«СИЗДАН УГИНА, БИЗДАН БУГИНА» ҚАБИЛИДА ИШ ТУТИШ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ
Ҳазорасп туманидаги 3-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Қувондиқ Ҳусаинов ҳисоб-китобни хушлайдиганлар тоифасидан. Ҳар бир ишни пухта ҳисоблаб,ўзаро келишган ҳолда адо этишни, молини ҳамиша нақдга сотишни истайди. Касб-ҳунар мактаби директори ўринбосарига нисбатан берилган бу таъриф асло муболаға эмас.
Бунинг амалдаги ифодаси 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида ҳузурига муҳим «юмуш» билан келган фуқаро М. Мадаминовга нисбатан муносабатда ҳам кузатилди. Муовин унинг ушбу мактабга ишга жойлашиш ҳақидаги истагини бошқа баъзи «ёшулли»лардан фарқли ўлароқ важ-карсонларни қалаштирган куйи рад этмади.
Аксинча, ишга бемалол жойлашиши мумкинлигини билдирди. Аммо хизмат беминнат эмаслигига ишора қилди ва шу аснода 500 АҚШ доллари сўради.
Имо-ишорага йўғрилган мулоқот анча вақт давом этди ва пировардида хизмат ҳақи 400 АҚШ доллари миқдорида белгиланди. Директор ўринбосари суҳбатни якунлаётиб, ушбу пулни ўзи учун эмас, мактаб директори М. Матёқубовга бериш учун сўраётганини илмоқлаган кўйи баён этди.
Талабгор йигит ҳаялламади. 2021 йилнинг 15 октябридаёқ сўралган пулни олиб, «ҳожатбарор» муовин Қ. Ҳусаиновнинг ҳузурига келди. Пулни унинг қўлига тутқазишга уринди. Афсуски, у пулни олмади, лекин рад ҳам этмади. «Тортиқ қилинажак пул»ни қўшниси Э. Султоновга элтиб беришни айтди. Начора, М. Мадаминов бу таклифни ҳам адо этди. Пулни ўша куниёқ Э. Султоновнинг қўлига элтиб топширди. Кейинги мулоқот икковлон қўшни ўртасида давом этди. М. Мадаминов берган маблағни Қ. Ҳусаинов кечқурун олиб кетадиган бўлди.
… Аммо Қ. Ҳусаинов М. Мадаминовнинг «тортиғи»ни қўлга киритишга улгурмади. Э. Султонов пулни ҳали қўлига олишга улгурмай туриб унинг қаршисида бир гуруҳ нотаниш кишилар пайдо бўлиб, махсус тадбир ўтказилаётганини қайд этишаркан, ҳозиргина рўй берган воқеанинг изоҳини сўрашди. Масаланинг моҳиятини аниқлаш жараёни узоққа чўзилмади. Э. Султоновнинг қўлидан санаб олинган 400 АҚШ доллари миқдоридаги пул аслида касб-ҳунар мактаби директори муовини Қ. Ҳусаиновга аталгани маълум бўлди.
Иш чаппасига кетди. Директор муовини жиноий жавобгарликка тортилди. Тергов органи унинг қилмишини Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми ва 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан малакалади.
Қонун талабига кўра, мансаб ваколати борасида ҳал қилувчи мавқега эга бўлган мансабдорларгина пора олувчи шахс сифатида эътироф этилади. Аммо мавқеидан қатъи назар, бу ишга қўл урган ва уни содир қилганларнинг бари пора берувчи сифатида эътироф қилиниши мумкин. Қ. Ҳусаиновнинг қилмиши айнан шу асосда баҳоланди. Унинг М. Мадаминов томонидан Э. Султоновга қолдириб кетилган пулни ўзга шахсга бериш борасидаги қилмиши тугалланмаган жиноий қилмиш сифатида Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмига асосан малакаланди. Суд унинг қилмиши тўғри малакаланганини эътироф этди. Аммо Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди бўйича эълон қилинган айб тасдиғини топмади. Мазкур модда тугалланган, охиригача адо этилган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан тадбиқ этилади. Қ. Ҳусаинов эса, жиноий ҳаракатини охирига етказмаган.
Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорида қайд этилишича, қимматликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатларини фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қўшимча малакалаш лозим.
Айбланувчининг қилмиши айнан шу хилдаги жиноий ҳаракат амалга ошгани, жабрланувчини пора беришга қизиқтириш, уни шу йўлга ундаш, далолат этиш ҳолати юз бергани, яъни Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиддий қонунбузарлик содир қилинганидан дарак беради.
Суд ушбу ҳолат айбланувчига нисбатан тўғри тадбиқ этилганини қайд қилди. Лекин ҳали эслатилганидек, фирибгарлик ҳаракати бўйича эълон қилинган айбни маъқуллашнинг иложи йўқ. Чунки жиноий қилмиш судланувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, охиригача етиб бормаган. Шу боисдан ҳам, бу турдаги ҳаракатни тугалланган қилмиш деб бўлмайди. Жиноят кодексининг бу каби қилмишларга оид 168-моддаси 3-қисми «в» бандида кўзда тутилган жавобгарлик Олий суд Пленумининг 35-сонли қарори 21-бандига мувофиқ, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фақат алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш мақсадида ўз хизмат ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) амалга оширилган ҳоллардагина вужудга келади. Қ. Ҳусаиновнинг қилмишида бундай аломатлар йўқ. Жиноий қилмиш ҳали баён этилганидек, ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга қаратилган, бироқ айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган. Юқорида қайд этилган Пленум қарорида бу сингари қилмишларни талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъи назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида баҳолаш зарурлиги тушунтирилган. Ушбу раҳбарий кўрсатма фирибгарликка суиқасд сифатида Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисмига асосан қайта малакаланиши лозим.
Суд мажлисида айбланувчи сифатида кўрсатма берган Қ. Ҳусаинов айбини эътироф этди, қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди. М. Мадаминов берган пулни ўзга шахсга «холис хизмати» эвазига инъом этиш учун эмас, балки ўз эҳтиёжини қоплашга сарфлашни кўзлаганини билдирди.
Айбнинг тан олиниши шахснинг ўз қилмишидан пушаймонлиги билан бирга ахлоқан тузалиш йўлига кирганидан ҳам далолат беради. Айбланувчининг қилмишига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий шароити, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келгани, моддий аҳволи, етказилган зарар бартараф этилгани, муқаддам судланмагани жазони енгиллаштирувчи омилга айланди.
Қонун талабига кўра, бундай ҳолат судланувчини озодликдан маҳрум этиш ёки унинг озодлигини чеклашни эмас, балки жарима жазоси тайинлашни тақозо қилади. Қилмишнинг жиддийлиги эса, муайян ҳуқуқни чеклашга доир таъсир чорасини қўллашни кўзда тутади.
Суднинг ҳукмида буларнинг бари ўз ифодасини топди. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича айбланган Қ. Ҳусаинов кодекснинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 52 бараварига жаримага тортилди.
Кўриниб турганидек, ҳаётда ҳар ким экканини ўради. Қ. Ҳусаинов ҳам қилмишига яраша жазо олди.
Илҳом Исмоилов,
жиноят ишлари бўйича
Тупроққалъа тумани суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш