ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШГАНЛАРГА СУД ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ

Саломатлик — бебаҳо неъмат. Инсон соғлиги учун хизмат қилиш олий саодат, эзгу амал ҳисобланади. Бу борада меҳнат қилаётган барча касб эгалари эътирофга лойиқ. Бироқ ҳаётда шундай кимсалар ҳам учрайдики, улар мўмай даромадга эга бўлиш учун ҳар қандай тубанликдан қайтмайди. Нафси ҳакалак отган Шокир Тўраев ва Юлдуз Қосимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай кимсалар сирасидан.

Икки нафар фарзандли бўл­­­са-да, ҳаётга енгил қарагани сабабли турмушидан ажраган Ю. Қосимова болалар тарбияси билан шуғулланиш, пешона тери эвазига ҳалол пул топиш ўрнига ижтимоий тармоқларда вақт ўтказишни одат қилди. Кунларнинг бирида у Шокир Тўраев билан танишиб қол­ди. Муқаддам жиноят содир этгани учун судланган янги таниши унга мамлакатимиз ҳудудида сотиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланган, ҳомила туширишда қўлланиладиган «Me­so­pril Kit» номли до­ри воситасини сотишда ёр­дам­лашса, мўмай даромад топиши мумкинлигини бил­дирди.

Юлдуз бу таклифга дарров рози бўл­ди.

Тубанлик ботқоғига ботган аёл бу иш қонунга хилофлиги, қолаверса, ҳам диний, ҳам инсонийлик тамойилларига зид эканини ўйлаб ҳам кўр­мади.

Юлдуз Қосимова тез орада ижтимоий тармоқлар орқали топган харидорга 5 миллион 400 минг сўмлик ноқонуний до­ри воситасини сотади. Бундан нафси баттар ҳакалак отган Ю. Қосимова янгидан-янги мижозлар топиб, мўмай даромадга эга бўла бошлади.

Халқимизда «Кўза кунда эмас, кунида синади» деган ҳик­матли нақл бор.

Жирканчли усулда осон пул топаётган ҳамтовоқларнинг қилмиши ҳам шу тариқа якун топди. Аниқро­ғи, улар нав­батдаги мижозга мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган 2 минг 800 до­на дори воситасини 9 минг АҚШ долларига сотаётган пайтда ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари тарафидан қўлга олинди.

Мурод Турдиев (исм-шариф ўзгартирилган) ҳам ичкиликка ружу қўйиб, ўзини тубанлик бот­қоғига ташлади. Эндигина ўттиз беш ёшга кирган Мурод ичкилик туфайли хотини ва икки фарзандини қаровсиз қолдириб, турли ишлар билан шуғулланиб юрди. Ниҳоят, катта бир корхонага ишга кириб, дастлабки маошини олиши билан ичкиликбозликни яна давом эттирди.

Икки кун тинимсиз ичиб, бор-будини совурган Мурод пул топиш илинжида кўчага чиқди. Ичкилик хумор қилгани бо­ис ўша пайтда у тезроқ пул топишни ўйларди, холос. Шунда кўп қаватли бинолар яқинида қаровсиз қолдирилган «Nexia-2» русумли автомобилга кўзи тушиб қол­ди. Эшиги очиқ қолган машинага ўтириб, салонда турган сумкадаги пулни ол­ди. Сўнгра машинани ўт олдириб, ичкилик сотиб олиш учун дў­кон излай бошлади. Бироқ маст ҳолатда бўлгани сабабли бош­қарувни йўқотиб, машина дарахтга бориб урилди. Шундан кейингина кайфи тарқа­ган Мурод чор-атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, воқеа жойидан қочиб кетди. Аммо во­қеа жойидаги кузатув камералари ва бармоқ излари Муроднинг қилмишларини фош қилди.

Албатта, суд мажлисларида юқорида қилмиши баён этилган жиноятчиларга нисбатан қонуний жазо тайинланди. Лекин масаланинг бошқа жиҳатлари кишини ўй­га толдиради. Гап шундаки, баён этилган жиноятлар тафсилоти уларни содир этган кимсаларнинг тубанлик йўлини танлаганини кўрсатади.

Агар улар ҳаётга енгил-елпи муносабатда бўлиб, осон пул топишни ўйлашмаганда эди, суднинг қора курсисига ўтирмаган бўларди. Бу эса, одоб-ах­лоқ, тарбия, маънавият ҳаёт-мамот масаласи эканидан далолатдир. Шу боис уларга доимий эътибор қаратиш зарур.

Санжар ИБОДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: