САРОБГА АЛДАНГАН АЁЛ ЁХУД ЗАРАРЛИ ҚИЗИҚИШ ОҚИБАТИ

Кейинги вақтларда айрим йигит-қизларнинг диний қизиқиши ортидан ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётгани жуда ачинарли ҳолат. Уларнинг баъзилари бу боши берк «йўл»га ўзи билмаган ҳолда кириб қолганини баён қилса, бошқаси қилмишидан қаттиқ пушаймон эканини билдиради. Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа тафсилоти ҳам шу ҳақида.

Тошкент шаҳрида яшайдиган Нозима Умарова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йил 14 июндан жорий йил 10 март кунига қадар интернет ижтимоий тармоғининг турли сайт­ларига кириб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғ­рил­ган аудио ва видео материалларни тинглаб келган.

Натижада ёт ғоялар таъсирига тушиб, келгусида ушбу материалларни ўзининг танишларига намойиш қи­лиш ва тарқатиш мақсадида «Instagram» ижтимоий тармоғида шахсий саҳифасини очган. Сўнгра террорчи ташкилот етакчиларининг аудио ҳамда видео материалларини обуначиларига тарқатиб келган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 2022 йил 24 мартдаги хулосасида Н. Умарованинг интернет жаҳон ахборот тармоғидаги шахсий саҳифаси 2021 йил 14 июнда очилгани, унда 184 та материал мавжудлиги, обуначилари 1 529 нафарни ташкил қи­лиши, ушбу профилга 2021 йил 27 декабрда мамлакатимизда тақиқланган террорчи ташкилот етакчиларининг даъватлари, 2021 йил 11 ноябрда турли бузғунчи ғоялар юклангани, 2021 йил 13 сен­тябр­да ақидапа­раст­лик ҳақи­да видеоматериал жойлангани баён этилган.

Суд-диншунослик экспертизасининг хулосасига кўра, судланувчига тегишли шахсий саҳифадан тезкор тадбир даврида юклаб олинган материаллар орасида чет тилида куйланган диний қўшиқлар ҳам мавжудлиги, ушбу материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, таёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани қайд этилган.

Суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган судланувчининг эътирофича, «Instagram»даги шахсий саҳифани 2021 йилда очган. Видеомонтажлар қилишга қизиққани сабабли тақиқланган террорчи ташкилотнинг даъватларини тинглай бошлаган. Уларнинг таъсири остида даъватларини ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаб келган. Ҳозирда қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, уларнинг соғ­лиғи яхши эмаслиги, шу боис доимий қаровга муҳтожлигини баён этган судланувчи қилмишидан қат­тиқ афсусдалиги ва  чин кўн­гилдан пушаймонлигини, келгусида бундай йўлга қадам босмаслигини билдирди.

Маълумки, ҳаётда қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.

Суд судланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрорлиги, жиноятни фош қилиш доирасида ҳаққоний кўрсатмалар бергани, жиноят­ ишига алоқадор барча ахборотларни дастлабки тергов даврида баён қилгани ва оилавий аҳволини жазони енгиллаштирувчи ҳо­­латлар деб баҳолади. Шунга таянган ҳолда Н. Умаровани жамиятдан ажратмаган ҳолда аҳлоқан тузатишнинг имкони бор, деган қатъий­ хулосага келди.

Судланувчи Н. Умарова Жи­ноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид со­ладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, инсон ҳар бир қадамини ўйлаб босса, ҳеч қачон адашмайди. Шу маънода Н. Умарованинг қисмати кўпчилик учун сабоқ вазифасини ўташи шуб­ҳасиз.

Жаҳонгир Одилов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: