ҚИДИРУВДАГИ ЖИНОЯТЧИ 20 ЙИЛДАН СЎНГ УШЛАНИБ, ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Қўқон шаҳрида яшовчи Икромжон Аминов (исм-шарифлари ўзгартирилган) бундан бир неча йил илгари автомобил эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғуллана бошлаганди. Кейинчалик савдо ишларини кенгайтириб, қайнсинглисининг ўғли Афзал Абдухалиловни ҳам ишга олади.

Айтиш керакки, ўша пайтда автомобил эҳтиёт қисмларига талаб юқори бўлгани сабабли савдо дўконига деярли ҳар куни янги маҳсулот олиб келинарди. Бунинг натижасида катта миқдорда нақд пул тушарди, И. Аминов ва А. Абдухалилов ҳар куни иш якунида пулларни ҳисоб-китоб қилишарди. Албатта, даромадга яраша буромад, деганларидек, И. Аминов баъзан 15 кунда, баъзида ой охирида А. Абдухалиловнинг иш ҳақини берарди. Қолаверса, қариндош бўлгани боис уни иш ҳақидан ташқари ҳам рағбатлантириб турарди.

Қисқаси, шу зайлда А. Абдухалилов И. Аминовнинг савдо дўконида бир йилдан ортиқроқ ишлайди. Аммо 2001 йилнинг охирларига келиб, у қинғир ишга қўл уради. Яъни у иш ҳақига қаноат қилмай, айрим эҳтиёт қисмларни яширинча сотадиган одат чиқаради. Табиийки, ҳар бир маҳсулот дўконга донабай келтирилгани боис И. Аминов кўп ўтмай, буни сезиб қолади.

Оқибатда у А. Абдухалиловни дўкондан четлатади.

Шундан сўнг А. Абдухалиловнинг кўнглида поччасига нисбатан адоват пайдо бўлади ва у ўч олиш пайига тушади. У шунчалик аламзада бўлиб қолгандики, эрта-ю кеч шу ҳақида ўйлаб, ўзича турли хил режалар тузади.

Охир-оқибат у И. Аминовнинг якка-ю ёлғиз ўғли Ш. Аминовни ўғирлаб, эвазига 15 000 АҚШ доллари талаб қилишга қарор қилади. Ҳатто бу ҳақида таниши Б. Дархоновга ҳам айтиб, ундан ёрдам сўрайди. Лекин Б. Дархонов унинг жиноий режасини эшитиб, рози бўлмайди, аксинча, бундан ҳам мудҳишроқ таклифни айтади.

— Жиянинг таниб қолиб, отасига айтиб берса, нима бўлади?! Шунинг учун уни ўғирлаб, овора бўлмай бирдан гумдон қилиш керак, — дейди у ўта совуққонлик билан.

Буни қарангки, унинг бу мудҳиш фикрига Афзал Абдуҳалиловга ҳам эътироз билдирмайди, аксинча, унга маъқул тушади.

Қисқаси, шундан сўнг икки ҳамтовоқ жиноий режа тузиб, 2002 йил 8 март куни шаҳарнинг “Қўрғонча” кўчасидаги бильярд клубида учрашишади.

Бунга сабаб айни ўша пайтда И. Аминовнинг ўғли Шуҳратжон ҳам клубга келган эди. А. Абдухалилов ўзаро салом-аликдан сўнг жиянига билдирмай, Б. Дархоновга маъноли кўз қисиб қўяди.

— Шуҳратнинг велосипедига эҳтиёт қисмлар керак экан. Бир танишимга тайинлаб қўйганман. Юр, бирга бориб, шуни олиб келамиз, — дейди А. Абдухалилов Б. Дархоновга.

Жиноий режага кўра, А. Абдухалилов мудҳиш режасини Б. Дархоновнинг ҳовлисида амалга оширишни кўзлаган эди. Аммо Б. Дархонов уйда ота-онаси борлигини айтиб, одамларнинг кўзидан йироқроқ, овлоқ жойга бориш зарурлигини тайинлайди.

Бинобарин, А. Абдухалилов Б. Дархонов билан бирга Шуҳратжонни шаҳар четидаги ҳали қурилиши тугалланмаган бир ҳовлига бошлаб боради. Ўша дамда бояқиш Ш. Аминов ўзи туғилиб ўсган шаҳар кўчаларини сўнгги марта кўраётгани, умуман олганда, бу фоний дунёда ҳаётининг охирги дақиқаларини кечираётгани, саноқли лаҳзалардан сўнг бегона эмас, ўзининг қариндоши қўлида фожиали ўлим топишини қаёқдан билибди дейсиз?

— Танишим велосипедингга керакли эҳтиёт қисмларни шу ҳовлининг ертўласига яшириб қўйибди, — дея А. Абдухалилов Шуҳратжонни алдаб, ичкарига бошлаб киради.

Соддадил болакай эса, бирон-бир ёмонликни хаёлига ҳам келтирмай унинг ортидан эргашади. Кимсасиз, ташландиқ уйнинг қоронғи ертўласига тушишгач, икки ҳамтовоқ бирдан ожиз болага ташланади. Яъни Б. Дархонов ваҳшийларча қиёфада чўнтагидан симни олиб, болакайнинг бўйнидан бўға бошлайди. А. Абдухалилов овозини чиқармаслиги учун боланинг оғиз-бурнини қўли билан беркитиб туради…

Буни қарангки, қотиллар ўзлари содир этган мудҳиш жиноятни яшириш йўлини ҳам аввалдан ўйлаб қўйишган экан. Яъни Б. Дархонов уйига бориб, қоп олиб келади. Сўнгра жиноий шериклар болакайнинг жасадини қопга солиб, Ўзбекистон туманининг собиқ “Пахтақайнар” ширкат хўжалигидан ўтадиган ариққа ташлаб юборишади…

Албатта, ўша куни Шуҳратжон уйга қайтмагач, ота-онаси хавотирга тушиб, уни қидиришга тушишади. Шунингдек, улар зудлик билан Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармасига ҳам хабар беришади. Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида 2002 йил 14 март куни ариқдан боланинг жасади топилади.

Табиийки, ушбу мудҳиш қотиллик ҳақидаги совуқ хабар бир зумда ҳаммаёққа ёйилади. Буни қарангки, айни шу орада бу жиноятни кимлар содир этгани ҳам фош бўлади. Аниқроғи, маҳалла масжиди имом-хатиби бир ҳафтача илгари Шуҳратжонни А. Абдухалилов билан бирга юрганига кўзи тушганини И. Аминовга айтади. Шундан сўнг қонун ҳимоячилари А. Абдухалиловни чақириб, сўроқ қилишади. Шунда қотил А. Абдухалилов жиноий қилмишини бўйнига олишга мажбур бўлади. Яъни жиноий шериги билан бирга Ш. Аминовнинг умрига зомин бўлганини тан олади. Шунинг учун ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Аммо…

Гап шундаки, жиноий шериклардан бири Б. Дархонов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларидан яшириниб, аввал Тошкент, сўнгра Жиззах вилоятидаги танишлариникига қочиб кетади. Орадан йигирма кунча ўтгач, у қўшни республикага қочиб ўтади. Шунинг учун 2002 йил 30 апрел куни унга нисбатан сиртдан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинади. Жиноят ишининг А. Абдухалиловга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2002 йил 14 июндаги ҳукми билан унга нисбатан қонуний жазо тайинланади.

Б. Дархонов қарийб 20 йил мобайнида хорижда терговдан яшириниб юрди. Аммо барибир унинг қилмиши жазосиз қолмади, 2022 йилнинг декабрь ойида у ушланиб, юртимизга олиб келинди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Нафс қутқуси туфайли бегуноҳ боланинг умрига зомин бўлган кимса шу тариқа қонуний жазодан қочиб қутулолмади. Бу ўз навбатида, жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини яна бир марта тасдиқлайди.

Машрабжон УЛУҒБЕКОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: