СОҒЛИҚҚА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР ИШ БЕРУВЧИ ТОМОНИДАН ҚОПЛАНДИ

Бу ҳаётда кутилмаган воқеа-ҳодисалар ҳам рўй бериб туради. Масалан, ходим меҳнат вазифасини бажариши чоғида жароҳатланиши, шунингдек, касб касаллигига чалиниши ёки саломатлигига бошқача тарзда шикаст етиши мумкин. Бундай вазиятда ҳам амалдаги қонунларимизда ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланган. Аниқроқ айтганда, қонун талабига кўра, соғлиққа етказилган зарар иш берувчи томонидан қопланиши шарт.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, даъвогар С. Қурбонназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Навоий уран” давлат корхонаси Нуробод участкасида ерости қудуқларини таъмирлаш оператори вазифасида фаолият юритиб келган. У 2022 йилнинг 21 июнь куни вазифасини бажараётганда, кутилмаганда, йиқилиб тушиши оқибатида бел умуртқалари ёпиқ синиши жароҳатини олган.

Пастдарғом туманлараро тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг хулосасига кўра, С. Қурбонназаров меҳнатдан майибланиши оқибатида касбий меҳнат лаёқатини ўттиз фоизга йўқотган ва 2023 йилнинг 1 декабрига қадар учинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган.

Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 60-сонли қарорига илова қилинган Қоидалар талабига кўра, меҳнатдан жароҳат олган ходимга лаёқат даражаси пасайишидан олдинги охирги ўн икки ой мобайнидаги иш ҳақи ҳисобга олиниши ва тўланиши керак. Корхонадан берилган маълумотномада С. Қурбонназаровнинг бир йиллик иш ҳақи 68 миллион 67 минг 36 сўмни ташкил этиши қайд этилган.

Ўрни келганда яна шуни айтиш жоизки, “Навоий уран” давлат корхонаси ва “Кафолат” суғурта компанияси акциядорлик жамияти ўртасида иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилган. “Навоий уран” давлат корхонаси Нуробод участкасининг 2022 йил 6 декабрдаги 141-сонли буйруғига кўра, суғурта компанияси шартномага асосланиб, С. Қурбонназаровга 68 миллион 67 минг 36 сўм миқдоридаги маблағни бир йўла бериладиган нафақа сифатида тўлаб берган. Бундан ташқари юқорида қайд этилган буйруққа кўра, ходимга 2022 йил 8 ноябрдан 2023 йил 1 декабрга қадар ҳар ойда 850 минг 837 сўм миқдорида етказилган зарар суммаси тўланиши керак.

Аммо Навоий кон металлургия комбинати ходимлар касаба уюшмаси жабрланувчининг соғлиғига етказилган зарарни қоплашда аралаш жавобгарлик мавжуд, деган тўхтамга келади. Шу сабабли С. Қурбонназаровга тўланиши лозим бўлган зарар миқдорини иш берувчи томонидан эллик фоизга камайтириб, ўн беш фоиз миқдорга келтиради.

Бунга эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 191-моддасини асос қилиб олади. Ушбу моддада агар жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқиши ёки кўпайишига сабаб бўлса, тўланиши лозим бўлган зарар миқдори жабрланувчининг айби даражасига қараб, камайтирилиши қайд этилган.

Шунингдек, амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатилган ҳолатларни судда исботлаши шарт. Аммо корхона касаба уюшмаси иш берувчи томонидан ходимнинг қўпол эҳтиётсизлиги натижасида зарарни келиб чиқишига сабаб бўлаётган ҳолатлар мавжудлигини асослантириб беролмаган. Яъни асоссиз равишда ходимнинг аралаш жавобгарлигини белгилаб, меҳнатга қобилиятсиз даражасини ўн беш фоиз этиб, белгилаш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Ўз навбатида, С. Қурбонназаров ҳар ойдаги иш ҳақининг ўттиз фоиз миқдорини ундириб беришни сўраб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Иш ҳолатидан кўринишича, бахтсиз ҳолат ходимнинг айби билан рўй бермаган, аксинча, эҳтиётсизлик натижасида содир бўлган. Шу сабабли суд даъвогарнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларидан келиб чиқиб, касаба уюшмасининг 2022 йил 23 ноябрдаги 55-сонли баённомасини ғайриқонуний деб топди. Даъвогар С. Қурбонназаровнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасини ўттиз фоиз қилиб белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Зеро, инсон ва унинг ҳуқуқлари жамиятимизда энг олий қадриятдир.

Зафар РАВШАНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: