ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ТЎҚМОҒИ!

Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” деган мақол бор. Бу мақол бежиз айтилмаган. Ҳалол йўл билан келган даромад баракали, юрак ҳам хотиржам бўлади. Бироқ осон йўл билан пул топишни орзу қилиб, қилмиши жиноят кўчасига етаклашини кеч англаб етганлар ҳам учраб туради.

Яқинда жиноят ишлари бўйи­­ча Нурота туман судида судланувчи Д. Дилова (исм-шариф ўзгартирилган) га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи Д. Дилова ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Н. Бобомуратовага танишлари орқали Навоий шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидан квота олиб беришини ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси “Навоий” ҳудудий бошқармаси тиббий санитария бўлимига ҳамшира вазифасига ишга жойлаштиришини айтади. Ўзини ушбу ишларга қодир шахс сифатида кўрсатиб, унинг ишончига киради.

Д. Дилова ишга жойлашиши учун Н. Бобомуратовага Навоий шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида ишлайдиган таниши ва “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси “Навоий” ҳудудий бошқармаси тиббий санитария бўлими кадрлар бўлими бош­лиғига 8 миллион сўмни пора сифатида бериши лозимлигини уқтиради.

2022 йил 22 апрель куни соат 17:00 ларда ўтказилган тезкор тадбирда Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” гипермаркети ёнида Д. Дилова талаб қилинган ва кимёвий ишлов берилган 8 миллион сўм пул маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд Д. Дилованинг қилмишидан қаттиқ пушаймонлиги, у истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини қайта жиноят содир этмаслигига кафиллик берганлигини инобатга олиб, судланувчига озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Албатта, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Д. Ди­лованинг пешонасига “фирибгар” деган тамға босилди, ота-онасининг эса юзи шувит бўлди.

Муҳсин Эгамов,

жиноят ишлари бўйича

Нурота туман суди

судья катта ёрдамчиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: