ИНВЕСТИЦИЯВИЙ НИЗОЛАРНИ СУДЛАРДА ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ
Муқаддам амалда бўлган қонунчилик талабига кўра, инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестиялар билан боғлиқ низолар туманлараро, туман ва шаҳар даражасидаги судлар томонидан ҳал қилинар эди. Бу ўринда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар назарда тутилмоқда.
Биргина иқтисодий судларда 2017 йилда инвестиция фаолияти билан боғлиқ 576 та, 2018 йилда 609, 2019 йилда 647 та низолар ҳал этилган.
Ўтган йилда иқтисодий судларда чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ низо ҳал этилган. Ушбу иқтисодий ишларнинг деярли ярми Тошкент шаҳар иқтисодий судида кўриб чиқилган.
Иқтисодиётда инвестицияларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Шунга қарамай, инвестициявий низоларни ҳал қилишда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шаклланишига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар хил ёндашув ва сансалорликларга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Бу ўринда, хусусан, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилиш масаласи ҳақида сўз бормоқда.
Шу мақсадда 2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.
Жумладан, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланди.
Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги 301-модда киритилди. Унга кўра, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига:
инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;
инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар;
инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;
инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;
инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар киради.
Бундан ташқари ушбу кодекс яна 302-модда билан тўлдирилди. Мазкур янги модда юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги нормалардан иборат.
Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси тарихий аҳамиятга эга бўлиб, айни соҳадаги ислоҳотларни ҳам янада чуқурлаштиришга хизмат қилади. Мурожаатномада таъкидланганидек, бу борадаги муҳим янгилик — инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилганлиги бўлди.
Олий судда инвестициявий низолар бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилиши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловлилик қоидаларининг белгиланиши инвесторларнинг низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида сарсон бўлишининг олдини олади.
Уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, айни вақтда соҳада амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестициявий муҳитнинг жозибадорлигини янада ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда шу орқали халқ фаровонлигига эришишдир.
Инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмининг такомиллашиши эса, инвестициявий низолар тез ва самарали ҳал қилинишига, ягона суд амалиёти таъминланишига кўмаклашади.
Сарвар Солиев,
Тошкент туманлараро
иқтисодий судининг раиси
Фикр қолдириш