АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ
Бугунги кунда судлар Президентимиз ният қилганидек, адолат қўрғонига айланиб бораётгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда ишончли таъминлаётганига бошимга тушган бир низоли иш мисолида гувоҳ бўлдим.
Гап шундаки, мен 2016 йил 24 майда Фарғона шаҳар, Озодлик кўчасида жойлашган 1 «В» уйнинг 10 хонадонини Г. Ибрагимовадан нотариал тартибда сотиб олгандим.
Аммо бу қувончимиз узоққа чўзилмади. Нега деганда, Фарғона шаҳар ҳокимлиги Г. Ибрагимова ва бошқаларга нисбатан ордер, ҳоким қарори, олди-сотди шартномаси, гувоҳнома ва кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Биринчи босқич суди бу даъво аризасини қаноатлантирди. Натижада биз, оиламиз билан яхши ниятда сотиб олган уйдан ажралиб қолдик. Рости гап, ўша пайтда кўз ўнгимда дунё қоронғи тортиб кетгандек бўлди. Бунинг устига турли суд инстанцияларига қилган мурожаатим бирон-бир натижа бермади.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат қилдим. Менинг назорат тартибидаги шикоятим Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан батафсил ўрганиб чиқилди ва қуйи судларнинг ҳал қилув қарори ҳамда ажримлари бекор қилинди.
Фуқаролик иши қайта кўриб чиқиш учун фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига юборилди. Бир сўз билан айтганда, адолат қарор топди.
Ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьялари ушбу низоли ишни қонун талаблари асосида кўриб чиқишди ва бир неча йиллардан буён чўзилиб келаётган низо адолатли якун топди.
Суднинг ажримига кўра, менинг мулк ҳуқуқим тикланди, инсофли эгалловчи эканим ўз тасдиғини топди.
Суднинг адолатли қароридан оиламизнинг қувончи чексиз. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятига оиламиз номидан чуқур миннатдорчилик билдираман. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдек эзгу фаолиятингизга катта муваффақият тилайман.
Ф. Ҳакимова,
Фарғона шаҳар, Озодлик кўчаси,
1 «В» уй, 10 хонадон
Фикр қолдириш