ҲАҚИҚАТ ЭГИЛАДИ, БУКИЛАДИ ЛЕКИН СИНМАЙДИ…
Ибрагим Эгамбердиев 2008 йил август ойидан 2016 йилнинг март ойига қадар Фарғона шаҳридаги ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган “Мурувват” интернат уйининг директори лавозимида фаолият олиб борган.
Бу давр оралиғида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинса, 250 ўринга мўлжалланган “Мурувват” уйининг моддий, иқтисодий, маънавий ҳаётида катта ўзгаришлар, янгиликларга қўл урилганини кўриш мумкин.
Энг аввало, имконияти чекланган болаларни таълим-тарбия жараёнида янги дастурлар амалиётга тадбиқ этилди. Ўғил-қизларнинг машғулотларга қизиқишини ошириш, ўз кучига ишонч ҳосил қилдириш, ҳар бир боланинг умумий ва нутқий ривожланишдаги ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, оғзаки нутқни ўстириш, эшитиш, кўриш, идрокни ривожлантириш, майда қўл мускулларининг ҳаракатчанлигини ошириш борасида кенг қамровли ишлар ташкил этилди. Ногирон болаларга озиқ-овқат таъминоти ҳамда маҳсулотларнинг сифатига эътибор кучайтирилди, белгиланган меъёрларга тўлиқ риоя этилиши таъминланди. “Мурувват” уйида сенсорика ва қўл моторикасини ривожлантириш хоналари ташкил этилди.
Тарбияланаётган болаларни ташқи муҳит билан алоқасини мустаҳкамлаш ҳамда яшаш шароитини яхшилаш учун 25 та рангли телевизор ётоқхоналарга ўрнатиб берилди. Ҳомийлар маблағларини жалб қилган ҳолда ёзги ошхона, замонавий болалар ўйингоҳи, амфитеатр ва чўмилиш ҳавзаси, жаҳон андозаларига жавоб берадиган мини футбол майдони ҳамда “Мурувват” уйи ҳовлисининг 70 метр узунликдаги ён деворлари қуриб битказилди. Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Мурувват” уйининг қишки спорт зали мукаммал таъмирланиб, зарур анжомлар билан таъминланди. Қуриб битказилган иссиқхонада лимон кўчатлари, кўкатлар ва зираворлар экилди ва кунлик эҳтиёжларни қоплади.
2011 йил Инвестиция дастурига асосан 50 ўринли болалар ётоқхонаси қурилиб, фойдаланишга топширилди ва бунинг учун 521 миллион сўм миқдорида бюджет маблағи сарфланди. Болаларни яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида «Мурувват» уйининг ҳовлисига ҳомийлар томонидан 3 та ёзги айвонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
200 ўринли асосий ётоқхона корпуси ва ошхонасида реконструкция ишлари олиб борилди. Бу жараёнда замонавий юқори қувватга эга кир ювиш ускуналари билан жиҳозланган кир ювиш бўлими биноси, барча қулайликларга эга 39 та ётоқхона, 11 та ўқув хоналари, қишки бассейн, даволаш, жисмоний тарбия хонаси ва кино зал қуриб битказилди. Ошхона тўлиқ таъмирланди ва замонавий таом тайёрлаш жиҳозларига эга бўлди. Бундан ташқари, иситиш, барча коммуникация тизимлари тўлиқ янгиланди, қозонлар эса замонавий тежамкор иситиш қозонларига алмаштирилди ва 3 қаватли асосий бинога лифт ўрнатилди. “Мурувват” уйининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан 5 та компьютер тўплами, 5 та принтер, омборхоналарда сақланаётган маҳсулотларнинг сифати бузилмаслиги учун 3 та кондиционер, 10 та ногиронлар аравачаси сотиб олинди.
Буларнинг бари айтишга осон холос. Ҳар бир ижобий ишнинг ортида заҳмат, тинимсиз меҳнат ётади. Ташаббус ва таклифни ўз вақтида қўллаб-қувватланишига эришиш, олдинга қўйилган мақсад сари интилиш учун имконияти чекланган болаларни жон қадар севиш, уларнинг дардини ўз дарди, муаммоларини ўз муаммоси деб билиш керак эди. Ибрагим ака кичкинтойларни жудаям яхши кўргани сабаб кўнгли ўксик болаларга ҳаёт қувончларини ҳадя этишни ўзининг биринчи навбатдаги инсонийлик бурчи деб билди. Ташаббус, фидойилик билан, ҳалол ва фаолликда ишлади.
