МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИНГ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ АҲОЛИГА МУНОСИБ ТУРМУШ ШАРОИТИ ЯРАТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизнинг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
Шу асосда юртимизда хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтиришга оид бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Бунда, айниқса, 2020 йил 23 декабрда «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур қонун аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан амалдаги бир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Узоқ йиллардан буён ижтимоий ҳаётда баъзан адолатсизликка учраган мулкдорларнинг тақдири турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди. Мулкдорлар ҳуқуқлари бундан буён ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланди, десак, тўғри бўлади.
Чунки ушбу қонунга мувофиқ, ўтган йилнинг 23 декабридан бошлаб ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда:
мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
автомобиль ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темирйўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш;
аҳоли пунктлари бош режаларининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини ижро этиш мақсадида, шунингдек, қонунларда ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда амалга оширилади.
Мулкдорлар ҳуқуқларининг чинаккам кафолати яратилар экан, амалдаги Ер кодекси ҳам ўзгартиришлардан четда қолгани йўқ. Унга кўра, эндиликда ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарачи ер участкасини олиб қўйиш ҳақидаги тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, бу қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
Корхоналар, бинолар ва иншоотлар қуриш учун ер участкаларини олиб қўйишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойиҳалаш бошлангунга қадар ҳудудни комплекс ривожлантиришни таъминлашни инобатга олган ҳолда объект қуриладиган жой, участканинг тахминий ўлчами ва уни ажратиш шартларини ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар, шунингдек, тегишинча вилоят ёки туман (шаҳар) ҳокими ёхуд Вазирлар Маҳкамаси билан олдиндан келишиб олиши шарт.
Бундай тарзда келишиб олинмагунга қадар лойиҳа ишларини молиялаштиришга йўл қўйилмайди.
Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳамда объект қуриладиган жойни олдиндан келишиб олиш, шунингдек, ер ажратиб беришни расмийлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Юқорида қайд этилган янги қонун билан амалдаги «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ҳам бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади.
Ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган тақдирда эса, суд қарорида белгиланган жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатлари қопланганидан сўнг йўл қўйилади.
Ер участкасини олиб қўйиш ва уй, бошқа иморатлар, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек, турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.
Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.
Давлат органлари уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорининг кўчирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
Олиб қўйилаётган ер участкаларидаги уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бунда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати ана шу мол-мулк бевосита олиб қўйилишидан олдинги пайтдаги ёки олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулкнинг қийматига таъсир кўрсатган пайтдаги ҳолатга кўра, баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.
Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Низони кўриб чиқишда мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам ҳал этилади.
Ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан, бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатларини қоплаб бериш тўғрисидаги келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлиги ҳақидаги нормалар шу пайтга қадар қонунчиликда мавжуд эмас эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айнан ушбу қонунда давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиз эканлиги белгиланди. Эндиликда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳамда бекор қилинмаслиги хусусий мулкнинг ҳақиқий кафолатига айланди.
Бундан ташқари қуйидаги кўчар ва кўчмас мол-мулк, яъни:
давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштирилган корхоналарда давлат мол-мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида аниқланмаган кўчар ва кўчмас мол-мулк;
корхона ҳудудида жойлашган, давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берилган кўчар ва кўчмас мол-мулк давлат тасарруфидан чиқарилган ҳамда хусусийлаштирилган корхоналарнинг мол-мулки деб эътироф этилиши белгиланди.
Қонунга мувофиқ, давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно.
Бундай буён давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас, деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга янада қулай шарт-шароитлар яратишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, ўз навбатида, хусусий мулкчиликнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ҳиссасини янада оширади.
Бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мукаммаллиги ва ошкоралиги, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилувчиларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида аҳолининг барча қатламлари учун кўрсатиладиган интерактив хизматларни кенгайтириш, фойдали дастурий таъминотларни амалиётга изчил татбиқ этиб бориш олдимизда турган устувор вазифадир.
Мақсудбек Саидов,
Тошкент шаҳар суди
раиси ўринбосари
Фикр қолдириш