«УНУТИЛГАН» ЗАРАР СУД ТОМОНИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Маълумки, судларда кўрилаётган ишлар орасида мулкка оид низолар ҳам сезиларли ўрин тутади. Бу борадаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мулкка оид низоларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар ва дахлдор ташкилотлар мутасаддиларининг қонун талабига риоя этмаслиги натижасида юзага келмоқда.

Маълумки, судларда кўрилаётган ишлар орасида мулкка оид низолар ҳам сезиларли ўрин тутади. Бу борадаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мулкка оид низоларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар ва дахлдор ташкилотлар мутасаддиларининг қонун талабига риоя этмаслиги натижасида юзага келмоқда.

Тошлоқ туман прокуратураси томонидан Темурхон Баҳромовнинг манфаатини кўз­лаб, фуқаролик ишлари бў­йича Марғилон туманлараро судига киритилган даъво аризаси ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Аниқланишича, 2012 йил 6 декабрдаги олди-сотди шарт­­­­номасига асосан Т. Баҳромов Тошлоқ туманининг Алишер Навоий номидаги кў­часида жойлашган, умумий майдони 49,69 метр квадрат бўл­ган муз­қаймоқ дўкони ва умумий майдони 41,74 метр квадратлик газли сув сотиш дў­­конини сотиб олган.

Савдо дўконларига нисбатан унинг эгалик ҳуқуқи давлат рўй­хатидан ўтказилган.

Аммо айни дўконлар 2018 йилда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бузиб юборилган. Энг эътирозлиси, дўконларни бузилиши туфайли фуқарога етказилган зарар қоплаб берилмаган. Орадан 3 йил ўтса-да, бу муаммо ўз ечимини топмаган. «Контитент имкон баҳо» масъулияти чекланган жамиятининг 2021 йил 17 мартдаги баҳолаш ҳисоботига кўра, музқаймоқ дўкони 237 899 936 сўмга, газли сув сотиш дўкони 205 682 701 сўмга баҳоланган. Шундан келиб чиқиб, Т. Баҳромов ушбу маблағни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб, туман прокуратурасига мурожаат қилган. Натижада Тошлоқ тумани прокуратураси томонидан судга юқоридаги даъво ариза киритилиб, туман ҳокимлигидан 443 582 637 сўм компенсация тўловларини ундириш сўралган.

Айтиш керакки, Адлия вазирлигида 2020 йил 4 июнда 3239-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Ўзбекистон Республикасининг ягона миллий баҳолаш Стандарти»нинг 97-бандига мувофиқ, баҳолаш ёндашувлари қиёсий (таққослаш) ёндашув, даромад ёндашуви ва харажат ёндашувидан иборат. Баҳолаш ёндашувларининг ҳар бири турли қўлланилиш усулларига эга. Биринчи инстанция судида кўрсатма берган Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Фарғона вилояти фи­лиали экспертининг фикрича, баҳолашнинг даромад усулида бинодан келадиган даромад ҳисобга олинади. Таққослаш усулида эса, шунга ўхшаш бош­қа бир бино билан солиштирилади. Лекин объект бузилган бўлса, даромад ва таққослаш усулидан фойдаланиб бўлмайди.

Бузилган объектдан даромад келмаслиги ва уни солиштириш имкони йўқлиги боис баҳолаш харажат усули билан амалга оширилади. Т. Баҳромовга тегишли бузилиб кетган дўконлар харажат усулида баҳоланган. Яъни муз­қаймоқ дў­кони қиймати 84 836 930 сўм, газли сув сотиш дўконининг қий­мати эса, 63 719 242 сўм, жами 148 556 172 сўмни ташкил қилган. Суд ана шу маблағни Тошлоқ тумани ҳокимлигидан Т. Баҳромов фойдасига ундириш тўғ­рисида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Аммо жавобгар бундан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тошлоқ тумани ҳо­кимлиги ўзининг апелляция шикоятида дўконларни бузиш юзасидан бирор-бир ҳужжат қабул қилмагани, биринчи инс­танция суди баҳолаш хулосасининг ишончлилигига эътибор қаратмагани ҳамда экспертиза та­йин­ланмаганини билдирган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 396-моддасига асосан, суд ишни апелляция тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади. У янги далилларни ўрганиб чиқиши ва ян­ги­ фактларни аниқлаши мумкин. Бинобарин, апелляция инстанцияси томонидан судга оид қурилиш экспертизаси та­йинланди.

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Фарғона вилояти филиалининг 2022 йил 7 апрелдаги экспертиза хулосасига биноан, музқаймоқ дў­конининг 2012 йил сентябрдаги бозор қиймати 24 252 031 сўм, газли сув сотиш дўконининг ўша давр­даги бозор қиймати 20 883 701 сўм, жами 45 135 732 сўмни ташкил қилган. Айни маблағ Марказий банк томонидан белгиланган пулнинг қадрсизланиш даражаси инобатга олинган ҳолда ҳи­собланганда 136 926 617 сўм­дан иборат бўлди.

Амалдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳу­қуқларининг кафолатлари тўғ­рисида»ги қо­нуннинг 6-моддасига кўра, давлат бузилган хусусий мулк ҳу­қуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳи­моя қилинишини кафолатлайди. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ ҳажмда қопланиши керак.

Фуқаролик процессуал кодексининг 399-моддасида суд ишни апелляция тартибида кў­риб чиққач, ишни янгидан кў­риш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори қабул қи­лишга ҳақли экани белгиланган.

Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича Мар­ғилон туманлараро судининг 2021 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарорини ўзгартириб, Тошлоқ тумани ҳокимлигидан Т. Баҳромов фойдасига 136 926 617 сўм ундириш юзасидан ажрим чиқарди.

Бош қомусимизнинг 53-моддасида «Бозор муносабатларини ривожлантиришга қа­ратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакл­лардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шакл­ларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқу­қий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бош­қа мулк шакл­лари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қо­нунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин» дея қайд этилган.

Мазкур конс­титуциявий қоидага амал қилган суд фуқаронинг мулк ҳуқуқини ҳи­моя қилиб, адолатни қарор топтирди. Зеро, бугунги кунда айни масала судлар зиммасидаги энг муҳим вазифалардан биридир.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: