ҲАҚИҚАТНИНГ УЗОҚ ЙЎЛИ ЁХУД МИСИ ЧИҚҚАН ҒИРРОМЛИК
Яқинда Жиззах вилояти суди кассация инстанцияси ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, жазога тортилган Зифа Умурзоқова ва Асрор Ишимов оқланди. Бундан ташқари мазкур жиноят иши бўйича йўл қўйган хато-камчиликлари учун тергов органи ва биринчи босқич суди судъясига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.
Хўш, воқеа тафсилотлари нималардан иборат? Бу саволга жавоб бериш учун жиноят иши бўйича жабрланувчи деб эътироф этилган ака-ука Нурпўлат ва Шаҳриёр Турсуновлар (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни батафсил баён этиш зарур.
Гап шундаки, 2017 йилда Нурпўлат Турсунов Бахмал тумани «Сангзор» сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раиси ҳамда «Чоршанба деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
У шу йили мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда ноқонуний равишда бир гуруҳ фермерлар қатори «Ҳулкар» фермер хўжалигига қарашли боғни буздириб ташлайди. Бундан норози бўлган хўжалик раҳбари Асрор Ишимов «Халқ қабулхонаси» ва Жиззах вилояти прокуратурасига мурожаат қилади. Ушбу мурожаатлар вилоят ҳокимлиги комиссияси ҳамда «Ишонч — маслаҳат» солиқ маслаҳати ташкилоти раҳбари Ғ. Тожиқулов томонидан ўрганилганда баён этилган фактлар тасдиқланади. Аммо масала дастлаб ички ишлар бошқармаси, сўнгра вилоят прокуратурада ўрганилади. Бироқ якуний хулоса чиқариш негадир пайсалга солинаверади.
Бундан ранжиган А. Ишимов ва бошқалар яна ариза ёзишади. Унда «Чоршанба деҳқон бозори»нинг мониторинг натижалари, боғ ҳужжатлари, ёқилғи-мойлаш материаллари билан боғлиқ ҳужжатлар тегишли идоралар томонидан йўқотиб юборилгани, ушбу ҳужжатлар нусхалари яна тақдим этилса-да, Н. Турсуновга нисбатан чора кўрилмаётгани, ундан етказилган зарарни ундириш, давлат ерларини талон-торож қилиш каби қонунбузилиши ҳолатларига барҳам бериш, ерларни ҳақиқий эгасига қайтариш чораларини кўриш сўралган эди.
Ниҳоят, шундан сўнг Н. Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси 2-қисми «а» бандига асосан жиноят иши қўзғатилади. Афсуски, 2017 йилнинг 27 июнидан 2020 йилнинг 25 январига қадар ўтган икки ярим йилдан ортиқ вақт мобайнида терговчилар томонидан жиноятларнинг кам аҳамиятлилиги, жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетгани, жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сингари қатор важлар билан мазкур жиноят иши ўн марта тугатилган.
Ишнинг аччиқ ичакдек чўзилганидан тоқати тоқ бўлган А. Ишимов 2018 йилнинг 15 октябр ва 2019 йилнинг 3 январ кунлари Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Эзгулик» жамиятининг Жиззах вилояти бўлимига мурожаат этади. У биринчи аризасида Н. Турсунов яқин қариндошлари номига тўртта фермер хўжалиги ташкил этиб, уруғлик, ёқилғи, минерал ўғитларни давлатдан имтиёзли нархларда олаётган бўлса-да, кейинги уч йилда 434 тонна ғаллани топширмагани оқибатида давлатга 610 миллион сўм зарар етказгани, 2009 йилдан буён 7,5 тонна дизель ёқилғисини бермасдан алдаб келаётгани, «Ҳулкар» фермер хўжалигининг 2 минг туп олма ва нок, 700 туп шафтоли, 50 туп қароли, 20 тупдан ўрик ва гилос, 2 минг 500 туп терак, 1 минг туп тут дарахтлари бўлган 9 гектарлик боғини ноқонуний бузиб ташлангани оқибатида ўзига 80 миллион сўмлик моддий зарар етказганини баён қилган.
Иккинчи аризасида мурожаатлари тегишли тартибда текширилмаётгани, давлатга етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилмаётганини таъкидлаб, Н. Турсуновга нисбатан қонуний чора кўришда амалий ёрдам беришни сўраган.
А. Ишимовнинг мурожаатларини ўрганиш вазифаси «Эзгулик» жамияти вилоят бўлими ходими З. Умурзоқовага юклатилади. З. Умурзоқова 2019 йилнинг 17 август куни А. Ишимов иштирокида «Чоршанба деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятига қарашли мол бозорида мониторинг ўтказади. Худди шу куни Бахмал тумани давлат солиқ идораси ходимлари ҳам бозорда мониторинг ўтказиб, 8 миллион сўмлик тушум кирим қилинмагани ҳақида далолатнома тузишади. Бозор фаолиятидаги бу каби камчиликлар навбатдаги мониторингларда ҳам аниқланади.
Шундан сўнг Нурпўлат Турсунов муаммони қандай ҳал этиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бироқ у қонуний йўл тутиш ўрнига туҳмат ва ғирромликни танлайди. У дастлаб ўртоғи Самараддин Отабековнинг янгаси Л. Жўрабоева орқали А. Ишимов билан муросага келгандек бўлади. Яъни у бузилган боғ учун етказилган зарарни тўлашга рози бўлади ва бир неча кундан сўнг 30 миллион сўмни С. Отабековга, С. Отабеков янгаси Л. Жўрабоевага, у эса З. Умурзоқовага беради.
Қўлма-қўл бўлган пул охири А. Ишимовга етиб боради. Аслида бундай ғалати «усул» ака-ука Турсуновларнинг олдиндан ўйлаб қўйган пинҳона режаси эди. Пул А. Ишимов қўлига теккандан сўнг Нурпўлатнинг укаси Шаҳриёр Турсунов Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлимига Л. Жўрабоевадан 35 миллион сўмни қайтариб олишга ёрдам бериш ҳақида мурожаат қилади. Ажабланарлиси шундаки, ана шу аризага асосан Асрор Ишимов ва Зифа Умурзоқовага нисбатан товламачилик айби билан жиноий иш қўзғатилади. Аниқроқ айтганда, етказилган зарар учун товон сифатида берилган 30 миллион сўм товламачилик жинояти предметига «айлантирилади». Энг қизиғи, жиноят ишидаги Ш. Турсуновнинг аризасида пул миқдори 35 миллион, терговчининг қарорида 37 миллион сўм тарзида кўпайтирилиб кўрсатилган бўлса, кейинги ҳужжатларда бу миқдор 30 миллион сўмга камайтирилган. Шу тарзда З. Умурзоқова ва А. Ишимовни айблашга қаратилган ҳолда нохолис ўтказилган тергов хулосаси биринчи босқич судига юборилган. Суд эса, судланувчиларни Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган. Табиийки, суд ҳукмидан норози бўлган судланувчилар кассация шикояти ёзишди. Кассация судлов ҳайъати дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказган терговчи ва ишни кўрган суд томонидан айбланувчи — судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳлар ўз кўрсатмаларини мунтазам ўзгартиргани, уларнинг бир-бирига мутлақо мос келмаслиги, судланувчиларни ҳам қоралайдиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларнинг қонун талаблари асосида холисона текширилмагани, тушунтириш хатлари, баёнотлар, кўрсатмалар мазмунига тўғри ҳуқуқий баҳо берилмагани ҳолатларини қонун талабларини қўпол тарзда бузиш деб ҳисоблади.
Кассация судлов ҳайъати А. Ишимовнинг аризалари бўйича текширишлар ўтказган мутахассисларни ҳам суд жараёнига жалб этди. Хусусан, «Ишонч-маслаҳат» солиқ маслаҳати ташкилоти раҳбари Ғ. Тожиқулов ўрганиш давомида А. Ишимов ва бошқаларнинг аризасидаги барча важлар ўз тасдиғини топгани, И. Турсуновнинг раҳбарлигидаги «Чоршанба деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти, «Жасурбек Воҳидбек», «Шуҳрат — 1», «Ғоипов Шуҳрат», «Акбар Худойбердиев», «Шорасул Бекқулов» фермер хўжаликлари фаолиятида бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани ва давлат бюджетига зарар етказилгани ҳақида маълумот берди.
Суд муҳокамасида текширилган ҳолатлардан маълум бўлдики, дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширган тергов органлари ва мазкур ишни биринчи босқич суди мажлисида кўрган суд З. Умурзоқова ва А. Ишимовнинг ҳаракатларида товламачиликнинг бирон-бир белгиси аниқланмаган бўлса-да, уларга нисбатан ноқонуний ва асоссиз хулосага келган. Шу боис судлов ҳайъати қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларидан келиб чиқиб, З. Умурзоқова ва А. Ишимовни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқлади.
Бундан ташқари Н. Турсуновнинг жиноят содир этган-этмаганини ҳар томонлама, синчиклаб ва холисона текшириш, унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган тақдирда, унинг жиноий жавобгарлигини қонуний ҳал этиш масаласини кўриб чиқиш бўйича Жиззах вилояти прокуратурасига тақдимнома киритди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қонун юзакилик ва тарафкашлик билан муроса қилмади. Юқорида баён этилган ғирром «ўйин» тафсилотлари бунинг исботидир.
Нуриддин ТЎХЛИЕВ,
Жиззах вилояти суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш