МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ: ТАКОМИЛЛАШАЁТГАН ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР

Конституциямизнинг 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Айтиш керакки, давлат ор­ганлари ёки мансабдор шахс­лар томонидан фуқаро ёки тадбиркорларнинг ҳу­қуқ­­лари бузилганда, уларни ҳи­­моя қи­лиш маъмурий судлар томонидан амалга оширилади.

2017-2021 йилларда бу борада маъмурий судлар томонидан 71 минг 794 та ариза ва ши­коят­ кўриб чиқилган. Шундан 46 минг 411 таси (65 фоизи) қаноатлантирилган.

Маъмурий судларнинг биринчи нав­батдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат ор­ганлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳи­моя қи­лиш ҳисобланади.

Дунёнинг тараққий этган давлатларида айнан маъмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро ор­ганлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар ё ҳаракатсизликдан ҳимоя қи­лишда муҳим ўрин тутади.

Шу муносабат билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини янада кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳа­қи­қий ҳи­моячисига айлантириш давр талабидир.

Шу маънода «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қо­нун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қо­нун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йил 16 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилгани муҳим аҳамиятга эгадир.

Мазкур қонун лойиҳаси Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дас­тури ҳамда Президентимизнинг 2022 йил 29 январдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқу­қи асосида тайёрланди.

Айтиш керакки, ушбу қонун лойиҳаси давлат ор­ганлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг маъмурий судлар томонидан самарали ҳимоя этилишини таъминлашга ҳам­да маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш орқали маъмурий судларни фуқароларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган.

Биринчидан, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш ор­қали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш мақсадида қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги ноқонуний эмаслигини исботлаш мажбурияти уни қа­бул қилган мансабдор шахснинг ўзига юк­­лаш тартиби — «суднинг фаол иштироки» тамойилини жорий этиш белгиланмоқда.

Бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқу­қи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса, далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иш­тирок этишга шароит яратиш кўзда тутилмоқда.

Суд амалиёти таҳлил қи­линганда маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилганлиги уларни тенгсиз ҳо­­латга келтираётганини кўрсатди. Жум­ладан, ҳуқуқи бузилган оддий фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имконият­лари давлат органларининг ре­сурс­ла­рига қараганда бирмунча чекланган ҳи­собланади. Ушбу ҳолатда маъмурий суд ишларини кўришда суднинг фаол ишти­роки орқали тарафларнинг тенг имкониятлари таъминланади.

Шу ўринда хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда суднинг фаол иштирокига оид нормалар, жумладан, маъмурий суд томонидан ўз ташаббуси билан далил йиғиши Германия, Россия, Грузия, Озарбайжон ва Қозоғистон каби давлатлар қонунчилигида мавжуд.

Шу маънода оммавий ҳу­қуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кў­ришда суднинг фаол иштирокига оид процессуал нормалар белгиланмоқда.

Иккинчидан, суд тизимида «ягона дарча» тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар қа­бул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян­ иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда. Бунда:

– судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қи­лишни рад этиш ёки иш бў­йича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар уни ушбу судлар томонидан қабул қи­лиш ва судга тааллуқлигига кўра, тегишли судга юбориш тартибини белгилаш;

– давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш бўйича маъмурий судлар ваколатини аниқ белгилаш, жумладан, ҳуқу­қи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳу­қуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланмоқда.

Маълумки, 2021 йил декабрь ойида бар­ча фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда эксперимент ўтказилиб, жами 447 та ариза фуқаро ва тадбиркорлар иштирокисиз «ягона дарча» тамойили бўйича ваколатли судга ўтказилган. Шунингдек, Олий суд ва вилоят судлари раҳбарлари томонидан «ягона дарча» тамойилининг мазмун-моҳия­тини тушунтириш бўйича уч юздан зиёд уч­рашувлар ташкил этилган.

Қолаверса, 2021 йилда маъмурий судлар давлат органлари қарорлари устидан 15 минг 146 та шикоятни кўриб чиққан бўлса, улар натижасида етказилган за­рарни ундириш бўйича 4 минг 28 та иш фуқаролик ёки иқтисодий судлар томонидан кўрилган.

Айни пайтда судлар тизимида «Ягона дарча» тамойилини кенг жорий этишга қаратилган аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар қабул қи­­лиш ва ваколатли судга юбориш ҳам­да муайян иш доирасида барча ҳуқу­қий оқибатларни ҳал қи­лишни таъ­мин­лаш тизимини жорий этишга оид нормалар процессуал қонунчиликда мус­таҳ­кам­ланмоқда.

Учинчидан, мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан «ошиб борадиган» жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда. Бунда:

– давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қа­­рорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қи­лиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

– давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бў­йича суд ҳужжати ижро қилинмаган­лиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

– давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бў­йича ҳал қилув қарорининг такроран иж­ро қилинмаганлиги учун давлат ор­ганлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахс­ларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш назарда тутилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий низолар бўйича суд ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро варақалари берилмайди.

Шу сабабли фуқаро ёки юридик шахс­нинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас. Бунинг натижасида аксарият ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатини кўз­лаб, қабул қиинган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахс­лар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда.

Масалан, 2021 йилда маъмурий судларнинг 5 минг 331 та қарорида давлат органларига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича мажбурият юк­латилган. Шундан 2 минг 905 таси ёки 54,5 фоизи ижро этилгани ҳақида судларга тегишли ахборот берилмаган.

Шунинг учун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ҳи­моясини таъминлаш мақсадида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижросини таъминлашга оид нормаларни процессуал қо­нун­чи­ликда белгилаш мақсадга мувофиқ.

Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан суд ҳужжати ижро қилинмагани учун уларнинг мансабдор шахс­ларига нисбатан суд жаримасини қўл­лаш тартиби Озарбайжон, Эстония, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилигида белгиланган.

Тўртинчидан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда.

Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, низонинг тарафлар ўр­тасида мақбул усулда ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида фуқаро ёки тадбиркорлар шикоятлари асосида кў­риладиган ишлар бўйича ярашувга эришиш механизмларини жорий қи­лишга қаратилган процессуал тартиблар мустаҳкамланмоқда.

Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилди. Фуқаро ёки тадбиркорлар шикоятлари асосида кўриладиган ишлар бўйича ярашувга эришиш меха­низм­ларини қўллаш имкония­ти Озарбайжон, Эстония ва Қозоғистон каби давлатларда самарали қўлланилмоқда.

Бешинчидан, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кў­раётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланиши, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса, фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ягона суд амалиётини таъминлаш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган нормалар ҳам қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳи­моя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стан­дарт­­лардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳаси билан:

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­;

Фуқаролик процессуал кодекси;

Иқтисодий процессуал кодекси;

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун;

«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга те­гишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Янги қонун лойиҳаси орқали таклиф этилаётган ўз­гартиш ва қўшимчалар:

– давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳи­моясини таъминлашга;

– давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фу­­қаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга;

– давлат органлари фаолия­ти қону­ний­ асосда юритилишини таъминлашга;

– фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қи­лишда судлар, айниқса, маъ­мурий судлар ролини кучайтиришга;

– маъмурий суд иш юритувини халқа­ро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга;

– аҳолининг судларга бўл­ган ишончини янада оширишга;

– маъмурий судларни ҳақи­қий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.

Шербек Назаров,

Олий суд бўлим бошлиғи,

Нурали МЎминов,

фуқаролик ишлари бўйича

Денов туманлараро суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: