МЕҲРСИЗЛИК ОҒИР ЖИНОЯТЛАРГА САБАБ БЎЛДИ
Мамлакатимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларнинг яшаши, таълим олиши ва келгусида ҳаётда ўз ўринларини топишига алоҳида эътибор қаратилиб, барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Мурод Давлатов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам Тошкент вилоятидаги 15-сонли «Меҳрибонлик» уйида ана шундай эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб вояга етди. Аммо у бунга ўзининг меҳрсизлиги билан жавоб қайтарди. Аниқроқ айтганда, мустақил ҳаётда у тўғри йўл қолиб, эгри йўлларга қадам босди.
Аниқроқ айтганда, у ҳалол меҳнатдан бўйин товлаб, саёқ юришни одат қилди. Бунинг оқибатида 2019 йил 2 январь куни ҳамтовоғи В. Пакни ошхона пичоғи билан жароҳатлаган М. Давлатов турли жойларда жазодан қочиб юрди. 2019 йил 15 августда таниши С. Паповнинг хонадонида спиртли ичимлик истеъмол қилишади. С. Папов ухлаб қолгач, Мурод нархи 250 минг сўмлик темир кесиш ва нархи 550 минг сўмлик девор тешиш ускунаси, 360 минг сўмлик иккита сув ҳисоблагичларни ўғирлаб кетади. Эртаси куни бу буюмларни сувтекинга сотиб юборади. Доимий яшаш жойи бўлмагани сабабли ички ишлар ходимлари томонидан қидирувга берилади.
Ўтган йил 5 январда у оғир жиноят содир этди. Эрта тонгдан спиртли ичимлик истеъмол қилган Мурод мўмайгина даромад топишни режалаштиради. Шу мақсадда темир бўлаги ва пичоқ билан қуролланиб, тунда автотураргоҳга келиб, «Кобалт» русумли автомашина ҳайдовчиси Абдулла Кенжаев билан Фарғона вилоятига боришга келишади. Ёши олтмишдан ўтиб қолган Абдулла Кенжаев Муродни набираси қатори кўриб, айтган манзилига элтиб қўйишга рози бўлади. Бироқ у Муроднинг машъум режасидан бехабар эди.
Автомашина «Тошкент — Фарғона» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётганида Мурод Оҳангарон шаҳрида яшовчи танишларидан буюм олиши кераклигини айтиб, ҳайдовчини Ангрен дарёси яқинидаги хилват жойга бошлаб боради. Шундан сўнг у машинани тўхтатишни сўрайди ва кутилмаганда, темир бўлаги билан Абдулла Кенжаевнинг бош қисмига устма-уст зарба беради. Кейин эса, оғир жароҳатланган А. Кенжаевнинг чўнтагидаги 325 минг сўм пулни ва «Samsung A3» русумли уяли телефонини тортиб олади-да, таҳдид билан қолган пулни қаерга яширганини сўрайди.
Абдулла Кенжаев бошқа пули йўқ эканини айтади. Шундан сўнг жирканч ниятига етолмаган жиноятчи ўта шафқатсизлик билан унинг умрига зомин бўлади.
Кейин эса, М. Давлатов жиноят изларини йўқотиш мақсадида автомашинани келган йўли билан катта кўчага ҳайдаб чиқиб, ҳайдовчининг жасадини чакалакзор ичига ташлайди. Шундан сўнг у автомашинани Ангрен дарёси бўйига ҳайдаб келиб, унинг юкхонаси ва ташқи томонидаги қон доғлари, бармоқ излари қолган жойларини ювади. Шундан сўнг босқинчилик йўли билан эгалланган автомашинани ўзи вақтинча яшаб келаётган кўча бошига ташлаб кетади.
Қўли қонга ботган М. Давлатов ички ишлар ходимларидан яшириниш учун тураржойини доимий равишда ўзгартириб юради. Бир сафар ўз уйидан ижарага жой берган хонадон эгалари унинг ашаддий жиноятчи эканидан хабар топишганида Мурод уларга тегишли бўлган қимматбаҳо буюмлар ва уч миллион юз минг сўм нақд пулни ўғирлаб кетган эди.
Халқимизда «бузоқнинг югургани сомонхонагача» деган нақл бор. Охир-оқибат М. Давлатов ҳам қўлга тушди. Тергов ва судда унинг барча кирдикорлари фош этилди. Суд унга нисбатан 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Меҳр-муҳаббатдан мосуво бўлган кимсанинг қилмишлари ана шундай якун топди.
Дилшод ИЗЗАТОВ,
Тошкент вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш