КАДАСТР ХОДИМИ 10 СОТИХ ЕР УЧУН 1000 АҚШ ДОЛЛАРИ ТАЛАБ ҚИЛГАН
Фарғонада кадастр ходими 10 сотих ерни ажратиб бериш учун 1000 АҚШ доллари талаб қилганлиги фош бўлди.
Аброржон – ёш мутахассис. Энди 30 ёшга тўлди. Ўз соҳасини яхши билади. Унга Учкўприк тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи лавозими ишониб топширилди.
Аммо у ўз ҳамкасбларининг ишончини оқламади. Фуқаро М. исмли шахс номига 1991 йил 4 сентябрда собиқ Ленинград район кенгаши томонидан чиқарилган қарорга асосан берилмай қолган 0.10 га ер майдонини 1000 АҚШ доллари эвазига ажратиб беришини айтди. Шундан сўнг 2019 йил 16 апрель куни М. исмли шахсни алдаб, хизмат мавқеидан фойдаланиб, ундан 100 АҚШ доллари олади.
2-3 кун ўтиб, жабрланувчи М. исмли шахс берган 100 АҚШ долларини қайтаришни талаб қилди. Фирибгар олган пора пулини қайтариб берди. Шу жараёнда туман прокуратураси ва департамент ходимлари мазкур “операция”ни барбод қилишди, жиноятчи қўлга тушди.
Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Қува туман судида кўриб чиқилди.
Суд муҳокамасидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегиши моддалари асосида адолатли ҳукм чиқарилди.
Фирибгарлик кўчасига қадам қўйган кадастр ходими энди мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишламай, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниб, махсус назорат остида меҳнат қиладиган бўлди.
Сулаймонов, ЎзА
Фикр қолдириш