ФИРИБГАРЛИК ЗАНЖИРИ ҚАЧОН УЗИЛАДИ?

Мамлакатимизда жамиятни емирувчи хавфли иллат бўлган коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бироқ ҳаётда айрим одамлар ўз муаммосини ноқонуний йўллар орқали ҳал этишга уринада. Бу эса, фирибгарларга қўл келади. Буни қуйидаги мисол ҳам яққол тасдиқлайди.

Учкўприк туманида яшовчи Жавоҳир Топволдиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам уч маротаба судланган. Аммо у бундан тегишли хулоса чиқариш ўр­нига яна жиноят содир этди.

Ўтган йилнинг охирида у Чўлпон қишлоғида яшовчи Санжар Сиддиқовнинг ҳарбий қисмга ишга кирмоқчи бўлиб юрганидан хабар топади. Санжар билан учрашганда таниш-билишлари кўплиги, агар «харажати»дан қочмаса, бажонидил ёрдам беришини айтади. Орадан бир неча кун ўтгач, у С. Сиддиқовни Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда ишловчи танишининг олдига олиб боради. Мезбон инсонийлик мезонларига амал қилган ҳолда меҳмонларга илиқ муносабатда бўлади. Бу фирибгар учун айни муддао эди.

— Бу ердагилар қадрдонларим. Илтимос қилсам, ишингизни тезда ҳал қи­либ беришади. Фақат «харажати»дан қочмасангиз бўлди, — дейди Жавоҳир баландпарвоз оҳангда.

Шундан сўнг С. Сиддиқов Жавоҳирнинг гапига тўлиқ ишонч ҳосил қилади ва минг АҚШ долларилик «харажат»ни тўлашга ро­зи бў­лади. Аммо орадан вақт ўтса-да, иш масаласи ҳал бўлмайди. Чунки аслида фирибгар пулни аллақачон ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган эди. Шундай бўл­са-да, Жавоҳир турли важ-карсонларни рў­кач қилиб, Санжарга қуруқ ваъдани бериб, вақтни чў­заверади. Охир-оқибат Санжар ҳарбий қисмга бориб, Жавоҳир таништирган одамга рўй берган воқеа тафсилотларини маълум қилади. Ўз навбатида, у бу ишга умуман алоқаси йўқлигини билдириб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар беришни маслаҳат беради.

Шундан сўнг мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади. Тергов пайтида Жавоҳир айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, Санжарга етказилган зарарни қоплаганини маълум қилади. Яқинда жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилиб, Ж. Топволдиевга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Шу ўрнида таъкидлаш жоизки, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқу­қий маданият юксалмаса, коррупция ва фирибгарлик жиноятлари сони камаймайди.

Қолаверса, ортиқча ишонувчанлик ва кўзлаган мақсадга ноқонуний йўл орқали тезроқ эришиш истаги ҳам фирибгарлик тегирмонига сув қуйиши турган гап. Шу боис қонунларни яхши билиш ва уларга қатъий риоя этиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга жамоатчиликнинг муросасиз муносабатини шакллантиришга доимий эътибор қаратиш зарур. Ана шундагина ҳар қандай жиноят, хусусан, фирибгарликнинг олдини олиш мумкин.

Фурқатжон СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Бешариқ тумани

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: