ТОВЛАМАЧИ ҲАМКИШЛОҚ
Қўқон шаҳрида яшовчи Гулсанам Жўрахонова (исм-шарифлари ўзгартирилган) асли қўшни Учкўприк туманидан. Эндигина 27 ёшга кирган бу қиз ҳою-ҳавасга ўч бўлиб улғайган. Шунинг учун бўлса керак, Гулсанам меҳнат қилмай, бели оғримай пул топишни маъқул кўради. Афсуски, табиатидаги бу қусур уни товламачиликка етаклади.
Г. Жўрахонова 2022 йилнинг июнь ойида ўзининг ҳамқишлоғи, қурилиш материали ишлаб чиқарувчи тадбиркор Шоҳимардон Ўроловга қармоқ ташлайди. Аниқроғи, Шоҳимардоннинг “Телеграм”даги профилига “Мадина” исми билан алоқага чиқади. Унинг асл мақсадидан бехабар йигит эса тезда тузоққа илинади. Хуллас, кўп ўтмай, уларнинг “гаплари қовушиб”, ҳоли жойда учрашадиган бўлишади. Яъни “Мадина” – Гулсанам “ошиғи”ни Қўқондаги ўзи ижара асосида яшаётган уйига таклиф этади. Бироқ Шоҳимардонга эски таниши, вояга етмаган Нафиса Содиржоновани “Мадина” сифатида рўбарў қилади. Ўзи эса билинтирмай хонага яширин камера ўрнатиб, уларнинг кўнгилхушлигини видеотасвирга муҳрлайди.
Шундан сўнг устамон қиз видеотасвирни ҳеч кимга ошкор қилмаслик эвазига Ш. Ўроловдан пул талаб қилади. Акс ҳолда эса тасвирни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб юборишини айтиб, қўрқитади.
Оқибатда 2022 йил июнь ойидан 19 августга қадар йигитдан 700 АҚШ доллари миқдорида пул олади. Шоҳимардон билан учрашмаслик ва унга ўзини танитмаслик мақсадида 500 АҚШ долларини уйи яқинидаги газ қурилмаси ичига қўйиб кетишини тайинлайди. Қолган пулларни шаръий турмуш ўртоғи Хусниддин Ҳайдаровнинг пластик карта рақамига туширтиради. Шунда Ш. Ўролов пластик карта эгасининг исм-фамилиясини эслаб қолади.
Лекин Гулсанам бу билан қаноатланмайди. Шу боис йигитдан яна 1 000 АҚШ доллари беришни талаб қилади. Бундай ғирромликни кутмаган жабрланувчи эса нима қилишини билмай, боши қотиб қолади. Охири ўйлай-ўйлай, ҳамқишлоқ дўсти Икромжон Долимовга дардини айтади.
Унинг гапларини эшитган заҳотиёқ Икромжоннинг хаёлига Г. Жўрахонова келади. Негаки, Гулсанам илгари ҳам товламачилик билан шуғулланганини биларди у.
– Қишлоғимиздаги Қаҳҳор аканинг қизи Гулсанамни сен яхши танийсан. Ўша қизнинг аввалдан шунақа “шантаж”чи эканлигини айтишганди. Бир текшириб кўриш керак, – дейди И. Долимов.
Шундан сўнг И. Долимов Гулсанам Жўрахонованининг ота уйига ўзи боради. Онасини алдаб-сулдаб, куёвининг исми ва қизининг телефон рақамини билиб олади. Кейин ўша рақамни дўстига юборади.
Шоҳимардон оғайниси аниқлаган рақамни уяли телефони хотирасига сақлаганда эса “сир” ошкор бўлади. Яъни “Мадина” аслида ўзининг ҳамқишлоғи Гулсанам эканлиги аён бўлади. Бинобарин, Ш. Ўролов юқоридаги товламачилик хусусида Қўқон шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади. Оқибатда “қаҳрамон”имиз 2022 йил 19 август куни кечки 21:00 ларда шаҳарнинг А. Навоий даҳасида Шоҳимардондан 400 АҚШ доллари ва 6 000 000 сўм пулларни олаётган вақтда ушланади.
Албатта, шундан кейин товламачи қизга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса уни жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.
Қобилжон АБДУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Қўқон шаҳар судининг судьяси
Фикр қолдириш