МАСЪУЛИЯТСИЗЛИККА СУД ХУСУСИЙ АЖРИМ БИЛАН МУНОСАБАТ БИЛДИРДИ
Маълумки, кундалик ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Агар тармоқда бир соат узилиш юз берса, бизга худди бир кундек, ҳатто бир суткадек туюлиб кетади. Аммо сув билан ҳаводек зарур бўлган ана шу бебаҳо неъматнинг ҳақини тўлашга келганда…
Фарғона туманлараро иқтисодий судига «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти даъво аризаси билан мурожаат қилди. Унда Фарғона туманидаги «Mirzasharif Xalilov» фермер хўжалигидан 272 166 300 сўм асосий қарз, 19 600 сўм почта харажати — жами 272 185 900 сўм маблағни ундириб бериш сўралган.
Гап шундаки, 2020 йил 1 январда Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси ва «Mirzasharif Xalilov» фермер хўжалиги ўртасида электр энергияси етказиб бериш юзасидан 2316-сонли шартномаси имзоланган.
Шартномага асосан, фермер хўжалиги истеъмол қилинадиган энергия учун олдиндан ҳақ тўлаш, корхона эса, электр энергияси етказиб бериш мажбуриятини олган. Бироқ фермер хўжалиги олдиндан тўловни амалга ошириш у ёқда турсин, ҳатто кечикиб бўлса ҳам, зиммасидаги мажбуриятни бажармаган. Пировардида оддийгина, онгли равишда амалга оширилиши мумкин бўлган тўлов билан боғлиқ иш судгача етиб келган.
Албатта, суднинг 2021 йил 26 мартдаги ажрими билан даъво талаблари қаноатлантирилган. Лекин масаланинг суд жараёнида аён бўлган бошқа бир жиҳати ҳам борки, бу жиддий чора-тадбир белгилашни тақозо этади. Яъни 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, «Mirzasharif Xalilov» фермер хўжалигининг электр энергиядан жами 1 миллиард 201 миллион 618 минг 541 сўм муддати ўтган қарзи мавжуд. Бунга эса, 345 478 544 сўм пеня ҳисобланган.
Ваҳоланки, 2020 йил давомида хўжалик электр энергияси учун бор-йўғи 77 260 220 сўм тўлаган, холос. Бошқача айтганда, у йиллар мобайнида электр энергияси ҳақидан қарздор бўлиб келаверган. Ҳар йили икки томонлама тузилган шартномаларнинг тўловни олдиндан амалга ошириш ҳақидаги банди қоғозда қолиб кетган. Энг ачинарлиси, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси масъуллари ушбу қарздорликни ундиришга масъулиятсизлик билан қараб келишган.
Буни қарангки, айнан шундай ҳолатни тумандаги «Оқтом Турсунобод замини» фермер хўжалиги фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Яъни 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, ушбу фермер хўжалиги ҳам электр энергиясидан «атиги» 895 миллион 260 минг 865 сўм қарздор бўлган, холос.
Айтиш керакки, Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасида ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа орган, юридик шахс, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эканлиги белгиланган. Бинобарин, суд даъво талабини қаноатлантириш баробарида жавобгар фермер хўжалиги томонидан мунтазам равишда, жуда катта миқдордаги электр энергия сарфланса-да, ўз муддатида тўловни амалга оширмаслик сабаблари ва фермер хўжалиги қайси мақсадларда бунчалик кўп электр энергия сарфлаётганини Фарғона тумани ҳокимлиги, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси мутахассислари иштирокида фермер хўжалиги жойлашган ҳудудга чиқиб, қўшимча равишда ўрганиш ҳамда бу борада тегишли чора-тадбирларни кўришни лозим топди. Шу мақсадда хусусий ажрим чиқарилиб, Фарғона тумани прокуратурасига юборилди. Натижада туман прокуратураси томонидан ҳар икки ҳолат бўйича тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳеч бир жисмоний ёки юридик шахс фойдаланилган электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлашни унутмаслиги керак. Зеро, электр энергияси ишлаб чиқариш учун давлатнинг қанчадан-қанча маблағи сарфланишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Фикр қолдириш