ЖАҲЛ ЖАЗАВАСИ

Мамлакатимизда жамиятнинг асосий бўғини бўлган оила институтини янада мустаҳкамлаш ва унинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилиши баробарида асрлар оша шаклланган оилавий қадриятларни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш учун Олий Мажлис Сена­тида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қў­ми­таси, Зўр­лик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қи­лиш ва мослаштириш ҳам­да ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази, Хо­тин-қизлар тадбиркорлиги маркази, «Оила» ил­мий-амалий тадқиқот маркази самарали фаолият юритмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар бир қатор ҳуқуқларга эга. Хусусан, ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан жабрланувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Шу­нинг­дек, жабрланувчининг махсус марказларда бепул телефон тармоғи орқали текин ҳу­қу­қий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи ҳам мавжуд.

Бундан ташқари мамлакатимизда жабрланган хотин-қизлар ички ишлар идораларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш тартиби жорий этилди.

Аммо хотин-қизларни таз­йиқ ва зўравонликлардан ҳи­моя қи­лиш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирларга қарамасдан ҳаётда баъзан афсусланарли ҳолатлар ҳам учраб турибди. Буни қу­йида тафсилотлари баён этиладиган воқеа ҳам тасдиқлайди.

Моҳинур (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан Шерали 2013 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, тинч-тотув яшаб келишаётган эди. Ўшанда уларнинг тинч-тотув оиласига барча ҳавас билан қарагани рост. Айниқса, оилада бирин-кетин икки нафар фарзанд дунёга келгач, уларнинг бахти янада тўкис бўлгандек эди. Аммо орадан йиллар ўтиб, эр-хотиннинг боши жанжалдан чиқмай қолди. Бундай дилхиралик, ўртага тушган совуқчилик оқибатида оиладан хайр-барака ҳам кўтарилди. Аслида бунга Шералининг ичкиликка берилгани сабаб бўлди. Афсусланарли томони шундаки, Шерали отасининг ҳам, яқинларининг ҳам панд-насиҳатини эътиборга олмади. Охир-оқибат…

Ўтган йилнинг 1 август ку­ни Шерали уйига маст ҳо­лат­да келиб, арзимаган баҳонани рўкач қилиб, хотинига қўл кўтаради. Сўнгра ўғлини эргаштириб, кўчага чиқиб кетади. Бироқ орадан кўп ўтмай ота-бола яна уйга қайтиб келишади. Шерали яна ичиб олгани афт-ангоридан кўриниб турарди. Шу боис у Моҳинурни яна аёвсиз уриб-тепкилайди.

Бу ноҳақликдан юраги алам ва ғазабга тўлган Моҳинур эридан қасд олишга қа­рор қилади. ўазабдан эс-хушини йўқотган аламзада аёл омборхонадан болтани олиб чиқиб, ётоқхонада ухлаб ётган эрининг бошига кетма-кет зарба беради. Маст аҳволда ожиз қолган Шерали унга қаршилик кўрсатолмай жон таслим қилади.

Оғир жиноят содир этган Моҳинур талвасага тушади. У жиноят қуроли бўлган болтани уйнинг орқа тарафидан оқиб ўтувчи ариққа ташлайди, мудҳиш жиноят изларини яшириш, мурдани йўқ қилиш ва ушбу ҳолатга бахтсиз ҳо­диса тусини бериш мақсадида уйга ўт қўйиб юборади. Ке­­йин эса, вояга етмаган фарзандларини ўзи билан бирга олиб, воқеа жойидан яширинади.

Тасодифни қарангки, орадан кўп ўтмай хонадон эгаси бўлган қайнотаси Ғ. Эсонов уйга келиб қолади ва ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлади. Шу тариқа Моҳинурнинг ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қасддан нобуд қи­­лиш ва мурдани таҳқирлашдан иборат жиноий ҳаракатлари ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етмай қолади.

Биринчи босқич суди судланувчи М. Эсоновани Жи­ноят­ кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди, 134-моддаси ва 25,173-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор топиб, ўн олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғ­рисида ҳукм чиқарди. Яқинда биринчи босқич судининг ушбу ҳукмига нисбатан Конимех тумани прокурори томонидан апелляция тартибида киритилган протест Навоий вилояти суди апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Прокурор протестида биринчи босқич суди судланувчи М. Эсоновага жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 50-моддаси талабларига риоя қилмаганини важ қилиб келтирган ва судланувчига нисбатан қонунга мувофиқ жазо тайинлашни сўраган.

Апелляция судлов ҳайъати ушбу жиноят ишини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, прокурор протестини қаноатлантирди. Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида судланувчи М. Эсоновага тайинланган жазони қонунга мувофиқлаштирди.

Чунки Жиноят кодексининг 50-моддаси тўртинчи хатбошисида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмаслиги, шунингдек, ушбу модда олтинчи хатбошисида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёш­дан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати Жиноят кодексининг Махсус қисми тегишли моддасида на­зарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бў­лиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қа­рорида ҳам судларга жазо тайинлаш муддатлари бўйича аниқ раҳбарий тушунтириш берилган.

Бироқ биринчи босқич суди ушбу қонун талаби ва Олий суд Пленуми кўрсатмаларига амал қилмасдан, Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисмида назарда тутилган энг кўп жазодан ҳам кўпроқ жазо тайинлаб, хатоликка йўл қўйган.

Шу сабабли судлов ҳайъа­ти судланувчи М. Эсоновага нисбатан биринчи босқич суди ҳукмини ўзгартиришга, судланувчининг муқаддам судланмагани, аёллиги, жабр­­ланувчининг ғайриҳуқуқий ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жи­ноят­ содир этганини эътиборга ол­ди.

Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, М. Эсоновага нисбатан тайинланган 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини 13 йил 4 ой муддатли жазо билан ал­маш­тирди.

Албатта, бу фожиа ҳар бир кишини ўйга толдирмай қолмайди. Гап шундаки, нав­қирон ёшдаги оила бошлиғи ахлоққа зид хулқ-атвори оқибатида бевақт ўлим топди. Икки нафар вояга етмаган фар­занд­нинг онаси, не-не ор­зу-умидлар кўнглида куртак ёз­ган ўттиз ёшли жувон жиноий қилмиши ортидан озодликдан маҳрум этилди. Агар Шерали билан Моҳинурнинг яқинлари, қўни-қўш­ни, маҳалла оқсоқоллари эъ­тиборли бўлганида бундай мудҳиш ҳо­диса юз бермаслиги мумкин эди. Афсуски, лоқайдлик ва эъ­­­тиборсизлик оқибатида бир оила шу тариқа барбод бўлиб кетди. Энг ёмони, фарзандлар аро йўл­да қолди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилганидан ҳамма хабардор бўлиши керак. Бунинг учун аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш зарур. Чунки жамоатчилик назорати орқали ҳар қандай иллатга қарши самарали курашиш мумкин. Агар судланувчи М. Эсонова ўзининг ана шу ҳақ-ҳуқуқларидан тўғри фойдаланганида, қасд алами сўнгги чора эмаслигини билганида, жаҳл жазавасига эрк бермаганида оғир жиноий қилмишга қўл урмаган бўлармиди?..

Абдуманноб ШАЙДОЕВ,

Навоий вилояти суди

раиси ўринбосари,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: