СИРЛИ БАРМОҚ ИЗЛАРИ ЁХУД 18 ЙИЛДАН СЎНГ ФОШ БЎЛГАН ҚОТИЛЛИК
Бундан 20 йил муқаддам — 2003 йил 10 январь куни Учтепа тумани “Чилонзор” 11-даҳасида яшаган, 56 ёшли Людмила Рибкинанинг (исм-шарифлари ўзгартирилган) хонадонида мудҳиш қотиллик содир этилади. Аниқроғи, хонадон соҳибаси аллакимлар томонидан ўлдириб кетилади.
Ўша пайтда воқеа жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари “Бу мудҳиш жиноятга ким қўл урган? Кимнинг марҳумада қасди бўлиши мумкин? Қотил эркак кишими ёки аёл?” — деган бир-биридан жумбоқли саволларга жавоб изларди. Бинобарин, ўша пайтда ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, профилактика инспектори, жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари ва терговчидан иборат гуруҳ иш бошлайди.
Аммо изқуварлар қанчалик тезкор ва синчковлик билан суриштирув ишларини олиб боришига қарамай бу мудҳиш жиноятни содир этган кимсанинг топишга муваффақ бўлишолмайди.
Маълум бўлишича, Л. Рибкина Учтепа тумани давлат солиқ инспекцияси биносининг ўнг томонида жойлашган тиббиёт бирлашмасига қарашли тез ёрдам шохобчасида ҳамшира бўлиб ишлаган. Шу боис ҳудуд аҳолиси қатори туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳам соғлиғида муаммо пайдо бўлса, дарҳол ушбу шохобчага мурожаат қилишган.
Буни қарангки, бир куни кутилмаганда солиқ инспектори Элбек Ғуломовнинг тоби қочиб қолади. Уни текшириб кўрган врач тегишли дори-дармонларни ёзиб беради. Аммо Э. Ғуломов хизмат вазифасини давом эттирган ҳолда муолажаларни олади. Шу боис у эртаси куни тушликдан олдин муолажа олиш мақсадида тиббий шохобчага киради. Ҳамшира Людмила Рибкина уни очиқ чеҳра билан қарши олади.
— Иш ҳеч қачон қочиб кетмайди. Биринчи галда инсон ўз соғлиғини ўйлаши керак, — дейди Л. Рибкина осма уколни улаб қўйгач.
Шундан сўнг аёл бемор билан суҳбатлашиб, уйда муолажани давом эттириш учун бир қатор тавсиялар беради.
— Сизга катта раҳмат! Албатта, айтганларингизга амал қиламан, — дея Э. Ғуломов миннатдорчилик билдиради.
Қисқаси, улар шу тариқа танишиб қолишади. Вақт ўтиши билан эса, ўрталаридаги муносабат янада қалин тус олади.
Ажабланарли томони шундаки, одатдаги суҳбатларнинг бирида Людмила Рибкина Элбекка ғалати таклифни айтади.
— Мабодо ёқтирган аёлинг бўлса, бемалол меникига меҳмонга таклиф қилишинг мумкин. Бирга ўтирамиз, — дейди у кулиб.
Рости гап, бу “таклиф” Элбекка ҳам ёқиб тушади. Бинобарин, аввалига у ҳар ўн беш кун-бир ойда Л. Рибкинанинг уйида кўнгилхушлик қилиб юради.
Энг ачинарлиси, аста-секин ҳамшира аёлнинг уйи Э. Ғуломовнинг ишратхонасига айланиб қолади. Бундай пайтда Л. Рибкина “меҳмон”лар билан бирга ўтириб спиртли ичимлик ичар, сўнг уларни ҳоли қолдириб, уйдан чиқиб кетарди… Ўз навбатида, ҳар гал Элбек унга мўмайгина хизмат ҳақи берарди.
Ўша мудҳиш воқеа рўй берган 2003 йил 9 январь куни ҳам айнан шундай бўлди. Тушлик маҳали “Ватан” кинотеатри яқинидаги қаҳвахонада ўтирган Э. Ғуломовнинг ёнига тахминан 25 ёшлар атрофидаги Вера исмли қиз келиб, сигарет сўрайди. Аслида бу қизнинг йигит билан танишиш учун бир баҳонаси эди. Буни сезган Элбек уни тушликка таклиф қилади. Тушлик асносида эса, улар ўзаро “тил топишиб” қолишади. Бинобарин, кечки соат 18:00 лар атрофида Элбек Верани эски манзилга бошлаб боради.
Албатта, қуруқ қўл билан эмас, аниқроғи, у икки шиша ароқ ва турли хил егуликлар олиб боради. Хонадон соҳибаси эса, “меҳмон”ларни кутиб олгач, овқат тайёрлашга киришади. То овқат тайёр бўлгунча уччаласи бир шиша спиртли ичимликни ичишади. Кейин эса, иккинчи шишани ҳам бўшатишади. Шундан сўнг мезбон Элбекнинг ишорасига биноан ўрнидан қўзғалади.
— Сизлар ўтириб туринглар, мен ҳозир келаман, — дейди у уйидан чиқаётиб.
Орадан бир соатча ўтгач, Л. Рибкина қайтиб келади.
— Элбек, сен шоколад олиб келгин, зиёфатни яна давом эттирамиз, — дейди хонадон соҳибаси.