Аммо тақдир инсонни турфа синовларда хўп ва обдон тоблар экан. И.Эгамбердиев ҳам ҳаётнинг ширин кунлари қаторида аччиқ азобини ҳам тотиб кўрди…
2016 йилнинг февраль ойида жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукмига кўра, унга Жиноят Кодексининг 167 -моддаси 2-қисмининг “в, г” бандлари ҳамда 209- моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 2 миллион 604 минг 800 сўм миқдорида жарима ва ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, бир йил муддатга моддий ва мансабдор лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси белгиланди.
Суднинг ҳукмига кўра И.Эгамбердиев мансабдор шахс бўлгани ҳолда, муассаса ҳисобчиси У.Мирзаев билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ортиқча ЛФК инструктори штатини белгилаб, бир ставка ҳайдовчи штатини лимитдан ортиқча киритиб, кутубхоначининг ишламаган ва йўл қўйилган мажбурий прогули учун иш ҳақи ҳисобига тўлаб, жами 19 миллион 341 минг сўм бюджет маблағларини растрата йўли билан талон-тарож қилганликда айбли деб топилган.
Ниҳоят, уч ярим йил давомидаги ҳақиқат учун кураш жараёнида юқоридаги ҳар иккала модда бўйича собиқ директорга қўйилган айблар асоссиз эканлиги, хатти-ҳаракатларида ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят аломатлари йўқлигини далиллар билан исботланишига эришилди.
Судланган И.Эгамбердиев ва У.Мирзаевлар ҳимоячиси билан биргаликда келтирилган кассация шикоятида, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабали оқлов ҳукми чиқаришни сўрашган.
Жорий йилнинг июнида Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантириш ҳақидаги фикрларни тинглаб, иш материалларини таҳлил этиб, қатор асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим деб топди.
Ишни кассация инстанциясида кўриш жараёнида, дастлабки тергов ва биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисонна текшириб чиқилмаганлиги, И.Эгамбердиев ва У.Мирзаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари борлиги аниқланмасдан, суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганлигини исботловчи далилларсиз айбли деб топилганлиги аниқланди. Уларнинг ҳаракатида ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан давлат бюджети маблағларини растрата қилганликда ифодаланган жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги аён бўлди.
Шу сабабли, судлов ҳайъати И.Эгамбердиев ва У.Мирзаевларга оид жиноят ишини синчковлик билан, тўла ва холисона текшириб чиқиб, уларнинг ҳаракатларида жиноятга дахлдорлиги фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни муҳокама қилиб, дастлабки тергов ва суд томонидан уларнинг ихтиёрида бўлган давлат бюджети маблағларини растрата қилганликда ифодаланган жиноятни содир этишда айбини исботловчи далиллар тўплаш имкони ҳам қолмагани, қилмишларида жиноят таркиби бўлмаганлигини инобатга олди. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг тегишли моддаларига амал қилиб, судлов ҳайъати томонидан ажрим қилиниб, И.Эгамбердиев ва У.Мирзаевларга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 17 февралдаги ҳукми бекор қилинди. Улар айбсиз деб топилиб, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан реаблитация қилишни, шу муносабат билан етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишди.
Энг қолоқ бўлган “Мурувват” уйини республикадаги энг намунали “Мурувват” уйига айлантирган, 8 йил давомида идорама-идора югуриб, 5 миллиард 200 миллион сўмлик бино қурилишига эришиб, муассасадаги шароитни яхшилаб, замонавий жиҳозлар билан жиҳозлашга бош бўлган Ибрагим Эгамбердиев раҳбарлигидаги “Мурувват” уйи республикадаги энг яхши тиббий-ижтимоий муассаса деб эътироф этилганди. Аммо очилган сохта жиноят иши хайрли бу каби ишларнинг давомли бўлишига тўсқинлик қилди.
Суд оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш билан адолатни қарор топтирувчи ягона маҳкамадир. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар туфайли кейинги вақтда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан бир неча шахсларга оқлов ҳукмлари чиқарилмоқда. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейдилар. Барибир адолат қарор топди. Ҳаётнинг ўзи оқни оққа, қорани қорага ажратиб қўйди. Суд тизимидаги ислоҳотлар натижасида ноҳақликларга барҳам берилиб, инсонларнинг юзи ёруғ бўлишига имкон туғилди. Бу адолат тантанасидир.
М. Сулаймонов,ЎзА
Фикр қолдириш