ПАНД БЕРГАН ФИРИБ ЁХУД БОЙИБ КЕТАМАН ДЕБ ТОЙИБ КЕТГАН ИНСПЕКТОР ХУСУСИДА
Ҳаётий тажрибалардан маълумки, аксарият ҳолларда қонунбузилиш ҳолати, жиноий қилмишлар замирида ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, нафс қутқусига берилиш каби иллатлар ётади.
Шу маънода айтганда, Тойлоқ туман ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси катта инспектори Абдусамад Саломов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам шахсий манфаатини ўйлаб, яъни ўз нафсига алданиб, боши эгилиб қолди.
Ваҳоланки, у қонун талабига риоя этишда бошқаларга ўрнак бўлиши зарур эди.
Гап шундаки, шу йилнинг апрель ойи бошларида Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги «Жиноий-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Тойлоқ туман ИИБ раҳбарияти ва туман ҳокимлиги ўртасида туман марказидаги 420-сонли милиция таянч пунктининг эски биноси ва бино ости ер майдонини талабгор тадбиркорга бериш эвазига янги Пробация маркази биносини қуришга келишилгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлади.
Бундан хабар топган А. Саломов эса, милиция таянч пункти биносини сотиш орқали мўмайгина пул ишлаб олишни кўзлайди. Шу боис у дарров харидор излашга тушади.
2019 йил 19 апрель куни туманнинг Чароғбон маҳалласида яшовчи Неъмат Муқимов поччаси С. Остоновга қарашли тош майдалаш заводига боради. Ўшанда Зарафшон маҳалласида истиқомат қилувчи Н. Аҳмедов ва ўғли Маъмуржон корхонага келиб-кетаётган юк машиналари қишлоқнинг ички йўлларидан юришига қаршилик қилгани сабабли Неъмат ака ота-бола билан тортишиб қолади.
Охир-оқибат тортишув жанжалга айланиб, воқеа жойига профилактика инспектори Абдусамад Саломов етиб келади. Шунда инспектор Н. Муқимовдан Н. Аҳмедов ва ўғлига нисбатан ариза ёзиб беришини сўрайди. Аммо Неъмат ака бунга кўнмайди.
— Иккаламиз ҳам бироз қизишиб кетдик. Энди ярашиб оламиз. Мен ёзди-чизди қилиб ўтиришни хоҳламайман, — дейди Н. Аҳмедов.
— Майли, ўзингиз биласиз, — дейди А. Саломов.
Шундан сўнг А. Саломов Н. Муқимовни ўзининг хизмат машинасида уйига элтиб қўяди. Хонадон соҳиби инспекторни уйига таклиф қилади.
Дастурхон атрофида бироз суҳбатлашишгач, Абдусамад мақсадга ўтади.
— Бизнинг таянч пунктимиз биноси сотиладиган бўляпти. Шуни сиз олсангиз-чи? — дейди А. Саломов.
— У бино давлат мулки-ку, қандай қилиб сотилади? — ажабланиб сўрайди Неъмат Аҳмедов.
— Тўғри, мулк давлатники. Шунинг учун бино шунчаки сотилаётгани йўқ. Уни олган киши эвазига янги Пробация маркази ва участка инспекторига хизмат хонаси қуриб бериши керак. Раҳбарлар ҳокимият билан шунга келишишган.
— Нархи қанча экан?
— Саксон минг дейишяпти. «Бошлиқ» билан гаплашиб, нархини сал тушириб, сизга олтмиш мингга олиб бераман.
Бу гапни эшитиб, Н. Муқимов бироз ўйланиб қолади.
— Ҳозир бунча пулим йўқ. Лекин уйдагилар ва ака-укаларим билан бир маслаҳатлашиб кўрай. Кейин сизга жавобини айтаман.
Шундан сўнг орадан бир неча кун ўтди. Бу вақт мобайнида А. Саломов Н. Аҳмедовга қўнғироқ қилиб, бошқа харидорлар ҳам пайдо бўлаётгани, шунинг учун отни қамчилаши лозимлигини, туман ИИБ бошлиғи бинони сотиб олган шахсга тез орада туман ҳокими қарорини чиқартириб беришини айтиб, уни ҳол-жонига қўймайди.
Бинобарин, Н. Муқимов инспекторнинг талаби ноқонуний эканлигини билиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади. Натижада Абдусамад билан бўладиган суҳбатни ёзиб олиш учун тезкор ходимлар томонидан унга диктофон тақдим этилади.
Ўша куни улар Н. Муқимовнинг поччаси С. Остоновнинг тош майдалаш корхонасида учрашишади. Шунда катта инспектор милиция таянч пункти ёнидаги идора ашёлари дўкони эгаси А. Бобокалонов бинони 40 000 АҚШ долларига, хўжалик моллари дўкони эгаси Қўчқор ака эса, Пробация маркази ва профилактика инспектори хонасини қуриб бермасдан 80 000 АҚШ долларига сотиб олмоқчи экани, шу боис бинони тезроқ сотиб олиши зарурлигини айтади.
— Бино ичига бир нечта савдо дўконини қуриш мумкин, ижарага бериб қўяверасиз. Нафақага чиқсам, мен ҳам бирортасини ижарага оламан, — деб қўшиб қўяди у.
Орадан, тахминан, йигирма кун ўтгач, А. Саломов яна қўнғироқ қилади.
— Ака, харидорлар жуда кўпайиб кетди. Шунинг учун хўжайинлар етмиш мингдан ками йўқ дейишяпти, — дея ваҳима қилади. — Сиз ҳозир олтмиш минг бераверинг. Қолганини кейинроқ узаверасиз.
Албатта, Н. Муқимов ушбу суҳбат ҳақида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беради. Оқибатда А. Саломов 2019 йил 15 май куни ўз хизмат хонасида келишилган 60 000 АҚШ долларини санаб олаётган вақтда қўлга олинди. Шу боис унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Суд мажлисида туман ИИБ бошлиғи милиция таянч пункти биноси туман ҳокимлиги балансида бўлгани, шу боис туман ҳокими билан бинони қонуний тарзда бирор тадбиркорга бериб, ўша тадбиркорнинг розилиги асосида янги Пробация маркази қуриш ҳақида маслаҳатлашишгани, бироқ А. Саломовга бинони пулга сотиш хусусида гапирмагани ва бу борада топшириқ бермаганини маълум қилди.
Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди Абдусамад Саломовга жазо тайинлашда унинг давлат органи мансабдор шахси бўла туриб, ўта оғир жиноятни хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир қилгани ва пора тариқасида талаб қилинган пулнинг қийматини алоҳида эътиборга олди. Пировардида А. Саломов Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилди ва шу кодекснинг 45, 57, 59 ва 61-моддалари тартибида 2 йилу 6 ой муддатга ички ишлар тизимида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари — 40 546 000 сўм миқдорида жарима ва 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм этилди.
Хуллас, ҳар қандай ножўя хатти-ҳаракат — қилмиш-қидирмиш, ким томонидан содир этилишидан қатъи назар, қонуний жазога мустаҳиқдир. Шу ўринда чуқур ўйга толасан, киши. Наҳотки, А. Саломов бугунги кунда шиддат билан кечаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлардан бехабар бўлса!? Ҳар қандай қонунбузарлик ҳолатлари жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини билмаса!? Йўқ, билади. Билганда ҳам шунчаки эмас, балки ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан жуда яхши билади. Фақат инсоннинг ашаддий душмани бўлган нафс гирдобида талвасага тушиб, хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги аниқ. Начора, бу қилмиш бошқаларга ибрат бўлиши керак.
Марат ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тойлоқ тумани судининг раиси
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 5 октябрь)
Фикр қолдириш