Шундан сўнг Э. Ғуломов кўчага чиқиб, дўкондан турли ширинлик ва яна бир шиша ичимлик олиб келади. Аммо у қайтиб келгунча Вера кетиб қолади. Шу боис у ичимликни Л. Рибкина билан бирга ичади.
Қисқаси, ўзаро суҳбат асносида Л. Рибкина Элбекдан 300 АҚШ доллари миқдорида қарз сўрайди.
— Ҳозир бунча пулим йўқ. Лекин эртага юз доллар беришим мумкин, — дейди Э. Ғуломов.
Аммо унинг гапига Л. Рибкина ишонмайди, аксинча, кутилмаганда, унинг жаҳли чиқиб кетади.
— Баҳона қилма, сенда ҳар доим пул бўлади. Агар уч юз доллар бермасанг, хотинингга ҳаммасини айтиб бераман. Қаерда яшашингни биламан, — деб у очиқдан-очиқ товламачиликка ўтади.
Қисқаси, бир зумда иккаласи жанжаллашиб қолишади. Яъни аёл Э. Ғуломовни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани етмаганидек, унинг юз-қўлларини юмдалаб ташлайди. Ичкилик таъсирида ҳеч нарсани англамай қўйган Э. Ғуломов унинг ҳақоратларига чидаб туролмайди, у стол устида турган бўш ароқ шишасини ғазаб билан қўлига олиб, аёлнинг боши ва юз қисмига аёвсиз ура бошлайди. Бу оғир зарбадан аёл ҳушини йўқотиб, йиқилиб тушади. Ичкилик таъсирида буткул ақл-ҳушини йўқотган Э. Ғуломов ҳам алланималар дея ғўдранганча бир четда ухлаб қолади. Лекин….
Шундан сўнг Л. Рибкина қайта ўзига келмайди. Чунки у оғир зарбалар таъсирида аллақачон жон таслим қилганди.
Албатта, Э. Ғуломов ҳуши бироз ўзига келгач, қандай мудҳиш жиноятга қўл урганини англаб, қаттиқ қўрқувга тушади ва ваҳима билан апил-тапил кийиниб, уйдан чиқиб кетади. Эртаси куни эса, ишга бориб, ҳеч нарса кўрмагандек юраверади. Воқеанинг учинчи куни Л. Рибкинанинг ўлими ҳақидаги совуқ хабар ҳаммаёққа тарқалади. Аммо ўша йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг барча саъй-ҳаракатлари зое кетади – қотил топилмайди.
Шу ўринда бир ҳолатни алоҳида таъкидлаш жоиз. Гап шундаки, юртимизда хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш тизими такомиллаштирилиб, биометрик паспортнинг жорий қилиниши жуда кўп очилмай қолган жиноятларнинг фош этилишига туртки бўлди.
Аммо Э. Ғуломов ҳам анойи эмасди, у қилмиши фош бўлиб қолишдан чўчиб, анча вақт мобайнида янги беометрик паспорт олишга ботинолмайди. Бироқ 2021 йилда биометрик паспорт олишга мажбур бўлади. Шундан сўнг калаванинг учи топилади. Аниқроқ айтганда, қотилнинг изига тушган жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари ўша пайтда воқеа жойидаги далилий ашёларни, жумладан, марҳуманинг уйидаги буюмлар ва ароқ шишаларидаги бармоқ изларини, ҳатто сигарет қолдиқларини ҳам сақлаб қўйишганди. Орадан шунча вақт ўтиб, жиноят иши қайтадан ўрганилганда воқеа жойидаги бармоқ излари Ички ишлар вазирлигининг паспорт маълумотлари базасидаги Элбек Ғуломовнинг бармоқ излари билан айнан бир хил экани аниқланади. Бинобарин, 2021 йил 15 ноябрь куни Учтепа тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари уни гумонланувчи тариқасида чақиришади.
Буни қарангки, аввалига Э. Ғуломов айбига мутлақо иқрор бўлмайди, бу қилмишга қўл урганим йўқ, дея оёқ тираб туради. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора томонидан воқеа жойидан далилий ашё тариқасида олинган сигарет қолдиғи ва гумонланувчининг оғиз сўлаги ДНК экспертизасидан ўтказилади. Натижада Э. Ғуломовнинг оғиз сўлаги билан сигарет қолдиғига сингиб кетган сўлак айнан битта шахсга тегишли эканлиги аён бўлади. Э. Ғуломов бу далил қаршисида ожиз қолиб, айбини бўйнига олади.
Шундан сўнг ушбу иш жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида кўриб чиқилди. Суд Э. Ғуломовни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “д”, “ж” бандлари билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Қолаверса, манфаатдор томонларга судланувчи Э. Ғуломовнинг ҳаракатлари оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деган нақл бежизга айтилмаган. Бу ҳаёт ҳақиқати бу гал ҳам ўз исботини топди. Қинғирлик кўчасига кириб, қотилликка қўл урган кимса орадан узоқ вақт ўтишига қарамасдан қилмишига яраша қонуний жазосини олди.
Ҳамиджон ШАМШИЕВ,
Тошкент шаҳар суди судьяси,
Бобомурод КАРИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Учтепа тумани суди судьяси
Фикр қолдириш