СУД ҚАНДАЙ ФАОЛИЯТ ЮРИТАДИ?

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.

Тадбирда суд ходимлари ҳамда фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, корхона ва ташкилотлар вакиллари ўртасида қонунчиликда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича суд жараёнларини амалга ошириш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчиларига судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, иш юритиш тартиби, суднинг интерактив хизматлари, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби юзасидан тушунчалар берилди.

Судларда ўрнатилган телекоммуникацион технологиялар ёрдамида жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани суди билан видеоконференцалоқа режимида боғланиб, видеоконференцалоқа режимида кўргазмали суд мажлиси ўтказилди.

Бундан ташқари, судьялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунча берилди.

Хусусан, тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий механизмлари, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинликлар бериш борасидаги янги қонун ҳужжатлари, нормалари тўғрисида маъруза қилиниб, иштирокчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Б.АЛИҚУЛОВ
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилоят суди судьяси.

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: