ФИРИБГАРЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ БОРМИ?
Б. С. 2017 йилнинг декабрь ойида Н. М. нинг ишончига кириб, унга Сергели тумани 5-мавзесида қурилаётган янги уйлардан 2018 йил март ойига қадар олиб беришни ваъда қилиб, ундан 317 миллион 400 минг сўм олади. Ваъдаси эсдан чиқиб, пулларни қайтармайди. 2018 йил июнь ойида у ўзига шерик топиб, Н. М. га Сергели тумани 5-мавзесида «Учтепа Қалқон» МЧЖ томонидан қурилаётган уйнинг хонадонини олиб беришни ваъда қилади. Пулларни эса шериклари билан келишиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишади.
Борган сари нафси ўпқон отган Б. С. худди шундай важ билан А. С. дан ҳам 25 минг АҚШ доллари ундиради. Бу ишлар шу билан тугамайди. А. Б. дан минг АҚШ доллари, Д. У. исмли аёлдан 13 минг АҚШ доллари ва 24 миллион сўм, Т. З. дан 181 миллион 834 минг сўм, К. Р. дан 32 минг АҚШ доллари, рус миллати вакиласи Р. Е. га ҳам уй олиб беришни ваъда қилиб, 103 миллион сўмни қўлга киритади. Бу ҳам ҳаммаси эмас. Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттиришимиз мумкин, лекин шунча пулни қандай ҳазм қилиш мумкин? Тўғри, буни шериклари билан каттагина гуруҳ тузиб, қилган. Бироқ шунча одамни зор қақшатиб, камига қонундан қутилиб қолиш мумкин эмаслигини наҳотки билмаган бўлса?
Суд муҳокамасида Б. С. ўзининг ташкил этган фирмаси, яъни «Even board» билан қурилиш фирмаси «Учтепа қалқон» ўртасида тузилган бир неча шартномаларни унга ушбу фирмада ишловчи О. Б. тақдим этгани, у ушбу шартномалардаги имзо ва муҳрлар сохта эканини дастлаб билмагани, уларни сохта эканлигини фақатгина 2018 йил сентябрь ойида билгани каби қатор важлар келтирилди… Айбдорларнинг барчаси бугун қонун олдида жавоб беришди.
Шундай экан, ишнинг осон битиши ва ёки камроқ маблағга битишини кўзлаб фирибгарларга дуч келиб қолишдан эҳтиёт бўлинг!
Аҳрор Ҳошимхонов,
жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман суди судьяси
(“Жамият” газетаси,
2019 йил 6 декабрь)
Фикр қолдириш