ҚИММАТГА ТУШГАН АЛДОВ: СУД ФИРИБГАРГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ

Имтиёзли банк кредитлари асосида чорва молларини сотиб олиш оила даромадининг ўсиши ва аҳолининг чорва молларига бўлган талабини қондиришга катта ҳисса қўшаётгани айни ҳақиқат. Бироқ банк кредитларидан фойдаланишда давлат томонидан яратилаётган имкониятларни суиистеъмол қилиб, алдов йўли билан қинғир ишларга қўл ураётган кимсаларнинг ҳам борлиги таассуфли ҳолдир. Буни қуйидаги ҳаё­тий мисолда ҳам кўриш мумкин.

Ғузорлик Низом Ибодов (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилавий чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида туман ҳокими ёрдамчисининг тавсияси билан тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, “Халқ банки”нинг Ғузор тумани филиалига борганида “IDEAL PLYUS TOMORQA SERVIS” корхонаси раҳбари Санжар Ризаевни учратиб қолади. У қўшни республикадан қорамол ва қўй олиб келиб, уларни кредит асосида аҳолига тарқатаётганини айтади. Бу Н. Ибодов учун айни муддао эди. У шу заҳотиёқ С. Ризаевдан турмуш ўртоғи Лобар Ҳакимова номига 6 миллион сўмлик чорва кредитига қўй беришни илтимос қилади. Орадан уч кун ўтгач, кредит расмийлаштирилиб, Н. Ибодов таъминотчидан 4 бош қўйни олиб кетади.

Муаммонинг осон ҳал бўлганидан руҳланган Н. Ибодов яқин қариндошларига ҳам банк кредити асосида 32 миллион сўмлик чорва молларини олиб беради. Шу аснода у С. Ризаев ва бошқаларнинг ишончига кира бошлайди.

Иш шу даражага бориб етадики, С. Ризаев Н. Ибодовга чорва молларини эмин-эркин сотишга рухсат беради. Аммо Н. Ибодов бундан қинғирлик мақсадида фойдаланади. У С. Ризаев хизмат сафари билан хорижда юрган пайтида номаълум шахсларга 175 миллион сўмлик 26 бош қорамол ва 14 бош қўйни бериб юборади ҳамда пулини тез орада тўлашга ваъда беради.

Афсуски, орадан ойлар ўтса-да, Н. Ибодов ушбу маблағни корхона ҳисоб рақамига тушириб бермайди. Бу орада таъминотчи бир неча бор банк идораси ва Н. Ибодовнинг уйига қатнаб, овора-ю сарсон бўлади.

Аввалига ўзини ишончли одам қилиб кўрсатган Н. Ибодов аслида фирибгар бўлиб чиққани ва ўзини “чув“ туширганини англаб етган С. Ризаев охир-оқибат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Суриштирув ва тергов асносида фирибгарликнинг обдон ҳадисини олган Н. Ибодов 175 миллион сўмдан ташқари корхона ҳисоб рақамига ўтказиб бериш баҳонасида қариндошларидан олган маблағнинг 28 миллион сўмини ҳам шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборгани аниқланади.

Суд Н. Ибодовни фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Бундан ташқари жабрланувчи С. Ризаевнинг фойдасига 203 миллион сўм маблағ солидар тартибда ундириладиган бўлди.

Нафс қутқусига учиб, эгри йўлни танлаган Н. Ибодов шу тариқа қилмишининг ҳам моддий, ҳам маънавий жабрини тортди. Аммо чорва кредитини ажратишга масъул бўлган банк маъмурияти, ҳокимият масъуллари ҳамда бошқаларнинг хатти-ҳаракатини ҳам оқлаб бўлмайди.

Чунки лоқайдлик, “сен менга тегма, мен сенга” қабилида иш тутиш оқибатида ана шу жиноят содир этилган. Бинобарин, ҳаётда Н. Ибодов сингари фирибгарларнинг учраб туриши барчани теварак-атрофда кечаётган нохуш ҳодисаларга нисбатан огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Ана шундагина турли жиноятларнинг олди олинади.

Лазиза Расулова,

 жиноят ишлари бўйича

 Ғузор тумани суди раиси,

 Абдунаби Бобоёров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: