ОҚЛАНМАГАН ИШОНЧ

Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, бу орқали кўплаб одамларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда. Банкдан олинган кредитлар ҳисобига ўз бизнесини йўлга қўйиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган, бу орқали ҳам оиласига, ҳам жамиятга нафи тегаётган юртдошларимиз сони ортиб бормоқда.

Бу яхши, албатта. Бироқ айрим ҳолларда давлат томонидан аҳоли учун ажратилаётган кредит маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибдики, бу очиқдан-очиқ халқ мулкига кўз олайтириш ҳисобланади.

Наманганлик Жавоҳир Темиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган кимсалардан бири бўлиб чиқди.

Давлат ташкилотида масъулиятли лавозимда ишлаш – халқ учун хизмат қилиш деган маънони англатади. Аммо Жавоҳир Темиров Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармасида мутахассис сифатида фаолият юритиб, кўпроқ нафси учун жон куйдирди. Бу охир-оқибат уни жиноятга етаклади.

Жавоҳир Темиров жиноий шериклари билан ўзаро тил бириктирган ҳолда “Ҳар бир оила – тадбиркор“ давлат дастури доирасида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштирган. Хусусан, у “Агробанк”нинг Тўрақўрғон филиалидан асаларичилик йўналиши бўйича Г. Юсуповага ажратилган 26 миллион, А. Нуриевга ажратилган 25,5 миллион сўмни жиноий шериги Жобир Сиддиқов раҳбарлигидаги корхона ҳисобига ўтказиб, талон-тарож қилган.

Нафси ҳакалак отган Ж. Темиров булар билан ҳам кифояланмай, “Агробанк”нинг Тўрақўрғон филиалидан иссиқхона қуриш йўналиши бўйича С. Маҳмудов ва И. Ҳабибуллаевага ажратилган 52 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағини бошқа корхона ҳисобига ўтказиб, жиноий шериклари билан ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган. Содир этган жиноий қилмишларини яшириш ва жавобгарликдан қочиш мақсадида маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақидаги расмий ҳужжатларга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, банк филиалига тақдим этган.

“Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек, мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда қайта-қайта қинғир ишларга қўл урган Жавоҳир Темировнинг жиноий ҳаракатлари охир-оқибат фош этилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Яқинда давлат бюджетидан ажратилган маблағга хиёнат қилган Жавоҳир Темиров ҳамда жиноий шерикларининг қилмиши судда кўриб чиқилди. Суд жиноятчиларнинг айбига иқрорлиги ва етказилган зарар қоплангани сабабли уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлади.

Хулоса ўринда айтиб ўтиш керакки, масъул лавозим фидойилик, бурч ва масъулиятни талаб қилади. Зеро, малакали кадр, етук мутахассис бўлиш осон иш эмас. Йиллар давомида қилган меҳнатлари эвазига масъулиятли лавозимга тайинланган айрим кимсаларнинг жиноятга қўл уриб, элу юрт олдида юзи шувут бўлаётгани нафсга берилиши натижасидир. Бинобарин, нафс қутқуси кишини ҳар доим бадном қилади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Шуҳрат Қурбонов,

Наманган вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: