БАЖАРИЛМАГАН ВАЪДА ЁХУД ФИРИБ ТУЗОҒИ

Юртимизда мунис, меҳрибон ва ҳалол аёллар жуда кўп. Улар ҳамиша эъзоз ва ардоққа муносиб. Аммо Хонқа туманидаги “Порлоқ” маҳалласида яшовчи Шоҳсанам Худойназарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундай таърифдан анча йироқда.

Гап шундаки, содда одамларни ишонтириш маҳоратини яхши эгаллаган Ш. Худойназарова ўтган йилнинг май ойида Олажа қишлоғида истиқомат қилувчи тадбиркор Қобил Зариповга ўзини шакар савдосининг уддабурон вакили сифатида таништирди. Ўзаро мулоқот чоғида у исталган миқдорда шакар етказиб бериши мумкинлигини ишонарли тарзда баён қилди.

“Ишбилармон” аёлнинг гапларига ишонган Қ. Зарипов унинг қўлига 23 миллион юз минг сўмни қандай берганини ўзи ҳам билмай қолди. Шу бўйи ишонувчан тадбиркорга қорасини ҳам кўрсатмаган Ш. Худойназарова 30 май куни Хонқа деҳқон бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи Рустам Содиқовнинг олдига бориб, харидоргир маҳсулот ҳисобланган буғдой унини етказиб бериш мумкинлигини билдирди. Унинг гап-сўзларига ишонган дўкондор 300 қоп унга харидор бўлди ва олдиндан 57 миллион сўмни Ш. Худойназарованинг қўлига тутқазди. Бироқ нақд пулни олган “уддабурон”нинг ваъдаси насияга айланди.

“Чув” тушириш навбати “Тома” маҳалласида яшовчи Дурдона Раҳматовага етиб келди. Уй соҳибасига ўзини арзон нархда ун, шакар ва ўсимлик ёғи савдоси билан шуғулланувчи савдогар сифатида танитган Ш. Худойназарова 2 миллион 300 минг сўм эвазига маҳсулотларни узоғи билан бир-икки кун ичида етказиб беришга қуюқ ваъда берди. Бироқ харидорнинг уйидан узоқлашмаёқ бу ваъдани ҳам батамом унутди.

Яъни орадаги савдо насиялигича, ваъда ваъдалигича қолди.

Фирибгарликнинг ҳадисини олган Ш. Худойназарова бу пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборгани етмагандек, атиги икки ой ичида яна 9 нафар кишини “чув” туширишга улгурди.

Фирибгар аёлнинг алдовларига ишониб, “Тома” маҳаласида истиқомат қилувчи А. Юнусова 600 минг, С. Қурбонова 4 миллион 250 минг, Ҳ. Аъзамова 650 минг, Г. Тоҳирова 3 миллион 177 минг, И. Раҳимбоева 2 миллион 220 минг, “Олчин” маҳалласида яшовчи Д. Шарипова 4 миллион, З. Жуманиёзова 200 минг, М. Сафарова 800 минг, “Туркистон” маҳалласида яшовчи Н. Убайдуллаева 4 миллион 20 минг сўмни унинг қўлига тутқазишди.

Ўзганинг ҳақи ҳеч қачон бировга буюрмаган. Бу ҳаёт ҳақиқати бу гал ҳам ўз исботини топди. Жабрланувчиларнинг мурожаати асосида Ш. Худойназаровага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд муҳокамаси чоғида айбига қисман иқрорлик билдирган Ш. Худойназарова Урганч шаҳридаги “Даритал” савдо мажмуасида ун, ёғ, совун, шакар каби маҳсулотлар савдоси билан машғул бўлиб келгани, пулини олдиндан тўлаган айрим харидорларнинг алданиб қолишига ҳамкори О. Солиев сабабчи бўлганини баён этди.

Албатта, судда ишдаги ҳар бир ҳолатга аниқлик киритилди. Содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, айбнинг хусусияти ҳамда етказилган зарар миқдорини муҳокама этиш чоғида ўз хатти-ҳаракатларига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий аҳволи, 3 нафар вояга етмаган фарзандни якка ўзи тарбиялаётгани, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмагани, етказилган зарар қисман қоплангани сингари ҳолатларни инобатга олиб, суд фирибгарлик жиноятини содир этган Ш. Худойназаровага нисбатан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари судланувчи зиммасига жабрланувчига етказилган 55,9 миллион сўмлик зарарни қоплаш мажбурияти ҳам юклатилди.

Хулоса ўрнида бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоизки, амалиёт таҳлиллари ҳали етарли ҳуқуқий билимга эга бўлмаган кишилар фирибгарлик тегирмонига сув қўяётганини кўрсатмоқда. Чунки Ш. Худойназарова сингари фирибгар кимсаларнинг қуюқ ваъдасига ишониб, катта миқдордаги пулни бериб юборишга оддийлик ва соддаликдан ташқари қонунларни билмаслик, осон даромад топиш каби омиллар ҳам ҳисса қўшаётгани айни ҳақиқат. Шу боис жамиятимизда ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш, ҳар бир ишда қонун талабларига риоя этишни кенг тарғиб этиш зарур. Ана шунда фирибгарлик сингари жиноятларнинг олди олинади.

Мурод Ҳасанов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: