁ органлари томонидан рад қилинган бўлса, суд томонидан аниқланиши белгиланган.
Фуқаролик кодексининг 297-моддаси иккинчи қисмига кўра, фуқаpолик ҳолати актларини қайд этиш органлаpида pасмийлаштиpилиши лозим бўлган фактлаpнинг аниқланганлиги тўғpисида суд чиқаpган ҳал қилув қаpоpи бу органлаp томонидан беpиладиган ҳужжатлаpни қайд қилиш ёки расмийлаштиртиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги факти, шунингдек, туғилган вақтини аниқлаш борасидаги ишлар ушбу кодекснинг 295-моддасига мувофиқ суд томонидан кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.
Суд қонун ҳужжатларидаги ана шу меъёрларга таянди. Шу аснода Машариповлар оиласининг 7 нафар аъзоси ўзларини узоқ вақтдан буён қийнаб келган муаммодан халос бўлди. Суд томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига мувофик уларнинг ҳар бири номига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Неча ўн йиллар мобайнида оворагарчиликдан боши чиқмай келган уч нафар опа-сингил ва уларнинг 4 нафар фарзанди орзуига эришди. Адолат ва ҳақиқат тантана қилди.
Учовлон онанинг қалбини чароғон этган бахтиёрлик шуъласи уларнинг дилбандлари бағрини ҳам нурга тўлдирди.
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш