СУД ТИЗИМИ МУСТАҚИЛЛИГИ — ҚОНУНИЙЛИК ГАРОВИ
Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни албатта, давом эттирамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 31 август куни «Янги Ўзбекистон» боғида бўлиб ўтган Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ана шу фикрларни таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам, демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришда суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, суд тизимини босқичма-босқич демократлаштиришда, шубҳасиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилган ҳолда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёсдир.
Агар бундан ўн йил олдинги аҳволга назар солсак, оддий фуқаро ҳоким, вазир ва бошқа турли органлар раҳбарлари тугул, бирон-бир суд идораси ё судьянинг олдига ҳам яқинлаша олмас эди. Судга мурожаат қилган фуқарога «низо пайдо бўлишига унинг ўзи айбдор» деган мазмунда қараларди.
Ҳозир юртдошларимиз нафақат суд ходимлари, ҳатто суд ҳокимиятининг энг юқори идораси ҳисобланувчи Олий суд судьялари билан ҳам бемалол кўришадиган ва дардини айтса, судьялар эшитадиган давр келди. Бу мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг натижасидир.
Бундан ташқари судьялар ўзларининг иш юритувида бўлган ишлар юзасидан белгиланган суд процессларининг камида ўттиз фоизини маҳалла, корхона ва ташкилотлар биносида кенг жамоатчилик, халқ вакилларини жалб этган ҳолда сайёр суд мажлисларида кўриб чиқмоқда.
Масалан, 2021 йилда судларда кўрилган бир миллиондан зиёд ишдан 300 мингдан ортиғи сайёр мажлисларда халқ орасида муҳокама этилган.
Мазкур суд мажлисларининг ҳар бирида камида эллик нафар атрофида фуқаро иштирок этган. Шунинг ўзи ҳам мамлакатимизда суд ҳокимияти халққа қанчалик яқинлашаётганини кўрсатиб турибди.
Айтиш керакки, мамлакатимизда суд тизими фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг «ҳамма учун қонун олдида тенглик ва ижтимоий адолатни сўзсиз таъминлаш керак» деган талаби биринчи галда 1 минг 400 нафар судья зиммасига улкан масъулият юклайди.
Бу масъулиятли вазифаларнинг бажарилишида судья ва суд ходимлари судга мурожаат қилган ёки бирон-бир ҳуқуқбузарлик оқибатида суд залига келтирилган тарафнинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини Конституция ва қонунларимизда белгиланган нормаларга қатьий риоя қилган ҳолда ҳимоя қилиши тақозо этилади.
Шунингдек, судьялар мунтазам равишда касбий билим ва амалий кўникмаларни ошириб бориши, қонун тўғри қўлланишининг асосий таъминловчиси бўлиши лозим. Суд хулосага келишда фақат асосли ва қонуний исботлаш воситаларидан фойдаланиши шарт.
Президентимиз мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача мўлжалланган Тараққиёт стратегияси доирасида кейинги ишларимизни 5 та асосий вазифа асосида белгилаб берар экан, мазкур вазифаларнинг иккинчи муҳим йўналиши сифатида суд тизимининг мустақилигига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Зеро, суд тизими мустақил бўлмаса, жамият ривожланиши ҳақида гапириш ортиқча.
Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши зарур. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши, судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши ва уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилишини амалда таъминлаш даркор.
Албатта, суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллиги бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шундай бўлса-да, суд ва судья мустақиллигини таъминлаш ўртасида маълум бир тушунчаларнинг фарқланишини ҳам қайд этиш ўринлидир.
Конституциямизнинг 11-моддасида мамлакатимизда давлат ҳокимияти тизими қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асослангани, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳокимиятлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгиланган.
Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Бошқача айтганда, суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органларидан мустақиллиги унинг моддий-техник ва ижтимоий таъминланганида кўринади. Бу ўринда суд бинолари мавжудлиги, улар замон талабига жавоб берадиган мажлис заллари, моддий-техник жиҳозлар, суд мажлисларини ташкил этиш учун техникалар, алоқа воситалари билан таъминлангани ҳамда ходимларнинг ишлаши учун зарур шароитлар яратилгани ҳақида сўз бормоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, бундан 10 йил аввал судга келган фуқарога ўзи билан қоғоз олиб келиш, фуқаролик ишини тикиш учун папка сотиб олиш сўралган. Суд бинолари қўриқланмагани сабабли хоҳлаган одам судьянинг хонасигача бемалол кириб келаверишини катта ёшдаги суд ходимлари ҳали ҳам эслашади.
2017 йил 23 августдаги «Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, судлар учун қурилиш ва таъмирлаш ишлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бўлди.
Натижада судья ва суд ходимларининг самарали ишлаши, судларга ташриф буюрадиган фуқароларга қулай шароит яратиш мақсадида замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган бинолар қурилди.
Эндиликда судларнинг янги биноларида:
қўриқлаш ва назоратдан ўтказиш пости ва турникет;
судга ташриф буюрган фуқароларни қабул қилиш хонаси ва кутиш заллари;
видеоконференцалоқа тизими орқали суд процессларини «онлайн» тарзда кўриш хонаси;
адвокат ва прокурор хоналари;
суд раиси хонаси ва қабулхона;
судья ва суд ходимларига алоҳида хоналар;
архивариус ва архив хоналари;
маҳбусларни вақтинчалик сақлаш ва конвой ходимлари учун махсус хоналар;
суд заллари ва мажлислар зали;
судьянинг маслаҳат хонаси;
ашёвий далилларни сақлаш хонаси;
видеокузатув, қўриқлаш ва ёнғинга қарши курашиш хавфсизлик тизимлари;
ички алоқа тармоғи ва сервер хонаси;
замонавий иситиш ва совутиш тизимлари;
ҳудудда конвой ва хизмат автотранспортлари учун махсус тўхташ жойлари мавжуд.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурига мувофиқ, йиллар кесимида янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган суд бинолари жадвали ҳамда уларни молиялаштириш тартиби тасдиқланди.
Албатта, яратилган бундай мақбул шароитлар биринчи галда суднинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Айтиш керакки, Конституциямизда судьянинг мустақиллиги ҳам белгиланган. Унга мувофиқ судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундай аралашиш қонунга асосан жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.
Санаб ўтилган ҳуқуқий асослар ва яратилган шароитлар келгусида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш, одил судлов сифатини ошириш ҳамда суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Маъруфжон Тожибоев,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Фикр қолдириш