СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИ: ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, кейинги тўрт йилда суд-ҳу­қуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу асосда судларнинг ҳақиқий мус­тақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ва шаффоф механизмини яратиш бў­йича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўтган даврда судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди. Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.

Кейинги йилларда иқтисодиётимизга киритилаётган инвестициялар ҳажми тобора ошаётгани диққатга ло­йиқ. Бу, ўз навбатида, инвесторлар ҳуқуқларини суд орқа­ли ҳимоя қилишнинг самарали тизими яратилишини тақозо этмоқда. Жумладан, эндиликда йирик инвесторларга тааллуқли тоифадаги низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг ин­вестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилади. Яъни уш­бу ни­золар биринчи инс­тан­ция­да тўғридан-тўғри Олий суд то­монидан кўрилиши мумкин.

Бошқа инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция су­ди сифатида кўрилиши мумкин.

Судларни молиялаштириш тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. 2021 йил 13 январдаги Президент Фармонига мувофиқ 2021 йилдан бошлаб судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақ­лари ҳам­да қў­шимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюд­же­ти маблағлари ҳи­собидан молиялаштирилиши белгиланди. Шунингдек, судьяларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.

Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан, аёл судья­ларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2019 йилда судларда 149 нафар аёл, 1 047 нафар эркак судья фаолият юритган бўлса, 2020 йилда 157 нафар аёл, 1 074 нафар эркак судья фаолият юритди.

2021 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда ишлаб турган 1 214 нафар судья­дан 1 053 нафари эркаклар бў­либ, аёл судьялар 161 нафарни, яъ­ни 15,3 фоизни ташкил қилади. Олий судда фаолият юритаётган 63 нафар судьянинг 15 нафари аёл судьялардир. Бу рақам 31,3 фоизни ташкил этади.

Инсон ҳуқуқларининг ишонч­ли ҳимоясини таъминлаш мақ­­­­­­садида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилди. 2017 йилга қадар 6 суд инстанция­сида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда бу инс­танциялар сони 3 тага қисқартирилди.

Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яра­ти­­либ, биринчи инс­танция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича ви­лоят­ судлари); апелляция инстан­ция­си (вилоят даражасидаги судлар) ва кассация инстан­ция­си (Олий суд)­ дан иборат бўлган «Бир суд — бир инс­тан­ция» тамойили жорий қи­лин­ди. Хал­қаро ташкилотлар ва эксперт­ларнинг эътирозига сабаб бўл­ган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қи­линди.

Суд қарорларини қайта кў­риш инс­титутини янада такомиллаштириш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳу­қуқ­ли­лиги принципига риоя эти­ли­ши­ни таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекс­лари ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс­га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунларга асосан фуқароларга одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилинди.

Суд процессида тортишув принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди.

Жиноят процессида аввал янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш фақат прокурорнинг ташаббусига кўра амалга оширилган бўлса, энди бундай ҳуқуқ жиноят процессининг бош­қа иштирокчилари, яъни маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари, жабрланувчи ва унинг вакилига ҳам берилди. Улар судга янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўз­ғатиш тўғ­рисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўл­ди.

Фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришда прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Прокурор қо­нунда назарда тутилган ёки ўзининг даъво аризаси асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши, иш бў­йича тарафларнинг мурожаатлари мавжуд бўл­ган тақдирда кассация про­тес­тини киритиш масаласини ҳал қилиш учун суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақ­ли экани белгиланди.

Жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

Ушбу соҳадаги натижадорликни 2019 йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси жаноб Диего Гарсия-Саян ҳам алоҳида қайд этганди. Чунончи, ўтган 4 йилда 2 770 нафар, 2020 йилнинг ўзида 781 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 3 434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5 958 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қў­йилган моддалар айбловлардан чиқарилган ёки ўзгартирилган.

2020 йилда судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий­ кирган 616 нафар фуқаро афв этилган.

Судда ишларни кўришда бир қатор янги институтлар жорий этилди.

Жумладан, жи­ноят­ иши бўйича дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация инс­титутлари амал қилмоқда. Бундан ташқари жиноят процессида ярашув инс­титути кенгайтирилиб, у барча инс­тан­ция­ларда қўлланадиган бўлди.

Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб, бу борада ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Судлар томонидан қабул қилинган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда. Бугунги кунда Олий суд веб-сайтида 1,5 миллиондан ортиқ суд қарорлари эъ­лон қилинди.

Суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқи тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 21 февралда Олий суд Пленумининг «Суд муҳокамаси ош­ко­ралигини ва судлар фаолия­тига доир ахборот олиш ҳу­қуқини таъминлаш тўғрисида»ги қа­рори қабул қилинди.

Дарҳақиқат, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва холис ахборот бериш жамиятда ҳуқу­қий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади, одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолия­ти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси саналади.

Шу муносабат билан Пленум қарорида судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳу­қуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратишлари лозимлиги тушунтирилди.

Айниқса, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борада шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчи саноат инқилоби даврида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўл­лаш борасида ишлар жадал амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган тўрт йил давомида 24 мингдан ортиқ суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказилиб, бу мажлисларда қатнашган 52 мингдан ортиқ шахсларнинг вақти ва маблағи тежалди.

Ишларни инсон омилисиз, яъни автоматик равишда тақсимлаш, суд мажлиси жадвалининг ягона электрон базасини жорий этиш, суд қарорларини расмий веб-сайтда эъ­лон қилиш, судга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шакл­да юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш каби замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.

Одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишда соҳани рақамлаштиришни янада­ кенгайтириш мақсадида 2020 йил 3 сентябрда «Суд ҳоки­мия­­ти органлари фаолиятини ра­қам­лаш­тириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қа­­­­рори қа­бул қи­линди. Унга кў­ра, Олий суд ахборот тизимини 28 та давлат органлари ахборот тизимларига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўт­казишни назарда тутувчи «Йўл харитаси», шунингдек, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти ор­ганлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди.

Барча суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, биринчи инстанцияда тўлиқ жорий қилинган ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш тартибини апелляция ва кассация инс­танцияси судларида ҳам йўл­га қў­йиш, тарафларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳа­қи­да «SMS» хабар орқали хабардор қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастури амалиётга жорий этилиши белгиланди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича хал­қаро рей­тинг­ларда Ўзбекис­тоннинг нуфузи ошишига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг март ойида «Heritage Foundation» тадқиқот маркази томонидан «Иқтисодий эр­кинлик индекси — 2021» ҳисоботи эълон қилинди.

Унда Ўз­бекистон 186 та мамлакат орасида 58,3 балл билан 108-ўринни эгаллаб, мамлакат рейтинги 6 поғонага кўтарилди. Шу би­лан бирга, охирги тўрт йилда 44 та ўрин (152-ўриндан 108-ўринга) юқорилади. Индексда мамлакатнинг ўрни асосан Суд фаолияти самарадорлигига эришганлиги натижасида яхшиланган, яъни ушбу кўрсаткич 34,2 баллдан 50,8 баллга (+16,6) кўтарилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида «Адолат бу — давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимия­ти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди», деган фикрлари суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарали амалга оширилиши нечоғлик муҳим аҳа­миятга эга эканини яққол тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан, одил судлов соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳани янада такомиллаштириш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Бу борада суд-ҳуқуқ тизими олдида улкан вазифалар турибди. Жумладан, «Бир суд — бир инстанция» тамойилини амалда самарали жорий этиш ниҳоятда муҳим.

Шунингдек, «Хабеас корпус» институти қўлланишини янада кенгайтириш, халқаро ҳуқуқ­нинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини амалда тўлиқ таъминлаш, шахс­ларнинг ҳуқуқлари ва қо­нуний манфаатлари ишончли ҳимоя этилишини кучайтириш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган Жи­ноят­ ва Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда «Судлар тўғ­риси­да»ги қонуннинг ян­ги таҳрирлари, «Судьялар ҳамжа­мия­ти ор­­ганлари тўғ­ри­си­да»ги ян­ги қонуннинг қабул қи­линиши муҳим аҳамиятга эга.

Шербек Назаров,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди бўлим бошлиғи

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: