НАФС ҚУТҚУСИ ФИРИБГАРЛИККА ЕТАКЛАДИ

Урганч шаҳрида яшовчи Сабоҳат Матчонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) анчагина ҳушёр ва ҳар қандай ишни етти ўлчаб бир кесган ҳолда амалга оширадиган аёл эди. Ана шу ҳушёрлиги қўл келиб, у фириб тўрига илинмай қолди.

Гап шундаки, С. Матчонованинг жия­ни — холасининг ўғли Мардон Ўлмасов шу йилнинг март ойида ҳарбий хизматга кетиш олдидан Урганч тумани мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қилади. Бироқ ҳадеганда аниқ жавоб ололмайди. Бинобарин, Сабоҳат опа масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман мудофаа ишлари бў­лимига боради. Ўша ерда у чақирув бўлинмаси бошлиғининг ёрдамчиси Азимбек Йўлчиевга дуч келади.

— Мардонбекнинг ишлари нима бўляпти? Шу ҳақда маълумот берсангиз, — деб сўрайди аёл ўзини таништиргач.

— Жиянингиз ҳарбий хизматга кета олмайди, — деб жавоб беради А. Йўлчиев.

— Нега?, — ҳайрон бўлади С. Матчонова.

— Муаммо шундаки, унинг вазни енгил. Шу боис тиббий текширувлардан ўта олмайди, — дейди Азимбек.

— У ҳарбий хизматга боришни жуда-жуда хоҳлайди. Илтимос, ёрдам берсангиз.

Буни қарангки, Сабоҳат Матчонованинг илтимосидан А. Йўлчиев кутилмаганда «жонланиб» қолади. Яъни у шу баҳонада аёлдан мўмай даромад ундириб қолишни режалаштиради. Аввалига бироз ўйланиб туради-да, сўнг мақсадга ўтади.

— Ёрдам беришнинг йўли бор, — дейди гапни узоқроқдан бошлаб. — Бунинг учун шифокорларга икки юз доллар бериш керак…

Бу гапни эшитиб, Сабоҳат опа икки­ланиб қолади. Сўнгра атайин савол беради:

— Пул берсам, жиянимнинг иши аниқ ҳал бўладими?!

— Мана, мен турибман-ку?!

Қисқаси, А. Йўлчиев С. Матчоновага қуюқ ваъда беради. Қолаверса, пулни тайёрлаб туришини ва ўзи хабар беришини тайинлайди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, Азимбек қўн­ғироқ қилиб, шифокорлар пулни сўраётганини айтади. Лекин Сабоҳат Матчонова ҳали холаси билан маслаҳатлашмаганини билдиради.

— Тезроқ ҳал қилинг, ҳеч қурса, юз доллар бериш керак. Жиянингизга тиббий хулоса олиш шунга боғлиқ, — дея очиқдан-очиқ талаб қўяди А. Йўлчиев.

Шундан сўнг С. Матчонова Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, таъмагирга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.

Бинобарин, 2022 йил 6 апрель куни айни мурожаат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Азимбек Йўлчиев 1 000 000 сўмни олаётган вақтда қонун ҳимоячилари томонидан ушланиб, фирибгарлик жиноятини охирига етказа олмади.

Яна бир урганчлик Оғабек Қадамов ҳам 24 ёшида фирибгарликка қўл урди. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган бу йигит тилла буюмлар савдоси билан шуғулланарди.

Ўтган йилнинг май ойи эди. У анчадан буён ўзи сингари тилла тақинчоқлар савдоси билан машғул бўлган Санамжон Эрниёзовага қўнғироқ қилади.

— Тилла занжир бор, оласизми?, — деб сўрайди.

— Майли, бир кўрай-чи, — дейди С. Эрниёзова.

Шу боис Оғабек тақинчоқни тиллофуруш аёлнинг уйига олиб боради.

— Бир дўстим сотиб беришни илтимос қилганди, — дея изоҳ беради у тилла занжирни С. Эрниёзовага узатаётиб.

— Текшириб кўрдингизми?

— Ҳа, текширдим, соф тилла, — дейди О. Қадамов ва тақинчоқнинг вазни 15,5 грамм эканлигини айтади.

Шундан сўнг харидор унга 4 700 000 сўм санаб беради. Аммо эртаси куни ўша буюмнинг олтин эмас, балки кумушдан тайёрлангани аён бўлади.

Бундан асаби бузилган Санамжон опа дар­ҳол Оғабекка қўнғироқ қилади.

— Йўғ-ей, мен текширганимда ундай эмасди-ку?! — дея О. Қадамов каловланади. Сўнг тақинчоқни қайтариб олади.­ Бироқ турли важ-карсонларни рўкач қи­либ, пулини қайтаришни пайсалга со­либ юраверади.

Охир-оқибат С. Эрниёзованинг қўнғироқларига жавоб ҳам бермай қўяди.

Орадан тўрт ойга яқин вақт ўтгач, Оғабек Қадамов М. Бўтаевни ҳам чув туширади. Аниқланишича, 2021 йилнинг июль ойида М. Бўтаев 2 ой муддатга, ойига 7 фоиз устама тўлаш шарти билан ундан 2 950 АҚШ доллари миқдори­да қарз олади. Гаров тариқасида эса, ҳақдорга нархи 6 000 АҚШ долларига тенг бўлган, 12 турдаги тилла тақинчоқ­ларни беради.

2021 йилнинг 1 сентябрь куни қарзининг 2 500 АҚШ долла­рини қайтаради.

Келишувга кўра, шундан сўнг Оғабек гаровдаги тилла буюмларни қайтариб бериши лозим эди. Лекин у тақинчоқларни олиб чиқиш баҳонаси билан Урганч савдо марказига ки­риб кетади-ю, қайтиб чиқмайди.

Кутавериб тоқати-тоқ бўлган М. Бўтаев қўн­ғироқ қилганида унинг телефони ўчирилган эди. Бинобарин, жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Албатта, юқоридаги ҳолатлар юзасидан иккала фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди уларни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.

Хулоса ўрнида айтганда, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар қанча огоҳлантирилмасин, соддадил, ўта ишонувчан, шу билан бирга, мақсадга эришишнинг осон йў­лини танлайдиган кишилар мазкур жи­ноятнинг жабрланувчисига айланмоқда.

Шундай экан, бугунги «қаҳрамон»ларимизнинг қисмати ҳам кўпчиликка сабоқ бўлади, деган умиддамиз.

Дилдора ПЎЛАТОВА,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: