ҚОНУН ТАДБИРКОРНИ ҚЎЛЛАДИ

Маълумки, ҳар бир қонун моҳиятида адолат, ҳалоллик ва қатъиятлилик каби тамойиллар мужассам. Шу боис қонун талабларига риоя этган киши ҳеч қачон кам бўлмайди.

Фикримизни ҳаётий мисол асосида давом эттирадиган бўлсак, Нарпай тумани, «Ипак йўли» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 370 квадрат метр ер майдони учун ўтказилган электрон онлайн-аукционда омад А. Меҳриддиновга (исм-шарифлар ўзгартирилди) насиб этади. У аук­цион­ ғолиби деб топилади.

Айтиш керакки, аукцион баённомасида тадбиркор томонидан 300 миллион сўм миқдорида инвестиция киритилиши қайд қилинган. Ер участкасида барпо этиладиган бино ва иншоотларни қу­риш ҳам, инвестиция мажбуриятларининг бажарилиш муддати ҳам ўн икки ой этиб белгиланган.

Де­мак, аукцион ғолиби А. Меҳриддинов ўн икки ойлик муддатда бино ва иншоотларни қуриб, ишга тушириши ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши керак.

Бунинг устига А. Меҳриддинов тадбиркорлик фаолия­тини юритиши учун қонуний асослар бор. Хусусан, аукцион баённомаси ушбу ер участкасининг олди-сотди шартномаси кучига эга. Бу — биринчидан, иккинчидан ер участкасини А. Меҳриддиновнинг номига давлат рўйхатидан ўтказилиши унинг ушбу ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳу­қуқини вужудга келтирган.

Аммо у ер участкасига бориб, ушбу ер майдонидан қо­нунсиз фойдаланиб келаётган М. Умматов ва Ф. Сайфиеванинг қаршилигига учради.

А. Меҳриддинов ерни сотиб олгани ва унинг қонуний эгаси эканлигини таъкид­ласа-да, улар тадбиркорнинг гапини инобатга олишмади, ер­ни бўшатиб беришни исташмади.

Қайта-қайта огоҳланти­риш­лар М. Умматов билан Ф. Сайфиевага таъсир қилмади, улар ер майдонини бўшатиб қў­йишдан бош тортишди.

Шундан сўнг А. Меҳриддинов М. Умматов ва Ф. Сайфиевани ўзига тегишли ер май­донидан мажбурий тартибда чиқаришни сў­раб, судга даъво ариза билан мурожаат қилди.

Биринчи босқич суди қо­нун талаби ва иш ҳолатидан келиб чиқиб, даъвогарнинг ер майдонига нисбатан эга­лик ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги, маҳаллий давлат органи томонидан ер майдони даъвогарга инвес­тиция шартларини бажариш шарти билан сотилгани, жавобгарлар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, уни бўшатиб беришдан бош тортаётгани, даъвогарнинг ўзига қарашли мол-мулк­дан ўз хоҳиши билан фойдаланишини чеклаб қўя­ётганини инобатга олди. А. Меҳриддиновнинг даъво аризасини қаноатлантиришни лозим топди.

Суд даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришда Фу­қаролик кодексининг 164-моддаси талабларига таянди. Чунки ушбу моддага кў­ра, мулк ҳу­қуқи шахснинг ўзи­га қа­рашли мол-мулкка ўз хо­ҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қи­лиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунинг­дек, ўзининг мулк ҳу­қуқини ким томонидан бўл­масин, ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қи­лиш ҳу­қу­қидан иборатдир.

Бундан ташқари суд даъво аризасини қаноатлантиришда Ер кодексининг 39-моддасида назарда тутилган ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участ­каси мулкдорининг мавжуд қатор ҳуқуқларга эга эканлигини инобатга олди.

Яқинда биринчи босқич судининг ушбу ҳал қилув қа­рори устидан М. Умматов ва Ф. Сайфиева томонидан берилган апелляция шикояти вилоят суди фуқаролик ишлари бў­йича судлов ҳайъа­тининг апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд биринчи босқич судининг ҳал қилув қа­рорини ўзгаришсиз, апелляция ши­­коятини қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Қисқаси, қо­нун тадбиркорни қўллади, унинг ҳақ эканлиги судда ўз исботини топди.

Шавкат РАМАЗОНОВ,

Самарқанд вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: