РАД ЭТИЛГАН ДАЪВО ЁХУД ҚОНУНИЙ ҲУҚУҚЛАР СУД ҲИМОЯСИДА

Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фермер хўжаликлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Шу боис иқтисодий судларда ер муносабатлари билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш жараёнида фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни қуйидаги мисол ҳам яққол тасдиқлайди.

Урганч тумани ҳокимлиги Урганч туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, «агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказмай, ерни ўз ҳолига ташлаб қўй­ган», деган важ билан «Исломбек Шарипов» фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, 2019 йил 28 январда Урганч тумани ҳокимлиги ва «Исломбек Шарипов» фермер хўжалиги ўртасида 884-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган.

Амалдаги Ер кодексининг 36-моддасида ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши асослари белгиланган.

Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида»ги Низомда ҳам фермер хўжалиги томонидан шартнома интизоми бузилиши, шунингдек, хў­жалик фаолияти самарасиз юритилишининг аниқланган ҳолатлари асосида фермер хўжалиги ер участ­каси майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби баён этилган.

Энди даъво аризасида қайд этилган ҳолатларга қайтадиган бўлсак, «Исломбек Шарипов» фермер хўжалиги 2021 йил пахта ҳосили режасини 73,5 фоизга бажарган. Аммо бу ҳо­лат фермер хўжалиги ҳосилдорлик даражасини уч йил мобайнида меъёрдан паст бўлишига олиб келмаган.

Шундай бўл­са-да, Урганч тумани ҳо­кимлиги фермер хў­жа­ли­гини асоссиз равишда айб­лаган. Суд даъво аризаси асоссиз бўл­гани учун уни кўрмасдан қолдиришни ва иш­ни кў­риш би­лан боғлиқ барча суд харажатларини ҳокимлик зиммасига юклашни лозим топди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қонун барчага баробар. Шу боис агар даъво талаби қонунга мос бўлмаса, у албатта, рад этилади. Бу эса, судга даъво аризасини киритишда қонун талабларига қатъий риоя этишни тақозо этади. Ана шунда ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Нилуфар Аллаберганова,

Урганч туманлараро иқтисодий суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: