САРОБГА АЛДАНГАНЛАР

Андижон шаҳрида яшовчи Элдор Нўъмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳозир 40 ёшда, тўрт нафар фарзанднинг отаси. Аммо айни пайтда фарзандларининг боши эгик, ичларига чироқ ёқса, ёришмайди. Нега деганда, ота бўлмиш содир этган фирибгарлиги учун жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг 2020 йил 22 июндаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Энг ачинарлиси, Э. Нўъмонов жазо муддатини ўтаётган маҳали муқаддам, яъни 2018-2019 йилларда содир этган яна бир фирибгарлиги фош этилди.

Гап шундаки, 2018 йилнинг январь ойида андижонлик Р. Ашуралиевнинг ўғли Солижон кўчадан шундай гап топиб келди: шаҳардаги «HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хусусий бандлик агентлиги фуқароларни чет давлатларга ишлаш учун юбораётган экан.

Эртаси куни ота-ўғил ҳам ушбу агентлик раҳбари Элдор Нўъмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) га учрашишди.

— Ҳа, тўғри эшитибсизлар. Ҳақиқатдан ҳам, фуқароларни турли хорижий давлатларга ишга юборяпмиз, — деди Э. Нўъмонов ота-ўғилга.

— Ўғлим Корея давлатига бориш ниятида эди. Шунга ёрдам сўраб келгандик, — деди Р. Ашур­алиев.

— Албатта, ёрдам берамиз. Шу пайтгача бир неча кишини жўнатдик. Ўғлингизни ҳам узо­ғи билан олти ой ичида Ко­­­рея­га жўнаб кетади. Фақат бунинг учун олдиндан муайян миқдорда тўловни амалга оширасиз, фуқаролик паспортидан нусха ҳам берасиз, — деб ту­шунти­ра­ди хусусий банд­лик агент­ли­ги раҳбари. Сўнг у яна қў­шиб қўйди: — Сиз тўлаган пул эвазига биз виза расмийлаштирамиз. Бундан таш­қа­ри­ ўғ­лингизни ҳеч қандай муаммосиз суҳбатдан ҳам ўт­казамиз.

Ота-ўғил бу умидбахш гапларни эшитиб, кайфияти бирдан кўтарилиб кетди. Би­но­барин, улар 2018 йил 8 январь куни 41 550 000 сўм нақд пулни Э. Нўъмоновнинг қўлига тут­қазишди.

— Шошмай туринг, бирйўла шартномани ҳам имзолаб кетасиз, — деди Э. Нўъмонов отасидан бир қадам ор­қа­роқда турган Солижонга.

Дарҳақиқат, ўша куни хусусий агентлик билан мижоз ўр­тасида шартнома ҳам тузилади. Шартномада хусусий банд­лик агентлиги С. Орифжоновни Жанубий Кореяга ишга юбора олмаса, тўланган маблағни қайтариши ҳам ўз ифодасини топади.

Қисқаси, шартнома имзолангач, ота-ўғилнинг кўнгли янада хотиржам тортади.

Аммо орадан 6 ой ўтса-да, Солижон Жанубий Кореяга иш­­лашга жўнаб кетолмайди. Элдор Нўъмонов эса, турли баҳо­наларни рўкач қилиб, ота-болани алдашдан чарчамайди. Бу­­­нинг устига у шарт­номада белгиланганидек, уларнинг пулини ҳам қайтармайди. Охир-оқибат ота-ўғил алданганларини англаб етишади.

Буёғини сўрасангиз, Р. Ашур­алиев юзлаб жабр­ланувчи­лар­дан бири холос.

Ҳа, шундай, Элдор Нўъмонов — 2018-2019 йилларда 79 нафар фуқарони Жанубий Кореяга, 11 нафарини Герма­ния­га, 6 нафарини Чехия­га, бир нафарини Руминияга, 2 нафарини Венг­рияга ва 4 нафарини Литва-Латвия давлатларига ишлаш учун юборишга ваъда бериб, алдаган. Уларнинг ҳар биридан 1 000 АҚШ долларидан 5 000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда хорижий валюта ёки нақд пулни санаб ол­ган. Охир-оқибат эса, у ваъдасининг устидан чиқмагани етмагандек, олган маблағларни ҳам қайтариб бермаган. Жанубий Корея­га бориб ишлаш ния­тидаги ак­сарият жабр­ла­нув­чиларга корейс тилидан имтиҳондан ўта олишмаганини рў­кач қи­либ, ўз айбини хаспўшлаган. Э. Нўъмонов 2018 йил ноябрь ойи­да «HISTORICAL TRAVEL» масъу­лияти чекланган жамиятини «ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТЛИГИ HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамия­ти шаклида қайта ташкил қилган. Сўнг Теlеgram орқали «ХБА HISTORICAL TRAVEL» номи билан янги саҳифа очиб, фуқароларни жалб қилган.

Энг ёмони, нафс йўлида ҳар қандай ғараз ниятдан қайт­майдиган «қаҳрамон»имиз 2019 йил­да муқаддас ҳаж ва умра зиёратига бориш ниятида юрган 10 нафар фуқарони чув туширишдан тап торт­маган.

Масалан, Ботирбек Акрамов ўзи ва онаси Латифахон Ходжимирзаеванинг ҳаж зиёрати учун 15 500 АҚШ доллари, фуқаро Ҳалимжон Атабаев эса, турмуш ўртоғи Сожида Топилдиева билан бирга ҳажга бориш мақсадида 63 750 000 сўм­ни Э. Нўъмоновга беришади. Бироқ уларнинг орзуси орзулигича қо­либ кетади.

Шундан сўнг жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилиб, фирибгарга қонуний чора кў­ришни сўрашади. Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси би­­лан жи­ноят иши қўзғатилди. Тергов жа­­раёнида айбдорнинг 113 нафар фуқарони 3,7 миллиард сўмга чув туширгани аниқланади. Шунга қарамай, Элдор Нўъмонов галдаги фирибгарликка қўл уради. Аниқроғи, у ўзига нис­ба­тан жиноят иши қўзғатилгандан сўнг — 2019 йил декабрь ойида «ХУСУСИЙ БАНДЛИК АГЕНТ­ЛИГИ HISTORICAL TRAVEL» масъулияти чекланган жамия­тининг устав фондида шакллантирилган 50 000 АҚШ долларини ўзининг улуши эканини, жамияти билан боғлиқ би­рон-бир муаммоси йўқлигини айтиб, жамиятни Дилмурод Раҳмоновга 50 000 АҚШ долларига сотиб юборади. Д. Раҳмонов эса, унинг фирибгарлигидан тергов органи томонидан сў­роққа чақиртирилганда, қолаверса, 50 000 АҚШ долларига нисбатан банд солинганидан сўнг хабар топади.

Албатта, ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шу маънода айтганда, Э. Нўъмоновнинг қилмишлари жи­ноят­ ишлари бўйича Хўжаобод туман судида кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди би­лан айбдор деб топиб, муқаддам тайинланган жа­зо муддатини ҳам қўшган ҳол­­да озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси та­йинлади. Қо­ла­верса, тергов ор­гани томонидан ҳатланган 50 000 АҚШ доллари ҳам жабр­ланувчиларга тенг тақсимланди. Шу боис суд ҳукмида айбдордан жабр­ланувчиларга етказилган қолган зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Бу дунёда нопок қилмиш ҳеч кимга яхшилик келтирмаган. Ҳалол меҳнат ортидан яшаш ўрнига осон бойиш мақсадида жиноий йўлга қадам босгани Э. Нўъмоновга жуда қимматга тушди. Бошқача айт­ганда, у ўзи қазиган чоҳга ўзи тушди. Бу воқеа тафсилоти фирибгарликка мойил кимсалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича

Хўжаобод тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: