САРСОНГАРЧИЛИК ТУГАДИ, БИРОҚ…

Мамлакатимизда боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари қонун асосида кафолатланган.

Хусусан, «Фукароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғ­рисида»ги қонуннинг 66-моддасида мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда боқувчисини йўқотганлик учун, шунингдек, меҳнатда майиблангани ёки касб касаллигига учрагани оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тў­лаш харажатларининг ўрнини қопловчи пулни иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқа­ри Пенсия жамғармасига ўтказиши белгиланган.

Агар маблағлар ўз вақтида тў­ланмаган тақдирда пенсия жам­ғармасининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ уни регресс даъволар бўйича ташкилотлардан ундириб олиши мумкин.

Самарқанд шаҳар иқтисодий судига Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Жомбой тумани бўлими даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Самарқанд сувқурилиш индустрия» ИЧБ масъулия­ти чекланган жамиятида электрик вазифасида ишлаган Ў. Турсун­қулов 2011 йил 18 августда вафот этгани, марҳумнинг турмуш ўр­тоғи Ч. Аҳмедовага  7 484 173 сўм­лик боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўлаб берилгани, бироқ «Самарқанд сувқурилиш индустрия» ИЧБ масъу­­лияти чекланган жамияти Ч. Аҳмедовага тўланган маблағни қонунчиликда белгиланган тартибда пенсия жамғармаси ҳисобига тўлаб бермагани учун уни регресс тартибда ундириб беришни сўраган.

Ишга доир ҳужжатларни ўрганиб чиққан суд даъвони тўлиқ қаноатлантирди.

Лекин шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш зарур. Гап шундаки, корхона мутасаддилари қонунга риоя этиб, ўз вақтида тўловни амалга оширганда иш судгача етиб келмаган, ортиқча харажат ва сарсонгарчиликнинг олди олинган бўлар эди.

Камолиддин Тўхтаев,

Самарқанд шаҳар

иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: