ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДА СУДЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЁРИТИШДАГИ ЯНГИ ТРЕНДЛАР
Бугун Олий судда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда East-West Management Institute НТТнинг Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультантлари (матбуот котиблари) учун ташкил этилган “Оммавий ахборот воситаларида судлар фаолиятини ёритишдаги янги трендлар” мавзусида семинар ўтказилди.
Мамлакатимизда суд тизимининг янги ахборот сиёсатини, шу жумладан, судлар фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида давлат миқёсида муҳим чора-тадбирлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йил 24 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультантлар (матбуот котиблари) иш бошлади.
Олий суд раиси Б. Исламов таъкидлаганидек, вилоят судлари матбуот котиблари зиммасига кенг жамоатчиликка холис ахборот етказиш билан боғлиқ катта масъулият юклатилган. Аниқроқ айтганда, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, кенг жамоатчиликка судлар фаолияти ҳақида холис ахборотни ўз вақтида етказиб беришда асосан матбуот котиблари масъулдир. Бу эса, матбуот котибларидан алоҳида масъулият, изланиш, энг муҳими, соҳага оид қонунлар моҳиятини чуқур билиш ва уларга қатъий амал қилишни талаб этади.
Қайд этилганидек, айни жараёнда суд тизими матбуот котиблари ёрдамида энг очиқ ҳокимият тизимига айланиши, шунингдек ахборот алмашинувида, яъни оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликда очиқлик, холислик ва ишончлилик асосий мезон бўлиши керак.
Семинарда амалдаги қонунчилик асосида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, хусусан, одил судлов моҳиятини очиб беришга қаратилган ҳамда судлар фаолияти ҳақидаги бошқа ахборот материаллари сифатини ошириш, бу йўналишда илғор ҳорижий тажрибани ўрганиш, суд маълумотлари билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятларини ўргатиш, судлар фаолиятига тааллуқли, шу жумладан танқидий руҳдаги материаллар бўйича журналистлар ва аҳоли билан ўзаро фикр алмашишга доир ишларни ташкил этиш масалалари ўрин олди.
Анжуманда танқидий материалларга муносабат тайёрлаш ва билдириш, судлар матбуот котиблари фаолиятида рақамли коммуникациялар ўрни ва Ўзбекистон медиасегментининг судлар фаолиятини ёритишдаги гендер муносабатлар талқини каби мавзулар бўйича иштирокчиларга кенг маълумот берилди.
Шунингдек, судлар ва оммавий ахборот воситалари: инқирозга қарши алоқа, шов-шувли суд ишларини ёритиш шароитида низоли вазиятларнинг олдини олиш, журналистиканинг “ёзилмаган” қонунлари: журналист нимани кўради ва эшитади, у ахборотни қандай тушунади ва талқин этади, журналистларнинг “ноқулай” саволларига қандай жавоб бериш лозим каби муҳим савол ва масалалар ўз ечимини топди.
Семинар доирасида “Судлар ва оммавий ахборот воситалари: савол ва жавоб” рисоласи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Стратегик коммуникациялари бўйича режа лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Фикр қолдириш